Жиззах вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Жиззах вилоят ҳудудий бошқармаси биносида палата томонидан судларга даъво аризалари тақдим этиш жараёнида йўл қўйилаётган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан чиқарилган тақдимнома муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ушбу йиғилишда Жиззах вилоятидаги тижорат банклари вакиллари, Савдо-саноат палатасининг вилоят бошқармаси ходимлари ҳамда судьялар иштирок этдилар.

Йиғилишда судларга тадбиркорлар манфаатида юборилаётган даъво аризаларида йўл қўйилаётган ҳуқуқий ва процессуал камчиликлар муҳокама марказида бўлди. Хусусан, аризаларни расмийлаштиришда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси талабларига тўлиқ амал қилинмаслиги, зарур ҳужжатларнинг илова қилинмаслиги, давлат божи ва почта харажатларининг белгиланган тартибда тўланмаганлиги каби ҳолатлар қайд этилди.

Мазкур масалалар юзасидан аниқ рақамлар келтирилди. Жумладан, 2024 йил давомида Савдо-саноат палатаси Жиззах вилоят бошқармаси томонидан тадбиркорлар манфаатида иқтисодий судларга киритилган 103 та даъво аризаси турли сабабларга кўра қайтарилган, 12 та даъво эса иш юритишга қабул қилинмаган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 50-моддасига мувофиқ, давлат органлари ва бошқа ваколатли шахслар жамият, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судга даъво аризалари тақдим этиш ҳуқуқига эга. Лекин мазкур ҳуқуқдан самарали фойдаланиш, ҳуқуқий билим ва амалиётдаги аниқликни талаб этади.

Йиғилиш якунида судларга тақдим этилаётган даъво аризаларининг шакли ва мазмунига оид қонун талабларига тўлиқ риоя этилиши ҳамда даъво аризаларининг сифатини ошириш юзасидан суд ва Савдо-саноат палатаси ўртасида ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишувларга эришилди.