9-декабрь Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни
Коррупция бир давлат эмас, балки бутун бир минтақа ёки жаҳон тараққиётига таҳдид солувчи иллатдир. Чунки у демократия ва ҳуқуқ устуворлигига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади, иқтисодиётни издан чиқаради, уюшган жиноятчиликнинг кенг ёйилишига шароит яратиб беради.
Коррупция атамасининг этимологияси хусусида турли фикрлар мавжуд. Айрим олимларнинг фикрига кўра у лотинча “cорруптио” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “пора эвазига оғдириш” деган маънони англатади. Бошқа бир қарашга кўра коррупция атамаси лотинча “cоррумпере” сўзидан келиб чиққан бўлиб, “бузилиш, айниш, таназзул” деган маънони билдиради.
Коррупцияга қарши курашиш кўп ҳолда унинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этишдан иборат бўлади.
Коррупцияга йўл очадиган омиллар сирасига ҳокимият органлари тизимининг мураккаблиги, буйруқбозлик таомилларининг кўплигини киритиш мумкин. Тақиқлар, рухсат бериш тартибларининг ҳаддан ташқари кўплиги, давлат хизматчиларининг манфаатлари етарлича ҳимоя қилинмагани ҳам коррупцияга йўл очади.
Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий асос яратилган. Хусусан, 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири эканлиги белгиланган.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олишда давлат органлари билан жамоатчиликнинг мустаҳкам ҳамкорлиги, хусусан, жамоатчилик назорати талаб этилади.
Жамоатчилик назорати давлат органлари фаолиятининг қонунийлигини таъминлаш, давлат органлари ва мансабдорлари инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминловчи қонун ҳужжатларига риоя этмаган ҳолатларни аниқлашга қаратилган, жамоатчилик назорати субъектлари томонидан қонун доирасида олиб бориладиган чора-тадбирлар мажмуидир.
Коррупцияга қарши курашишда фуқаролик институтларига кенг ваколатлар берилган бўлса-да, бу борада ҳали муаммолар кўп. Мисол сифатида фуқаролик жамияти институтлари томонидан давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан назоратнинг ўрнатилмагани, давлат бошқаруви органларида коррупция даражасининг камаймаётгани, коррупцияга қарши курашувчи давлат органлари билан халқаро ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни ташкил этиш борасида муаммоларнинг мавжудлигидир.
Хулоса сифатида айтиш мумкинки, фақатгина коррупция учун жазоларни оғирлаштириш йўли билан бу иллатга қарши курашиб бўлмайди. Фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга бефарқ эмаслиги ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолияти жамоатчилик назоратида эканини чуқур ҳис этиши коррупцияга қарши курашишнинг муҳим шартидир.
Жиноят ишлари бўйича
Зафаробод туман судининг раиси Ж.Салохиддинов






