
Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг очиқ маълумотларига кўра, дунё миқёсида тахминан 750 миллион аёл ва қиз 18 ёшга тўлмасдан турмушга чиққан. 18 та давлатда эр ўз хотинига ишлашни расман тақиқлаши мумкин, 39 давлатда ўғил ва қизлар мерос бўйича турли ҳуқуқларга эга,
49 давлатда эса оиладаги зўравонликни тақиқловчи қонунлар мавжуд эмас. Ҳар бешинчи аёл, шу жумладан 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган аёлларнинг 19 фоизи 12 ойлик муддат ичида яқин шериклари томонидан жисмоний ёки жинсий зўравонликка дучор бўлганини айтган. Аёлларнинг мамлакатлар сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишига қарамасдан, бугунги кунда аёллар штат парламентларидаги ўринларнинг 23,7 фоизини ташкил этади, бу ҳали гендер паритети тамойилига жавоб бермайди. 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган аёлларнинг ярмидан кўпи (52 фоиз) никоҳда бўлган ёки никоҳдан ташқари никоҳда бўлган аёлларнинг розилиги билан жинсий алоқада бўлиш, контрацептив воситалардан фойдаланиш ва тиббий хизматлардан фойдаланиш тўғрисида ўзлари қарор қабул қилишади. Ер ҳуқуқига эга аёлларнинг улуши жаҳон миқёсида атиги 13 фоизни ташкил этади. Дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатлари гендер тенглигини таъминлаш учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобини юритади. 46 мамлакатда парламентнинг камида битта палатасида аёллар улуши 30 фоизни ташкил қилади. Ривожланаётган ҳудудлардаги мамлакатларнинг деярли учдан икки қисми бошланғич таълимда гендер мувозанатига эришган.
Хўш, Ўзбекистонда зўравонликка қарши курашиш борасида нима ишлар амалга оширилмоқда?
Бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли «Инсон қадри учун» тамойили асосида зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши тизимли ишлар амалга оширилмоқда.бу борада қонунларимиз такомиллаштирилди, жазо чоралари қатъийлаштирилди.
Сенат раисимиз Танзила Норбоеванинг сўзларига кўра: “Бутун жамиятимиз зўравонликка қарши курашиш учун ягона кучга айланиши керак. Бефарқ бўлмаслик, зўравонлик аниқланиши ва тўхтатилиши учун барча имкониятларни ишга солиш орқали барбод бўлган тақдирлар, йўқолган умидларга нажот беришимиз мумкин”.
2023 йил апрелда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қонунни имзолаган эди.
Қонунга мувофиқ, эндиликда хотинини сўккан, таҳқирлаган, қўрқитган эркаклар бунинг учун жавобгарликка тортилади. Ўз турмуш ўртоғига оғир жароҳат етказиш эса 12 йилгача қамоқ жазосига сабаб бўлади. Бировга шилқимлик қилиш, ортидан эргашиб таъқиб қилиш, тинмай телефон қилиш ва шаҳвоний майлни кўрсатувчи ҳаракатлар учун ҳам жавобгарлик киритилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида инсон ва унинг манфаатлари устувор ҳисобланади, кўзланган мақсадга эришишда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган оиланинг ўрни эса беқиёсдир.
Жамиятдаги ҳар қандай иллатга қарши курашни оиладан бошласаккина уни илдизи билан қуритиш мумкин. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида мувофиқ, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.
Конституциянинг 26-моддасида эса, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.
Шунингдек, оилавий зўравонликка қарши кураш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2019 йил 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонуни қабул қилинди.
