АҲОЛИ ВА ТАДБИРКОРЛАРГА ҚОНУНЛАРНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ ТАРҒИБ ҚИЛИНДИ
Жиззах вилоят суди раисининг ўринбосари Ж.Қаҳҳоров томонидан Дўстлик туманидаги “Янгиҳаёт”, “Навойи”, “Ғофур Ғулом” МФЙ фаоллари, банк ҳуқуқшунослари, туман молия ва адлия бўлими ходимлариҳамда туманнинг тадбиркорлари билан учрашув ўтказилди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси янги таҳрирда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳияти ҳамда сайлов қонунчилиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг ўзига хос хусусиятлари мавзуларида суҳбатлар ўтказилди.
Учрашув жараёнида маҳалла фаолларига, давлатимизда охирги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, суд органлари тизимидаги улкан ўзгаришлар натижасида янгиланган суд тизими, суд ҳокимиятининг шаффофлиги, суд муҳокамаларининг очиқлиги, судьянинг мустақиллиги ва дахлсизлиги, унинг юқори даражада кафолатланган ижтимоий ҳимояси билан биргаликда, судьянинг одил судловни олиб боришда масъулиятини ошириш билан боғлиқ қоидалар мужассамлашган 101 моддадан иборат бўлган Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни 2021 йилнинг 28 июль кунида қабул қилинганлиги, мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти ва аввалги қонунлардан фарқли жиҳатлари тўғрисида сўз юритилди.
Шунингдек учрашувларда, Ўзбекистон Республикасида сайлов жараёнлари Ўзбекистон Республикаси Сайлов Кодекси нормалари асосида тартибга солиниши, Ўзбекистон Республикасида сайлов умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш орқали ўтказилиши, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қонунчилик палатаси депутатлари ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловлари умумийлиги, яъни сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эга эканлиги, фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгалиги, сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаро бир овозга эга бўлиб, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмаслиги ва суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар шунингдек, оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлиги учун суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайловда иштирок этмаслиги ҳақида тушунтиришлар берилди.
Тадбир қизғин мунозараларга бой бўлди. Тингловчилар ўзларининг қизиқтиртирган саволларига тегишли жавоблар олдилар.
Акбар ТЎЙЧИЕВ,
Дўстлик туманлараро суди раиси