Жиззах вилояти судлари томонидан Дўстлик туманида сайёр қабул ўтказилди

Жиззах вилояти суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари томонидан Дўстлик, Мирзачўл ҳамда Арнасой туман ҳудудларида истиқомат қилувчи фуқаролар учун Дўстлик туманидаги Маданият саройи биносида оммавий сайёр қабул ташкил этилди.

Ўтказилган сайёр қабулда вилоят судлари раислари ҳамда ўринбосарлар томонидан жами 11 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди.

Уларнинг 4 нафари фуқаролик, 6 нафари жиноят, 1 нафари маъмурий судларга оид масалалар ташкил қилди. Шу мурожаатларнинг 9 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган бўлса, 1 таси жойида ижобий ҳал этилди ҳамда 1 та ариза ўрганиш учун қабул қилинди.

Бу каби сайёр қабуллар энг аввало инсон манфаатлари учун хизмат қилмоқда. Зеро, халқ билан мулоқот, уларнинг дарду ташвиши билан яшаш энг асосий мақсад бўлиб, унинг рўёби юртимизни янада гуллаб-яшнашига, фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечиришларини таъминлашга хизмат қилиб келмоқда.