Оиладаги зўравонликнинг асосий қурбонлари бўлган аёллар ва болаларга нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик нималарда намоён бўлади? Кўпчилик зўравонлар оиладаги ҳукмронликларини кучайтириш мақсадида қандай усуллардан фойдаланади? Бу асосан таҳдид кўринишида намоён бўлади. Таҳдидлар эса қуйидагича бўлиши мумкин: моддий таъминламаслик, яъни пул бермаслик (моддий таъминламаслик), уйдан ҳайдаш, болаларини олиб қўйиш ёки уларни кўриш имкониятидан маҳрум қилиш билан қўрқитиш, баданига шикаст етказиш ёки ўлдириш билан қўрқитиш ва ҳоказо. Зўравонлар таҳдидлар билан бир қаторда қуйидаги ҳаракатлар орқали ҳам ўзларининг ҳукмронлигини намойиш қилишга уринишлари мумкин: телефонини олиб қўйиш, кийимларини йиртиш ёки шахсий буюмларини синдириш, уйга қамаб қўйиш, муштини кўрсатиш орқали қўрқитиш ва ҳоказо.
Аммо зўравонлик билан бир қаторда тазйиққа учраётган хотин- қизлар ҳам йўқ эмас.
Бунинг учун тазйиқ нима эканлигини тушунишимиз керак.
Тазйиқ — содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик), шилқимлик.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрдаги Қонунида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳуқуқлари белгиланган.
Қонунга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;
- махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;
- ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш;
- содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш.
- Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Шу сабабли барчамиз тазйиқ ва зўравонликка курашиш борасида бефарқ бўлмаслигимиз ва тоқатсиз бўлишимиз лозим.
Жиззах вилоят судининг
фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Луиза Халитова

Коррупцияга қарши биргаликда курашамиз
Коррупция дунё миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган глобал муаммолардан биридир. Ушбу иллат ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади. Шу боис унга қарши кураш халқаро аҳамият касб этиб, жаҳон сиёсатининг муҳим масалалари қаторидан жой олган.
Ҳозирда, коррупцияга қарши кураш халқаро миқёсдаги каби республикамизда ҳам долзарб муаммолардан бири ҳисобланади.
Коррупцияга қарши муваффақиятли кураш тизимини барпо этишда кенг кўламли халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш, унга танқидий ёндошган ҳолда миллий қонунчилик ва амалиётга татбиқ этиш лозим бўлади.
Маълумки, коррупция ўзига тамагирликни қамраб олган ҳолда жамиятнинг маънавий устунлари ҳамда демократияни емириб, мамлакатнинг иқтисодий-ижтимоий ва сиёсий тараққий этиши учун улкан хавф туғдиради.
Этимологик жиҳатдан “коррупция” – лотинча “corruptio”, яъни “бузиш, сотиб олиш, пора эвазига оғдириш” деган маъноларни англатади. Коррупция шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш демакдир.
Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия масалалари Қонуннинг бир нечта моддаларида ўз ифодасини топган. Чунки ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти юксак бўлган ва ҳуқуқий таълим ва тарбия жиҳатдан етук бўлган инсонлар салбий иллат бўлмиш коррупцияга йўл қўймайдилар.
Намозбой Мухтаров
Жиззах вилоят судининг бош консультанти

Ўғрилик жинояти: ҳуқуқий тавсифи, салбий оқибатлари ва жавобгарлик чоралари
Ўғрилик — бу фақат мол-мулкни олиш эмас, балки инсоннинг меҳнатига, унинг ҳалолликка бўлган ҳурматига бўлган хиёнатдир. Ушбу жиноят инсон ҳуқуқларига, жамиятнинг барқарорлигига ва одамлар ўртасидаги ишончга путур етказади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддасида ўғрилик жинояти аниқ белгиланган ва унга нисбатан аниқ жазо чоралари белгиланган.
Жиноят кодексининг 169-моддасига кўра, жиноий жавобгарлик:
- Модданинг 1-қисми: Ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш, жавобгарликка сабаб бўлади ва қуйидаги жазоларни олишга олиб келиши мумкин:
Жарима — энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваригача;
Мажбурий жамоат ишлари — 360 соатгача;
Ахлоқ тузатиш ишлари — 2 йилгача;
Озодликдан маҳрум қилиш — 1 йилдан 3 йилгача.
