Зўравонликка қарши биргаликда курашамиз
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг очиқ маълумотларига кўра, дунё миқёсида тахминан 750 миллион аёл ва қиз 18 ёшга тўлмасдан турмушга чиққан. 18 та давлатда эр ўз хотинига ишлашни расман тақиқлаши мумкин, 39 давлатда ўғил ва қизлар мерос бўйича турли ҳуқуқларга эга,
49 давлатда эса оиладаги зўравонликни тақиқловчи қонунлар мавжуд эмас. Ҳар бешинчи аёл, шу жумладан 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган аёлларнинг 19 фоизи 12 ойлик муддат ичида яқин шериклари томонидан жисмоний ёки жинсий зўравонликка дучор бўлганини айтган. Аёлларнинг мамлакатлар сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишига қарамасдан, бугунги кунда аёллар штат парламентларидаги ўринларнинг 23,7 фоизини ташкил этади, бу ҳали гендер паритети тамойилига жавоб бермайди. 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган 15 ёшдан 49 ёшгача бўлган аёлларнинг ярмидан кўпи (52 фоиз) никоҳда бўлган ёки никоҳдан ташқари никоҳда бўлган аёлларнинг розилиги билан жинсий алоқада бўлиш, контрацептив воситалардан фойдаланиш ва тиббий хизматлардан фойдаланиш тўғрисида ўзлари қарор қабул қилишади. Ер ҳуқуқига эга аёлларнинг улуши жаҳон миқёсида атиги 13 фоизни ташкил этади. Дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатлари гендер тенглигини таъминлаш учун ажратилган бюджет маблағлари ҳисобини юритади. 46 мамлакатда парламентнинг камида битта палатасида аёллар улуши 30 фоизни ташкил қилади. Ривожланаётган ҳудудлардаги мамлакатларнинг деярли учдан икки қисми бошланғич таълимда гендер мувозанатига эришган.
Хўш, Ўзбекистонда зўравонликка қарши курашиш борасида нима ишлар амалга оширилмоқда?
Бугунги кунда давлатимиз раҳбарининг қатъий сиёсий иродаси туфайли «Инсон қадри учун» тамойили асосида зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши тизимли ишлар амалга оширилмоқда.бу борада қонунларимиз такомиллаштирилди, жазо чоралари қатъийлаштирилди.
Сенат раисимиз Танзила Норбоеванинг сўзларига кўра: “Бутун жамиятимиз зўравонликка қарши курашиш учун ягона кучга айланиши керак. Бефарқ бўлмаслик, зўравонлик аниқланиши ва тўхтатилиши учун барча имкониятларни ишга солиш орқали барбод бўлган тақдирлар, йўқолган умидларга нажот беришимиз мумкин”.
2023 йил апрелда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қонунни имзолаган эди.
Қонунга мувофиқ, эндиликда хотинини сўккан, таҳқирлаган, қўрқитган эркаклар бунинг учун жавобгарликка тортилади. Ўз турмуш ўртоғига оғир жароҳат етказиш эса 12 йилгача қамоқ жазосига сабаб бўлади. Бировга шилқимлик қилиш, ортидан эргашиб таъқиб қилиш, тинмай телефон қилиш ва шаҳвоний майлни кўрсатувчи ҳаракатлар учун ҳам жавобгарлик киритилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида инсон ва унинг манфаатлари устувор ҳисобланади, кўзланган мақсадга эришишда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган оиланинг ўрни эса беқиёсдир.
Жамиятдаги ҳар қандай иллатга қарши курашни оиладан бошласаккина уни илдизи билан қуритиш мумкин. Зеро, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида мувофиқ, оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.
Конституциянинг 26-моддасида эса, ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.
Шунингдек, оилавий зўравонликка қарши кураш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадида 2019 йил 2 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонуни қабул қилинди.
Оиладаги зўравонликнинг асосий қурбонлари бўлган аёллар ва болаларга нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик нималарда намоён бўлади? Кўпчилик зўравонлар оиладаги ҳукмронликларини кучайтириш мақсадида қандай усуллардан фойдаланади? Бу асосан таҳдид кўринишида намоён бўлади. Таҳдидлар эса қуйидагича бўлиши мумкин: моддий таъминламаслик, яъни пул бермаслик (моддий таъминламаслик), уйдан ҳайдаш, болаларини олиб қўйиш ёки уларни кўриш имкониятидан маҳрум қилиш билан қўрқитиш, баданига шикаст етказиш ёки ўлдириш билан қўрқитиш ва ҳоказо. Зўравонлар таҳдидлар билан бир қаторда қуйидаги ҳаракатлар орқали ҳам ўзларининг ҳукмронлигини намойиш қилишга уринишлари мумкин: телефонини олиб қўйиш, кийимларини йиртиш ёки шахсий буюмларини синдириш, уйга қамаб қўйиш, муштини кўрсатиш орқали қўрқитиш ва ҳоказо.
Аммо зўравонлик билан бир қаторда тазйиққа учраётган хотин- қизлар ҳам йўқ эмас.
Бунинг учун тазйиқ нима эканлигини тушунишимиз керак.
Тазйиқ — содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик), шилқимлик.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрдаги Қонунида тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳуқуқлари белгиланган.
Қонунга кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;
- махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;
- ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш;
- содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш.
- Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.
Шу сабабли барчамиз тазйиқ ва зўравонликка курашиш борасида бефарқ бўлмаслигимиз ва тоқатсиз бўлишимиз лозим.
Жиззах вилоят судининг
фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Луиза Халитова