СУДЛАРДА АПЕЛЛЯЦИЯ ВА КАССАЦИЯ ТАРТИБИДА ИШ ЮРИТИШ УЧУН МУҲИМ ҲУЖЖАТ
Кейинги йилларда мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган изчил ислоҳотлар натижасида суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганини текширишнинг фуқаролар учун қулай ва соддалаштирилган тартиби яратилди. Вилоят ва унга тенглаштирилган судларда кассация ва тафтиш инстанциялари, Олий судда тафтиш ва Раёсат инстанциялари жорий этилиб, ўрта бўғин судларида иш юритиш тартиби тубдан ўзгарди.
Бу, ўз навбатида, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг амалиётини бир хил ва тўғри йўлга қўйишга қаратилган раҳбарий кўрсатмаларни ишлаб чиқиш, шунингдек, апелляция ва кассация тартибида иш кўришга оид амалдаги Пленум қарорларини процессуал қонунчиликдаги ўзгартиришларга мувофиқлаштириш заруратини келтириб чиқарди.
Шу маънода яқинда бўлиб ўтган Олий суд Пленуми мажлисида “Судлар томонидан маъмурий ишларни апелляция ва кассация тартибида кўришнинг айрим масалалари тўғрисида”ги қарорнинг қабул қилингани муҳим аҳамиятга эга.
Айтиш керакки, Пленум қарорида қонуний кучга кирмаган суд қарорларини шикоят ёки протест асосида апелляция тартибида, қонуний кучга кирган суд қарорларини кассация тартибида қайта кўришнинг асосий жиҳатлари, иш юритишнинг ўзига хос хусусиятлари очиб берилган. Шунингдек, ушбу ҳужжатда судларда ягона амалиётни шакллантиришга оид муҳим тушунтиришлар ҳам ўз ифодасини топган.
Масалан, процессуал қонунчиликда шикоят келтирилиши мумкин бўлган ва шикоят келтирилмайдиган суд ажримлари назарда тутилган бўлиб, айни ҳолат амалиётда нафақат фуқаролар, балки баъзи адвокат ва ҳуқуқшунослар ўртасида ҳам айрим тушунмовчиликларни келтириб чиқараётган эди. Шу сабабли Пленум қарорида устидан шикоят бериш назарда тутилмаган ажримда тегишли кодексда шикоят қилиш назарда тутилган процессуал масалалар ҳам ҳал этилган бўлса, ажримнинг шу қисми бўйича шикоят қилиниши мумкинлиги тўғрисида тушунтириш берилмоқда.
Шикоят иш юритишга қабул қилиниши ва ажримда шикоятни имзолаш ваколатини тасдиқловчи далилларни тақдим этиш талаб этилиши ва бундай далил тақдим этилмаган тақдирдагина шикоят кўрмасдан қолдирилиши тўғрисида ҳам тушунтириш берилмоқда. Бундан мақсад — шикоятни имзолаган шахснинг бунга ваколати мавжудлиги борасида шубҳа туғилганда, фуқаро ва тадбиркорлар оворагарчилигига барҳам бериш кўзда тутилган.
Қонун талабига кўра, апелляция, кассация шикояти берган шахс суд ҳужжати чиқарилгунига қадар шикоятдан воз кечишга, прокурор протестни чақириб олишга ҳақли.
Шу боис суд ҳужжатига нисбатан бир неча шахслар томонидан шикоят (протест) берилган бўлиб, уларнинг айримлари шикоятдан воз кечганлиги воз кечишни қабул қилмасликка асос бўлмайди. Бундай ҳолда воз кечилган шикоят (протест) қисми бўйича иш юритиш тугатилиб, бошқа шахснинг шикояти (протести) умумий асосларда кўриб чиқилади.
Амалиётда апелляция, кассация шикоятига (протестига) алоқадор қўшимча ҳужжатлар ёки бошқа шахслардан апелляция, кассация шикояти келиб тушиши ва ҳал қилув қарори қабул қилган суд томонидан ушбу хужжатларни тегишли инстанция судига кечиктириб юбориш ҳолатлари учраб туради.
Бунинг олдини олиш мақсадида Пленум қарорига шикоятга алоқадор қўшимча ҳужжатлар ёки бошқа шахслардан шикоят келиб тушган тақдирда, улар келиб тушган куннинг эртасидан кечиктирмай шикоят (протест) кўриб чиқилаётган суд инстанциясига юборилиши ҳақидаги қоида киритилди.