- Модданинг 2-қисми: Агар ўғрилик киссавурлик шаклида содир этилган бўлса, яъни жабрланувчининг ўз гардероби ёки ёки қўлидаги сумкасидан ашё ўғирланган бўлса, жавобгарлик оғирлашади. Бундай ҳолда:
Жарима ёки мажбурий жамоат ишлари ва ахлоқ тузатишнинг ёрдамида жазолаш;
Қатъий жазо чоралари ишлатилиши мумкин.
- Модданинг 3-қисми: Агар ўғрилик уй-жойга кириб, хусусий мулкка суиқасд қилган ҳолда содир этилган бўлса, бу ҳолда жиноят жуда оғир бўлади ва қуйидаги жазо чоралари белгиланади:
Жарима;
Мажбурий жамоат ишлари;
3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
- Модданинг 4-қисми: Агар ўғрилик жинояти ҳар қандай ташкилот ёки муассасада ўзлаштириш ёки растрата йўли билан амалга оширилган бўлса, бу ҳолат қўшимча санкцияларга олиб келади.
Ўғрилик жинояти нафақат мол-мулкка зарар етказади, балки жамиятдаги тинчлик ва ишончни ҳам бузади. Бу жиноят содир этилган шахснинг шахсий ҳаётига ёрдам бермасдан, унинг ижтимоий мавқеига ҳам кескин таъсир қилади.
Ҳар бир инсон, агар у ўз шахсий мулкини, оилавий моҳиятни ва инсон шахсини ҳурмат қиладиган бўлса, шундай тажовузларга йўл қўймаслиги керак. Ўғрилик жинояти, жамиятни ёмон иш ва қонун бузишга ташвиқ этиш орқали ижтимоий тартибни заифлаштиради.
Киссавурлик жинояти алоҳида эътиборга молик. Унда жабрланувчининг ўзга мулкини ўғирлаш билан бирга, кучли ёки жисмоний тажовузга олиб келиши мумкин. Киссавурлик шундай шаддодлигини кўрсатадики, бу ҳолат жиноятчига ва жабрланувчига бир хил даражада жиддий таъсир кўрсатади. Маъқул ва ёмон ёндашувлар ва чегаралар, ижтимоий хавфсизликнинг асосий заминини сақлашда муҳим ўрин тутади.
Маънавий қийматларни қайта тиклаш, ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш ва жамиятдаги адолатни таъминлаш учун, ҳар бир фуқаро ўз масъулиятини англаб, ушбу жиноятга қарши курашишда, кенг жамоатчилик, давлат органлари ва таълим муассасалари биргаликда иш олиб боришлари, хавф-хатарларнинг олдини олиш учун масъулиятни ҳис қилишлари керак.
Ўғрилик — бу жиноятнинг нафақат қонунга хилофлиги, балки одамнинг маънавий нуқтаи назаридан ҳам каби жиддий хиёнат ҳисобланади. Жамиятда тинчлик ва ўзаро ишончни тиклаш учун ҳар биримиз қонунга эҳтиром ва манфий жиноятларга қарши фаол туришимиз лозим.
Жиноят ишлари бўйича
Жиззах шаҳар суди раиси
Санжарбек Расулов

Оилавий зўравонлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Оила жамиятнинг бўғини ҳисобланади. Бироқ, оилада айрим ҳолларда аёл-қизларни тазйиқ ва зўравонликка учраш ҳолатлари кузатилмоқда. Аёлларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш, уларни тўлақонли равишда ҳар бир жабҳада фаол бўлишларини таъминлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрдаги 561-сонли қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун билан хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги гендер сиёсатини, давлат дастурларини ҳамда стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;
жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш;
хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилинишини таъминлаш;
жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш;
хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш;
хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилишига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш;
тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамкорлигини таъминлаш кўрсатиб ўтилган.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга кўра:
Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш, соғлиқни сақлаш ва (ёки) меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкига ва шахсий ашёларига қасддан шикаст етказиш, худди шунингдек ушбу шахслар соғлиғининг ёмонлашувига олиб келган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган учун жавобгарлик белгиланди.
