“Коррупция – жамият ривожига катта тўсиқ ва ғов” мавзусида маърифий тадбир ташкил этилди.


Бугунги кунда юртимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланмоқда. Бу йўлдаги ҳар бир ташаббус, ҳар бир ислоҳот – халқ фаровонлиги ва адолат устуворлигини таъминлашга қаратилган.
Шу нуқтаи назардан, жиноят ишлари бўйича Арнасой туман суди томонидан Арнасой туманидаги барча ташкилотлар ходимлари иштирокида “Коррупция – жамият ривожига катта тўсиқ ва ғов” мавзусида тарғибот-ташвиқот тадбири ташкил этилди.
Тадбирда судьялар томонидан жорий йилнинг 5 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган коррупцияга қарши курашиш йўналишидаги устувор вазифалар, уларнинг мазмун-моҳияти ва амалий аҳамияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.


Таъкидлаб ўтиш жоизки, коррупция – бу фақат молиявий жиноят эмас. У – инсон ор-номусини топтайдиган, жамиятни ич-ичидан емирадиган, ишонч, адолат ва тараққиётга ғов бўладиган иллатдир. Унга қарши курашиш эса қонун билан бирга, иймон, виждон ва маънавий масъулият билан олиб борилиши кераклиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир давомида ҳаётий мисоллар орқали коррупциянинг ижтимоий, иқтисодий ва маънавий ҳаётга таъсири кенг ёритилди. Иштирокчилар томонидан берилган саволларга судьялар томонидан ҳуқуқий асосланган, мазмунли ва тушунарли жавоблар берилди.
Мазкур тадбир фуқароларда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, ҳалоллик, шаффофлик ва қонун устуворлигини ҳаётга татбиқ этиш йўлида яна бир муҳим қадам бўлди. Унда ҳар бир ходим, ҳар бир иштирокчи коррупцияга қарши курашиш аввало ўзидан бошланиши кераклигини чуқур англаб етди.
Зеро, адолат – тараққиётнинг таянчи, ҳалоллик – халқ ишончининг мезонидир. Шу боис, жамият тараққиёти йўлида ҳар биримиз коррупцияга қарши курашда фаол бўлишимиз, виждон ва қонун олдида ҳалол бўлиб яшашимиз шартдир.