Чақалоқ савдоси “одам савдоси” жиноятининг хавфли кўринишидир
2020 йилга келиб одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони 6 баробарга камайган. Масалан, 2012 йилда 574 та одам савдоси билан боғлиқ жиноят қайд этилган бўлса, 2019 йилга келиб бу кўрсаткич 94 та, 2020 йилда эса 74 тагача камайган. Бироқ таҳлиллар ушбу даврда чақалоқлар ва болалар савдоси улуши сурункали равишда ортиб бораётганини кўрсатмоқда.
2017–2020 йиллар ўтказилган тезкор тадбирлар давомида чақалоқ савдоси билан боғлиқ 185та жиноят аниқланган. Жумладан, 2017 йилда 69 та, 2018 йилда 46 та, 2019 йил 41 та, 2020 йилнинг 11 ойида 34 та ана шундай жиноятлар аниқланган. Мазкур ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, айблов хулосаси билан тегишли тартибда судга оширилган. Бу жараёнда чақалоқни сотганларга ҳам, уларни сотиб олганларга ҳам, шунингдек, ўртада воситачилик қилганларга ҳам қонуний чоралар кўрилган. Ачинарлиси воситачиларнинг 32 фоизи тиббиёт вакилларини ташкил қилган.
Ҳозирги жиноятлар таҳлилидан айтиб ўтсак, расмий никоҳ орқали оила қурганлар эмас, кўпинча, никоҳсиз туғиб қўйган қизлар фарзандларини сотиши ҳолатлари аниқланган. Ҳомиладор бўлиб қолгалигини ота-онасидан яширади, маҳалла-кўйдан яширади. Бошқа вилоят ёки шаҳарга бориб болани туққач, туғдиришга ёрдам берган воситачилар орқали болани сотиш ҳолатлари кўп.
Чақалоқ савдосининг кўпайиб бораётганига боланинг онаси ижтимоий ҳимояланмагани, моддий кўмакка муҳтожлиги ёки турмуш қурмаган қизларнинг ҳомиладорлигини оиласидан яширишга уриниши сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари, у фарзанд кўрмаган оилаларда чақалоқларни сотиб олишга эҳтиёж катталиги, болани сотишдан юқори моддий манфаат топиш имкони мавжудлиги, она ҳомиладор бўлган вақтдан бошлаб бола туғилгунга қадар вақт орасида чақалоқ савдосига йўл қўймаслик бўйича самарали механизм ва қонунчилик базасининг йўқлиги ҳам ушбу муаммонинг илдиз отишига замин яратмоқда.
Ушбу тоифадаги жиноят Бахмал туманида ҳам содир этилган.
Хусусан: жиноят ишлари бўйича Жиззах вилоят судининг 2019-йил 29 март кунги хукмига кўра, Бахмал ТТБ (исм, фамилия ва бошқа номлар ўзгартирилган) туғруқ бўлимининг мудири вазифасида ишлаб келган Б.У. 22.06.1988 йилда Бахмал туманида туғилган, Бахмал тумани, Тонготар ҚФЙ, Қўштепа қишлоғида яшаган, ҳомиладор бўлиб қолиб, келгусида дунёга келадиган никоҳсиз орттирилган чақалоғидан воз кечиш ниятида бўлган шахснинг чақалоғини К.Н.га бериши учун ундан 3.000.000 сўм пулларни талаб қилиб, иккаласи шу тариқа олдиндан одам боласини олиш-сотиш тўғрисида ўзаро келишиб олишиб 3.000.000 сўмга сотиб юборган. Б.У. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг(ЖК) 135-моддаси 3-қисмининг “а” банди билан айбдор деб топилиб, ЖК нинг 45-моддаси асосида соғлиқни сақлаш тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқларидан 2 йилга маҳрум қилиниб, ЖК нинг 57-моддаси қўлланилган ҳолда 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Бундан ташқари Бахмал туман судининг 2017-йил 7-августдаги ҳукмига кўра Ўзбекистон Республикаси ЖК 116-моддасининг 3-қисми билан ЖК нинг 45,57-моддалари асосида 1 йилга муайян ҳуқуқлардан маҳрум қилиш ва 3 йил аҳлоқ тузатиш ишлари жазоларига судлангани, Ғаллаорол туман судининг 2018-йил 6-сентябрдаги ажрими билан ўталмаган 1 йил 11 ой 26 кун АТИ жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод этилгани, бироқ жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этгани сабабли Ўзбекистон Республикаси ЖК нинг 60,61-моддалари тартибида олдинги ҳукм бўйича тайинланган ва ўталмаган жазодан қисман қўшилган ҳолда Б.У.га қатъий ўташ учун соғлиқни сақлаш тизимида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқларидан 2 йилга маҳрум қилиш ва 5 йил 2 ой озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланган.
Ушбу муаммо умумжаҳон миқёсда эътироф этилиб, кўпгина олимлар ва тадқиқотчилар томонидан чуқур ўрганилаётганлигига қарамасдан, бу борада ҳозирга қадар етарлича умумлашган маълумотлар тақдим этилмаган. 2000 йилдаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «БМТнинг трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясига одам савдоси ва айниқса, аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ва тақиқлаш ҳамда бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан жазо қўллаш тўғрисидаги қўшимча Баённома»да «одамлар савдоси» тушунчаси ўзининг расмий изоҳига эга бўлди.
БМТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда 2,7 миллион киши, жумладан, 600 — 800 минг атрофида аёллар ва болалар одам савдоси қурбонлари бўлмоқда. Ушбу қабиҳ жиноят туфайли дунё бўйича йилига 7 миллиард АҚШ доллари атрофида пул ноқонуний айланади.
Одам савдосига оид ноқонуний ҳаракатларга қарши тадбирлар, давлат ва жамоат органлари томонидан бажариладиган энг муҳим вазифалар белгилаб берилди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори фуқаролармиз ҳаёти ва саломатлиги, шаъни, қадр-қимматини жиноятчиларнинг тажовузларидан ҳимоялаб, инсон ва унинг ҳуқуқлари, манфаатлари энг олий қадрият, деган улуғ ғояни рўёбга чиқаришга қаратилгани билан диққатга сазовордир. Одам савдоси қурбонларига айланган шахсларни ҳуқуқий ҳимоялаш, уларни ижтимоий, иқтисодий ва тиббий-руҳий жиҳатдан реабилитация қилиш давлатимиз ва жамиятимиз олдида турган долзарб вазифалардан ҳисобланади. Ўзбекистон инсонпарвар демократик давлат сифатида умумэътироф этилган халқаро норма ва қоидаларни ўз миллий ҳуқуқ тизимига кенг жорий қилиш йўлини тутмоқда. Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, Чақалоқ савдосини олдини олиш мақсадида меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда профилактика мақсадида йиғилишлар ўтказиш, содир этилган жиноятларнинг сабабларини ва уларнинг оқибатларини фуқароларга етказиб турилишини таъминлаш лозим.
Собир Эргашев,
Жиноят ишлари бўйича Бахмал туман судининг раиси