ХОТИРА БОР ЭКАН МИЛЛАТ БАРҲАЁТ

Жиззах вилоят судида уч авлод учрашуви бўлиб ўтди. Учрашувда тизимда самарали меҳнат олиб борган фахрийлар ўзларининг бой тажриба ҳамда кўникмаларини ёш кадрлар билан ўртоқлашишди.
Фахрийларни эъзозлаш, уларнинг маслаҳатларига амал қилиш ҳар бир соҳада ўзининг ижобий натижасини бериши исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир. Вилоят судида соҳа фахрийлари билан тез-тез учрашиб туриш, уларнинг йиллар давомида тўплаган тажрибаларини ўрганиш анъана тусига кирган.
Қонун устуворлигини таъминлаш ва адолатни қарор топтиришда судлар алоҳида аҳамият касб этади. Шу билан бир қаторда қонунларда ёзилмаган, аммо амал қилиши лозим бўлган инсонийлик фазилатларига ҳам қатъий риоя қилиши зарур. Судья қандай масалани ҳал қилишдан қатъи назар ҳалоллик, холислик ва қонун устуворлигини таъминлашда адолатли бўлишни ўзига шиор қилиб олиши зарур. Зеро, давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда “Судьянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат, дилида поклик ҳукмрон бўлиши керак”. Айни шу жиҳатлар Жиззах вилоят судида судьяликка номзодлар, илк бор тайинланган судьялар, фаолият юритаётган малакаси баланд судьялар ва фахрий судьялар иштирокида ташкил этилган учрашувда яна бир бор тилга олинди.
Тадбир сўнггида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 августдаги “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз йиллиги муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ орден ва медаллар билан тақдирланган судья ва суд ходимларига мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.
Шунингдек, бир гуруҳ судья ва суд ходимларига “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони ва вилоят судининг фахрий ёрлиқлари топширилди.



Алишер Пўлатов,
Жиззах вилоят судининг бош консультанти