Жиноятчиликнинг олдини олишда хусусий ажримларнинг ўрни ва аҳамияти

Мамлакатимизда жамоат тартибини сақлаш, жиноят қонунчилигини ислоҳ қилиш, Жиноят кодексининг жамоат тартибини муҳофаза қилувчи нормаларини қўллаш амалиётини яхшилаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва суд фаолиятини яхшилаш, адолат, инсонпарварлик тамойилларига риоя этилишини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумки, жиноят ишининг якуни бўйича ҳукм билан бирга чиқариладиган хусусий ажрим жиноятчиликнинг олдини олиш алоҳида аҳамиятга эга.

Айтиш керакки, Жиноят-процессуал кодексининг 298-моддасига асосан, ишни кўриш жараёнида жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар аниқлангач, суд хусусий ажрим чиқариб, унда тегишли давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, жамоа ёки мансабдор шахслардан ана шу сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўришни талаб қилади.

Шундай экан, хусусий ажрим юборилган давлат органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, жамоат бирлашмаси, жамоа ёки мансабдор шахс зарур чораларни кўриши ва кўрилган чораларнинг натижалари тўғрисида кечи билан бир ойлик муддат ичида судни хабардор қилиши шарт. Қолаверса, тегишли мансабдор шахсларнинг эътиборини суриштирув ва дастлабки тергов ўтказишда йўл қўйилган камчиликларга жалб қилиш зарур бўлганда, суд ҳукм чиқариш билан бир вақтда, хусусий ажрим ҳам чиқаради. Худди шундай хусусий ажрим апелляция, кассация ва тафтиш инстанциялари томонидан ҳам чиқарилади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 181-моддаси суднинг хусусий ажрими (қарори) бўйича чоралар кўрмаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

Мазкур қонун ҳужжатига кўра, мансабдор шахс томонидан суд чиқарган хусусий ажримни (қарорни) кўриб чиқмаслик ёхуд ажримда (қарорда) кўрсатилган қонунни бузиш ҳолларини бартараф этиш чораларини кўрмаслик, худди шунингдек хусусий ажримга (қарорга) ўз вақтида жавоб берилмаган тақдирда, айбдор раҳбарга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади.

Бундан ташқари, қонунда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан фуқаро ижтимоий бурчини намунали бажарганлиги тўғрисида тақдимнома, суд эса, хусусий ажрим чиқариши ҳам белгиланган. Аниқроқ айтганда, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, хусусан, жиноятни фош этишга яқиндан кўмаклашса, унинг фидойилиги албатта, инобатга олинади. Яъни зиммасидаги фуқаролик бурчини виждонан бажарган шахсни рағбатлантириш мақсадида, унинг яшаш жойи ёки ишхонасига тақдимнома юборилади. Бинобарин, Жиноят-процессуал кодексининг 300-моддасида суриштирувчи, терговчи ёки прокурор — тақдимнома, суд эса, хусусий ажрим чиқариш йўли билан тегишли корхона, муассаса ва ташкилот раҳбарини ва жамоасини жиноятнинг олдини олиш ёки уни фош этишда фуқаро юксак онглилик, жасорат кўрсатгани, ижтимоий бурчини намунали бажарганлиги тўғрисида хабардор қилиши қонунан мустаҳкамланган.

Судлар томонидан жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар аниқланиб, унда тегишли давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, жамоа ёки мансабдор шахслардан ана шу сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш бўйича доимий равишда хусусий ажримлар чиқариш йўли билан тегишли муносабат билдириб келинмоқда.  

Бироқ, айрим давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, жамоа ёки мансабдор шахслар томонидан суд томонидан юборилган хусусий ажримлар етарли даражада ўрганилмасдан, жиноятнинг сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тегишли чораларни кўрмаётганлиги натижасида жиноятчиликни олдини олишда белгиланган мақсадга эришилмаяпти десак муболаға бўлмайди.

Судлар томонидан чиқарилган хусусий ажримларнинг тегишли ўзини ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари, жамоа ёки мансабдор шахслар томонидан масъулият билан муҳокама қилиниб, тегишли чора-тадбирларни ташкил этиши жиноятчиликни олдини олишга қўйилган катта қадам ҳисобланади.   

 Жиноят ишлари бўйича Дўстлик туман суди тергов судьяси                                                      С.Махмудов