Бу, шубҳасиз, юқорида таъкидланган ҳужжатларнинг қисқа муддатларда тегишли инстанция судларига юборилишини таъминлаш билан бирга қуйи инстанция суди қарорларининг қонунийлиги ва асослилиги юзасидан келтирилган важларни тўлиқ текшириш ҳамда иш бўйича барча ҳақиқий ҳолатларни ҳар томонлама ва тўлиқ аниқлаш имконини беради.
Маълумки, маъмурий процессуал қонунчиликка янги институт сифатида апелляция, кассация инстанцияси судларининг ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтишга оид нормалар киритилди. Бунда апелляция ва кассация инстанция судлари томонидан ишларни янгидан кўриш учун қуйи инстанцияларга юбориш амалиётига чек қўйиш, ўрта бўғин судларига ишнинг якуни бўйича қарор чиқариш масъулиятини юклаш, энг муҳими, битта ишнинг қуйи инстанция судларида қайта-қайта кўрилиши борасидаги фуқаролар норозилигининг олдини олиш мақсадларидан келиб чиқилди.
Мазкур институт маъмурий судлар учун янгилик бўлди. Шунинг учун бу борада қуйи судлардан кўплаб саволлар келиб тушаётганини инобатга олган ҳолда, уни тўғри қўллашга оид раҳбарий кўрсатмалар ишлаб чиқилди. Жумладан, қонунда назарда тутилган асослар аниқланганда, апелляция, кассация инстанцияси суди ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтади ва бу ҳақда асослантирилган ажрим чиқарилади. Бунда ушбу ажрим билан шикоят (протест) берилган суд ҳужжати бекор қилинмайди.
Шунингдек, ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш масаласи нафақат шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномасига кўра, балки ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг илтимосномаси асосида ҳам иш юритишнинг ҳар қандай босқичида ҳал қилиниши мумкин.
Шикоят (протест) иш юритишга қабул қилинганидан сўнг ҳал қилув қарорининг ижросини тўхтатиб туриш ҳақида илтимоснома келиб тушганда, ушбу масала якка судья томонидан эмас, балки судлов ҳайъати томонидан ҳал этилади.
Пленум қарорида апелляция, кассация шикояти бериш муддатини тиклаш ҳақидаги илтимоснома билан бир вақтда бошқа, мисол учун суд харажатларини тўлашни кечиктириш, суд ҳужжатларининг ижросини тўхтатиб туриш, дастлабки ҳимоя чораларини кўриш ҳақида илтимосномалар келиб тушган ҳолларда дастлаб шикоят бериш муддатини тиклаш масаласини ҳал этиш борасида ҳам зарур тушунтиришлар берилди.
Ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки юридик шахснинг ўз талабларини судда исботлаб бериш бўйича имкониятлари давлат органларининг ресурсларига қараганда бирмунча чекланганига ҳам эътибор қаратиш жоиз.
Шунга кўра, “суднинг фаол иштироки” принципидан келиб чиқиб, апелляция, кассация шикоятини (протестини) кўриб чиқишда биринчи инстанция суди томонидан айрим талаблар кўрмасдан қолдирилган ёки иш юритишдан тугатилган ҳолларда, ишнинг якунига қадар ишда иштирок этувчи шахсларга талабнинг бир қисмини иш юритишдан тугатиш ёки кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ажрим устидан ҳам шикоят келтириш ҳуқуқини тушунтиришга оид қоидалар кўзда тутилди. Бу, албатта, фуқароларнинг Конституциямизнинг 55-моддаси билан кафолатланган одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга шарт-шароит яратади.
Янада муҳими шундаки, Пленум қарорида ҳал қилув қарори бекор қилинганда апелляция, кассация инстанцияси суди хусусий ажримнинг қонунийлиги ва асослантирилганини, гарчанд унинг устидан шикоят (протест) келтирилмаган бўлса ҳам, текшириш ва уни бекор қилишга ҳақлилиги борасида долзарб раҳбарий кўрсатмалар берилмоқда. Ушбу тушунтириш бугунги кун амалиётида учраётган айрим муаммоларга амалий ечим бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, янги Пленум қарори ўрта бўғин судларида апелляция ва кассация тартибида иш юритиш учун муҳим ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилади.
Акрам Шукуров,
Жиззах вилоят суди раиси