Мазкур жиноят базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача миқдорда жарима ёки бир юз олтмиш соатдан уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.
Хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга содир этилаётган пайтда ҳаёт учун хавфли бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш натижасида кўриш, сўзлаш, эшитиш қобилиятини йўқотишга ёхуд бирон аъзонинг ишдан чиқишига ёки унинг функциялари тамоман йўқолишига, руҳий ҳолатнинг бузилишига ёки соғлиқнинг бошқача тарзда ёмонлашувига, умумий меҳнат қобилиятининг ўттиз уч фоизидан кам бўлмаган қисмининг йўқолишига ёки ҳомиланинг тушишига ёхуд баданнинг тузалмайдиган даражада хунуклашишига сабаб бўлса,
беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Шунингдек, юқоридаги ҳаракатлар икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан, такроран, хавфли рецидивист томонидан ёки илгари ушбу Кодекснинг 97 ва (ёки) 104-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан, ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлса — ўн йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Намозбой Мухтаров
Жиззах вилоят судининг
бош консультанти

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари Олимжон Исмоилов Жиззах вилоятида бўлиб, жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судлар фаолияти билан яқиндан танишди



Олий суд раиси ўринбосари Жиззах вилоятидаги ўрганиш жараёнида Ғаллаорол, Зомин туман судлари ҳамда Жиззах шаҳридаги судлар фаолиятини ташкил этилганлиги даражаси, судьялар, ходимлар ва фуқаролар учун яратилган қулайликлар ва шарт-шароитлар билан танишди.
Судлардаги девонхона ва архивда иш юритиш жараёни қандай йўлга қўйилганига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Судларда судья ва ходимлар билан мулоқотлар ўтказилди.
Мулоқотларда ҳар бир судья ва суд ходими ўз ишига масъулият билан ёндашиши кераклиги, коррупция, тамагирлик каби иллатларга қўл урмаслик лозимлиги таъкидланди.


Шунингдек, ташриф мобайнида Жиззах шаҳрида вилоят суди учун барпо этилаётган янги бино қурилиши билан танишилди.
Жиззах вилояти судида бўлиб ўтган ўрганишлар якунига бағишланган йиғилишда вилоят судлари раислари, ўринбосарлар ва судьялар иштирок этдилар.
Йиғилишда суд тизимидаги ислоҳотларга тўхталиб, одил судловни амалга оширишда адолат ва қонунийликни таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини, судларда ишчанлик муҳитини янада ошириш лозимлиги, судья ва суд ходимлари ўзларининг муомала маданияти билан бошқалардан ажралиб туриши, коррупциявий ҳолатларга йўл қўймаслиги таъкидланди.

Гиёҳвандлик жинояти: жамият ва инсон келажагига таҳдид
Бугунги кунда глобал миқёсда инсоният олдида турган энг хавфли ва долзарб муаммолардан бири — бу гиёҳвандлик балосидир. У нафақат шахсий саломатликни, балки жамиятнинг маънавий ва ахлоқий асосларини издан чиқарувчи иллатдир. Ушбу хавфли жараёнга қарши бутун дунё бўйлаб кескин кураш олиб борилаётганига қарамасдан, дунёда 90 миллион нафардан зиёд инсон ушбу разил одатга мубтало бўлгани қайд этилмоқда.
