ТАДБИРКОР ВА ИНВЕСТОРЛАР БИЛАН УЧРАШУВ

Жиззах вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Жиззах вилоятидаги ходимлари ҳамда тадбиркор ва инвесторлар иштирокида суд-ҳуқуқ ва иқтисодий қонунчилик соҳасида бўлаётган ўзгаришлар ва қонунчиликдаги янгиликларнинг мазмун моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш бўйича семинар тадбири бўлди. Бу ҳақда Жиззах вилоят судининг Ахборот хизмати хабар берди.

Дастлаб тадбирда Жиззах вилоят суди раисининг ўринбораси Жамол Қаххоров Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 11 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-744-сонли қонунига киритилган ўзгартишлар ва унинг аҳамияти бўйича атрофлича тушунтириш берди.

Мазкур қонун билан тадбиркорлик субъектларини ҳимоясини таъминлашнинг асослари янада кенгайтирилиб, унга кўра, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 2458-моддасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга ушбу Кодекснинг тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари бузилиши, тегишли моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқли эканлиги, Вакил номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима тарзидаги маъмурий жазоларни қўллашга унинг ўринбосарлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони бош инспекторлари ҳақли эканлиги белгиланганлиги ҳақида эса Жиззах вилоят судининг судьяси Рахматжон Бердияров семинар иштирокчиларига тушунтирилди.

Шунингдек, семинар давомида Жиззах вилоят судининг судьяси Сирожиддин Қувватов Ўзбекистон Республикасининг “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Қонунини қабул қилинганлиги ва унинг аҳамияти, бозор муносабатларининг асосий элементларидан бири ҳисобланган халқаро тижорат арбитражи тижорат ва инвестиция низоларини ҳал этишнинг муқобил, суддан ташқари шакли сифатида аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди. Ушбу қонуннинг заруриятини қуйидагилар билан асослади: биринчидан, янги Ўзбекистон халқаро тижорат арбитражи судларининг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартибини ҳуқуқий тартибга солиш, халқаро арбитраж суди фаолиятининг асосий принципларини белгилаш;

иккинчидан, хорижий инвесторлар, шунингдек миллий компанияларни чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш;

учинчидан, низоларни кўришда миллий компаниялар сарф-харажатларини қисқартириш, арбитраж ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш механизмларини белгилаш ва шу асосда халқаро шартномаларнинг низоли масалаларини ҳал қилишда мамлакатнинг минтақадаги обрўсини ошириш.

Шундан сўнг судьялар томонидан 2022 йил 29 январдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори билан судлар фаолиятида амалга оширилаётган янгиликлар бўйича маълумотлар берилди. Хусусан, ушбу қарор билан давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш мақсадида қуйидаги тартиблар жорий этилади:

  • маъмурий судларга далилларни йиғиш мажбурияти юкланади, ҳуқуқи бузилганларга эса далилларни йиғишда фақат ўз имкониятидан фойдаланиш шароити яратилади;
  • давлат органлари қарорлари натижасида етказилган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқи берилади;
  • маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари давлат органлари томонидан ижро қилинмаганда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималари қўлланади.
  • Эндиликда аризаларни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли рад этиш ёки иш юритишни тугатиш тақиқланади. Аризалар судга тааллуқли бўлмаганда уларни кўриб чиқиш ваколатли судга ўтказилади. Бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик судга тааллуқли бўлганда уларни бирлаштириш тақиқланиши белгиланди.

    Семинар савол-жавобларга бой бўлди, иштирок этаётган фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектларининг барча саволлари бўйича тегишли тушунтиришлар асосида атрофилича жавоблар берилди.