Суд тизимида малакали кадрлар тайёрлаш ва одил судловни таъминлашга қаратилган ислоҳот
Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хоҳ у ижтимоий-иқтисодий, хоҳ маданий-маънавий ёки суд-ҳуқуқ, улардан кўзланган олий мақсад фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш, уларнинг қонуний манфатлари бузилишининг олдини олиш, лўнда қилиб айтганда бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган бўлади.
Бу ўринда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан жорий йилнинг 21 февраль куни имзоланган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлари мамлакатимиз суд ҳокимиятида янги босқични бошлаб берди.
Давлат раҳбарининг «Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш
чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони орқали суд тизими учун малакали кадрлар тайёрлаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Фармон суд ҳокимиятининг мустаҳкам пойдеворини яратишга қаратилган бир қатор муҳим йўналишларни белгилаб берди.
Хусусан:
Фармонга кўра, Судьялар олий мактаби негизида Ўзбекистон Республикаси Одил судлов академияси ташкил этилмоқда. Албатта, бу шунчаки ном ўзгариши эмас, балки суд тизими ходимларини тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини бутунлай янги, сифатли босқичга олиб чиқишга қаратилган стратегик ислоҳотдир.
Академияда таълим жараёни “устоз-шогирд” анъанаси асосида, “бўлажак судьяни судья ўқитади” тамойилига мувофиқ ташкил этилади. Бу, ўз навбатида, назарий билимларни амалиёт билан узвий боғлаш, ёш кадрларнинг судьялик фаолиятидаги нозик жиҳатларни тажрибали устозлардан ўрганишини таъминлайди.
Энди судьялик лавозимига номзодлар мазкур академиянинг олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида давлат гранти асосида тайёрланади.
Бу жараёнда касбий қайта тайёрлаш курсларига киришдан олдин номзодларнинг бенуқсон обрў-эътибори, ҳалоллиги ва лаёқати Судьялар олий кенгаши томонидан ўрганилади. Натижада судьялик лавозимига фақат юксак ахлоқий фазилатларга эга, виждонли ва ҳалол номзодлар танлаб олиниши таъминланади.
Мазкур Фармон суд тизими учун юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали профессионал судьялар корпусини шакллантиришга қаратилган.
Фармонда суд-ҳуқуқ соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизимини жорий этишдаги қатор устувор мақсадлар белгилаб берилган.
Суд тизими учун ҳар томонлама етук, замонавий билим ва зарур касбий кўникмаларга эга, юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини ташкил этиш, судьялик лавозимига номзодларни тайёрлаш, судья ва суд аппарати ходимларининг малакасини ошириш, раҳбарлик лавозимини эгаллаш учун захирадаги судьяларни қайта тайёрлаш, таълим олувчиларда судьялик касбий маданиятини шакллантиришга қаратилган дастурларни жорий этиш шулар жумласидандир.
Фармонда, шунингдек, бўлажак судьяларда мустақил, холис, беғараз, фақат қонунга таянган ҳолда ва адолат билан иш юритишнинг касбий кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган интерфаол ўқитиш услубларини таълим жараёнига татбиқ этиш сингари бошқа муҳим вазифалар ҳам назарда тутилган.
Шундай қилиб, Президентимизнинг мазкур Фармони тизимда изчил татбиқ этилаётган одил судловни таъминлаш бўйича кенг кўламли ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Айни ҳужжат юртимизда юқори малакали, ҳалол ва адолатли судьялар корпусини шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, Янги Ўзбекистонда суд ҳокимиятининг мустақиллиги, адолатлилиги ва холислигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
З.Мажидов
Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг судьяси