Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судида Жиззах вилояти суди судьяси С.Набиев ташаббуси билан коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган маърифий учрашув ташкил этилди.

Тадбирда суд судьялар, суд ходимлари ва уларнинг оила аъзолари иштирок этдилар.

Ушбу учрашувнинг ўзига хос жиҳати шундаки, унда фақатгина суд тизими ходимлари эмас, балки уларнинг яқинлари ҳам жалб этилди. Бу эса, жамиятда ҳалоллик ва поклик муҳитини шакллантиришда оилавий тарбиянинг ўрни беқиёс эканини яна бир бор намоён этди.

Судья С.Набиев ўз маърузасида таъкидлаб ўтдики, коррупция нафақат қонунбузарлик, балки инсонийлик ва виждонга хиёнатдир. У ҳар қандай соҳада адолатга путур етказади ва давлат органларига нисбатан ишончни камайтиради. Шу боисдан, бу иллатга қарши курашда нафақат ҳуқуқий, балки маънавий йўналишда ҳам тизимли иш олиб бориш зарур.

Йиғилиш давомида иштирокчилар коррупцияга қарши давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, амалга оширилаётган ислоҳотлар, судья ва суд ходимлари зиммасидаги масъулият тўғрисида атрофлича маълумотларга эга бўлишди.

Шунингдек, суд тизимида очиқлик, шаффофлик ва холислик тамойилларига амал қилиш, хизмат бурчига виждонан ёндашиш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбирда иштирокчилар ўз фикр ва мулоҳазалари билан ўртоқлашишди, шахсий қараш ва тажрибалари орқали коррупцияга қарши курашдаги фаол иштироклари ҳақида сўз юритишди.

Мазкур маърифий тадбир – адолат тимсоли бўлган суд органлари фаолиятида ҳалоллик, поклик ва масъулиятлилик тамойилларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши билан бирга, судья ва суд ходимлари ҳамда уларнинг оилалари ўртасида маънавий-маърифий муҳитни янада бойитди.