Гиёҳвандлик — инсон ҳаётига сукунат билан етадиган, лекин оқибати ҳалокатга олиб борадиган оғир жиноятдир. Унинг таъсири остида нафақат инсоннинг руҳий ва жисмоний соғлиги, балки унинг оиласи, атрофи, муҳити ҳам инқирозга юз тутади. Айниқса, сурункали гиёҳвандликка дучор бўлган шахсларнинг кўпчилиги 30 ёшга етмасдан ҳаётдан кўз юмиши бу иллатнинг нақадар даҳшатли эканини яққол намоён этади.
Гиёҳвандлик оқибатлари:
- Эрта ва оғриқли ўлим;
- Турли оғир жиноятларни содир этиш: қотиллик, босқинчилик, талончилик, ўғрилик, фирибгарлик ва бошқалар;
- Қонунга зид равишда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар муомаласини амалга оширганлик учун жиноий жавобгарлик;
- Оилавий таназзул ва жамиятдан узилиш;
- Фарзандларнинг ногирон туғилиши ва саломатликдаги оғир нуқсонлар;
- Ижтимоий фаолликнинг пасайиши, руҳий тушкунлик ва маънавий инқироз;
- Миллий ва умуминсоний қадриятлардан узоқлашиш.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида (270–276-моддалар) гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш ҳолатлари учун аниқ ва қатъий жазо чоралари белгиланган. Бироқ жазо — фақатгина оқибат. Иллатнинг олдини олиш, унга қарши самарали профилактика ишларини ташкил этиш — бугунги куннинг энг устувор вазифаларидан биридир.
Бугунги кунда ушбу иллатга қарши курашишда давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари, маҳалла фаоллари, ота-оналар ва кенг жамоатчиликнинг ҳамкорлигида тарғибот ва тушунтириш ишлари кенг миқёсда йўлга қўйилмоқда. Бу — халқимиз салоҳиятини, келажак авлодни турли таҳдидлардан ҳимоя қилишга қаратилган эзгу саъй-ҳаракатлардир.
Гиёҳвандликка қарши курашда тарбия муҳим ўрин тутади. Айниқса, ёшлар қалбида инсонпарварлик, ватанпарварлик, меҳр-муҳаббат, эътиқод, садоқат ва миллий қадриятларга ҳурмат туйғуларини шакллантириш орқали уларни бундай иллатдан узоқлаштириш мумкин. Соғлом ҳаёт тарзи, маънавий етуклик ва ҳуқуқий онгнинг шаклланиши — бу каби муаммоларга қарши энг самарали қалқондир.
Гиёҳвандлик жинояти бутун инсоният учун хавф солаётган бир пайтда, ҳар бир юртдошимиз ушбу муаммонинг асл оқибатлари ҳақида жиддий хулоса чиқариши, шахсий ва жамоавий масъулиятини англаши лозим. Бу курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, тиббиёт муассасалари, таълим ва тарбия муассасалари билан бир қаторда, ҳар бир фуқаро, ҳар бир оила ўз ҳиссасини қўшиши шарт.
Соғлом ва баркамол авлод — юртимиз келажагининг кафолати. Демак, барчамиз бу мақсад йўлида ҳамжиҳатликда ҳаракат қилиб, келажакни асраш йўлида қатъий ва сидқидилдан қадам ташлашимиз зарур.
Жиноят ишлари бўйича
Жиззах шаҳар суди судьяси
Жонибек Тангматов

Коррупция жинояти ва жазо чоралари: квалификация қилишнинг ўзига хос хусусиятлари
Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва демократик тамойилларга таянган барқарор фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган. Давлатимиз томонидан қабул қилинган ҳуқуқий-ташкилий чора-тадбирлар, сиёсий ислоҳотлар ва иқтисодий модернизация жараёнлари фуқаролар фаровонлигига хизмат қилиши лозим.
Шу билан бирга, айрим виждонсиз шахслар томонидан шахсий манфаатни умумий манфаатдан устун қўйиш, давлат ва жамият манфаатларини поймол этиш ҳолатлари – яъни коррупциявий ҳаракатлар кузатилмоқда. Бу эса инсон ҳуқуқларининг бузилишига, қонун устуворлигига путур етказилишига, иқтисодий барқарорликнинг издан чиқишига ва жиноятчиликнинг ўсишига замин яратмоқда.
