Колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумга нисбатан суд ҳукми ўқилди

О.Самадов (исми шарифи ўзгартирилган) ўзи билан бирга манзил колониясида жазо муддатини ўтаётган маҳкум С.Тоировга суд томонидан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосидан муддатидан аввал озодликка чиқаришини ваъда бериб, уни алдаб, эвазига 3.000 АҚШ доллари беришини талаб қилиб, 2022 йил 8 сентябрь куни колония ҳудудида С.Тоировдан келишилган 3.000 АҚШ доллари миқдоридаги пулдан 300 АҚШ доллари миқдорида пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Суд мажлисида судланувчи О.Самадов айбига қисман иқрорлик билдириб кўрсатма берган бўлсада, унинг айби жабрланувчи С.Тоиров кўрсатуви ҳамда аризаси, тушунтириш хатлари, юзлаштириш баённомаси, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш баённомаси, нарсани кўздан кечириш баённомаси ва далилий ашё деб топиш ҳақидаги қарор, О.Самадов ва С.Тоировлар ўртасида бўлиб ўтган суҳбат стенограммаси, судга оид кимёвий экспертизанинг хулосаси, гувоҳларнинг дастлабки терговда берган ва судда ўқиб эшиттирилган кўрсатмалари ҳамда жиноят ишида мавжуд бўлган ва суд мажлисида Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 95-моддаси тартибида текширилган бошқа объектив далиллар йиғиндиси билан тасдиқланди.

 

Суд томонидан О.Самадов Ўзбекистон Республикаси ЖК 25,168-моддаси 3-қисми “б” банди ва 28,211-моддаси 2-қисми “а” банди билан ЖКнинг 59,60, 61-моддалари тартибида 6 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

 

Мазкур жиноят иши Жиззах вилоят суди апелляция инстанциясида кўрилиб, О.Самадовга нисбатан чиқарилган ҳукм ўзгаришсиз қолдирилди.

Ғиёсиддин Ялгашев,

Жиноят ишлари бўйича

Жиззах шаҳар судининг раиси