Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди томонидан маҳаллада хусусий ажрим муҳокамаси ўтказилди


Бугунги кунда мамлакатимизда оила — жамият устуни сифатида алоҳида эътибор марказида турибди. Оилалардаги барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва масъулият туйғуси фақат бир оиланинг эмас, балки бутун маҳалланинг, қолаверса, юртимиз келажагининг мустаҳкам пойдевори ҳисобланади.
Шу маънода, бугун фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди томонидан Шароф Рашидов тумани Тоқчилик маҳалласида ўтказилган хусусий ажрим муҳокамаси жуда аҳамиятли бўлди.
Тадбирда маҳалла раиси, маҳалла фаоллари, тажрибали устозлар ҳамда маҳаллада обрў-эътибор қозонган зиёлилар иштирок этишди.
Суд ва маҳалла ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур муҳокама — жамиятда оилавий мустаҳкамликни таъминлаш, ижтимоий муҳитни соғломлаштиришга хизмат қилди.



Муҳокамада судьялар томонидан маҳаллада кузатилаётган никоҳдан ажрашиш ҳолатлари, уларнинг сабаблари ва ижтимоий оқибатлари ҳақида атрофлича таҳлил қилинди. Ҳар бир ажрим ортида бир инсон тақдири, фарзанд келажаги ётгани алоҳида урғуланди.
Муҳтарам Президентимиз раислигида 5 март куни бўлиб ўтган Коррупцияга қарши кураш бўйича Миллий кенгаш йиғилишида ҳам судлар чиқараётган хусусий ажрим ва тақдимномаларнинг таъсирчанлигини кучайтириш лозимлиги таъкидланган эди. Ана шу вазифалар ижроси доирасидаги ушбу тадбир — маҳалладаги ижтимоий-ахлоқий муҳитни яхшилашга қаратилган амалий қадамлардан бири бўлди.
Тадбирда судгача бўлган босқичда оилавий низоларни муросали ҳал қилиш усулларини фаол қўллаш, хотин-қизлар ва ёшлар билан индивидуал ишлаш, муаммоларни эрта аниқлаш ва бартараф этишда жамоавий ёндашувни кучайтириш каби йўналишлар белгилаб олинди.
Йиғилишда иштирокчилар томонидан бир қатор долзарб саволлар берилди. Судьялар уларга аниқ, ҳаётий мисоллар асосида тушунарли ва таъсирчан ҳуқуқий жавоблар тақдим этишди. Маҳалла фаоллари, устоз ва зиёлилар бу каби тадбирлар аҳоли ўртасида оилавий барқарорликни таъминлашда катта тарбиявий аҳамият касб этишини таъкидлашди.
Хулоса ўлароқ, иштирокчилар никоҳ мустаҳкамлигини таъминлаш, ажримларни камайтириш ва жамиятда маънавий барқарорликни кучайтириш — ҳар бир фаол фуқаронинг масъулияти эканини яна бир бор англаб етишди.