Коррупцияга қарши самарали курашиш — унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, ушбу иллатга йўл очадиган шарт-шароит ва омилларни бартараф этиш орқали амалга оширилиши зарур. Бугунги кунда коррупцияга сабаб бўлаётган асосий омиллар қаторига:
- давлат бошқаруви тизимининг ортиқча бюрократик тартиб-таомилларга бойлиги;
- рухсат бериш механизмларининг мураккаблиги;
- мансабдор шахслар манфаатларининг етарлича ҳимоя қилинмагани;
- давлат хизматидаги иш ҳақининг рақобатбардош эмаслиги каби муаммолар киради.
Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий база шакллантирилган. Хусусан, 2017 йил 3 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонунга кўра, коррупцияга қарши кураш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган ҳамда жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилган.
Ўзбекистон халқаро майдонда ҳам мазкур соҳадаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Мамлакатимиз 2008 йилда БМТнинг “Коррупцияга қарши конвенция”сига (Нью-Йорк, 2003 йил 31 октябрь), 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган “Истанбул ҳаракатлар режаси”га қўшилди. Шунингдек, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ҳам қабул қилинган.
Коррупцияга қарши курашишда мутасадди давлат органлари – Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолият олиб бормоқда.
Бироқ коррупцияга қарши курашда фақатгина ҳуқуқий чоралар билан чекланиш етарли эмас. Бу йўналишда жамоатчилик назорати, фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштироки ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик томонидан назорат қилишнинг институционал механизмларини жорий этиш коррупциянинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
Шу ўринда, таъкидлаш жоизки, жиноят қонунчилигимизда коррупциявий жиноятлар Жиноят кодексининг бир нечта бобларида тарқоқ ҳолда акс этган. Улар орасида:
- 15-боб (“Бошқарув тартибига қарши жиноятлар”),
- 10-боб (“Ўзгалар мулкини талон-торож қилиш”),
- 17-боб (“Жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар”),
- 24-боб (“Ҳарбий мансабдорлик жиноятлари”) алоҳида аҳамиятга эга.
Коррупциявий жиноятларнинг умумий ижтимоий объекти — давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг самарали фаолияти, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминловчи ижтимоий муносабатлар ҳисобланади. Айниқса, Жиноят кодексининг 205–206, 209–214-моддаларида назарда тутилган жиноятлар тўғридан-тўғри коррупциявий характери билан ажралиб туради.
Мансаб мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда мулкни ўзлаштириш ёки талон-торож қилиш каби жиноятлардаги тўғридан-тўғри объект эса — шахсга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган мулкни муҳофаза қилиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлардир.
Шундай экан, коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жамоатчилик ва фуқароларнинг ҳамжиҳатлиги, ҳуқуқий маданиятнинг юксаклиги ва қонунга итоаткорлик тамойилига содиқлик асосий омил бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолиятини жамоатчилик назоратида эканини англаши коррупциянинг илдизига зарба беришда муҳим аҳамият касб этади.
Жиноят ишлари бўйича
Жиззах шаҳар суди тергов судьяси
Акмал Уринов

Гиёҳвандлик – аср вабоси
Маълумки, ХХ асрнинг охирларига келиб, гиёҳвандлик умумбашарий муаммога айланган, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний савдоси чегара билмас жирканч кучга, инсониятга жуда катта хавф туғдира бошлаган, натижада, унинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида бир қатор халқаро конвенциялар қабул қилинган. Жумладан,
1961, 1971, 1988 йилларда қабул қилинган конвенциялар гиёҳвандликка қарши курашда нафақат халқаро, балки ҳар бир иштирокчи давлатнинг ички тизими яратилиши лозимлигини белгилаб беради, Ўзбекистон Республикаси ҳам гиёҳвандликнинг олдини олиш ва унга қарши кураш борасидаги халқаро конвенцияларнинг тўлақонли иштирокчиси бўлиб, ушбу конвенциялар юзасидан олинган мажбуриятларнинг амалий чора-тадбирларини ишлаб чиқмоқда.
Гиёҳвандликка қарши кураш муаммоси у ёки бу мамлакатнинг ички муаммоси бўлибгина қолмай балки глобал даражадаги аҳамият касб этади. Унга қарши кураш жаҳон ҳамжамиятидан бутун куч ва имкониятларни бирлаштириб ҳамкорликда комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, уларни биргаликда адо этишни тақозо этади.
Қонунда гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб кўп бўлмаган миқдорда қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки жўнатиш, шунингдек уларни кўп бўлмаган миқдорда қонунга хилоф равишда ўтказиш — уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қилмишлар озгинадан кўпроқ миқдорда содир этилган бўлса – беш йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган қилмишлар:
а) илгари гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятни содир этган шахс томонидан;
б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;
в) озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони ўташ жойларида;
г) ўқув юртларида ёки ўқувчилар, талабалар томонидан ўқув, спорт ва жамоат тадбирларини ўтказиш учун фойдаланиладиган бошқа жойларда;
д) телекоммуникация тармоқларидан, шунингдек Интернет жаҳон ахборот тармоғидан фойдаланиб содир этилган бўлса, —
етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни лабораторияларда ёхуд ўзганинг мулки ҳисобланган воситалар ва асбоб-ускуналардан ёки прекурсорлардан фойдаланган ҳолда қонунга хилоф равишда тайёрлаш ёки қайта ишлаш, шунингдек бундай воситаларни истеъмол қилиш ёки тарқатиш учун бангихоналар ташкил қилиш ёки сақлаш, шунингдек ушбу модданинг иккинчи ёки учинчи қисмида назарда тутилган қилмишлар:
а) ўта хавфли рецидивист томонидан;
б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —
ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни кўп миқдорда қонунга хилоф равишда сотиш —
ўн йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган қилмишларни содир этган шахс ўз ихтиёри билан айбини бўйнига олиш тўғрисида ҳокимият органларига арз қилса ва гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни топширса, жазодан озод қилинади.
Гиёҳвандликка мубтало бўлганларда хасталик борган сари кучая бориб одатда кутилмаган ёмон оқибатларга олиб келишини, гиёҳвандликнинг алоҳида ижтимоий йўналишларга эга эканлиги, яъни, ёшлар ва хусусан вояга етмаганлар, шунингдек аёллар орасида кенг тарқалиб бораётганлиги унинг хавфлилигини янада ошиб бораётганлигидан далолат беради. Шундай экан гиёҳвандликка қарши кураш давлат ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вазифаси бўлмасдан, балки унга барчамиз бирдай масъул бўлмоғимиз лозим.
Намозбой Мухтаров
Жиззах вилоят судининг
бош консультанти

Зомин туманлараро иқтисодий суди томонидан Зарбдор туманидаги касб-ҳунар мактаби биносида давра суҳбати ташкил этилди

Ўтказилган тадбирда судья томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг янги таҳрирда қабул қилиниши мамлакатимиз тараққиёти, жамиятимизнинг ривожи ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги аҳамияти муҳим эканлиги таъкидланди.
Шунингдек, ўтказилган давра суҳбатида сўнгги йилларда ижтимоий-иқтисодий, суд-ҳуқуқ йўналишида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, бунда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишда Конституциянинг ўрни ва аҳамияти, суд ҳокимиятининг роли ҳамда давлат ҳокимияти тизимида парламент ва суд ҳокимиятининг ўзаро муносабатлари ҳақида сўз юритилди.
Савол-жавобларга бой кўтаринки рухда ўтган давра суҳбатида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга судьялардан атрофлича жавоб олишди

Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Жиззах вилоят суди