Жамиятда тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муҳитини яратиш

Ўзбекистон Республикасида охирги йилларда тазйиқ ва зўравонлик билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш бўйича салмоқли ишлар қилинмоқда.
Хусусан, бу ўринда биринчи навбатда 2019 йил 2 сентябрь куни “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинганлиги таъкидлаб ўтишимиз жоиз.
Ушбу Қонуннинг мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлиб, ушбу Қонун билан қуйидаги асосий тушунчаларга таъриф берилди.
Жинсий зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан уларнинг розилигисиз шаҳвоний хусусиятга эга ҳаракатларни содир этиш орқали жинсий дахлсизликка ва жинсий эркинликка тажовуз қиладиган зўравонлик шакли, шунингдек зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан таҳдид қилиш ёхуд аёл жинсидаги вояга етмаган шахсларга нисбатан ахлоқсиз ҳаракатлар содир этиш орқали учинчи шахс билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаш;
жисмоний зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан оғирлиги турли даражада бўлган тан жароҳатлари етказиш, хавф остида қолдириш, ҳаёти хавф остида қолган шахсга ёрдам кўрсатмаслик, зўравонлик хусусиятига эга бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этиш, жисмоний таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказишнинг ўзга чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали хотин-қизларнинг ҳаёти, соғлиғи, эркинлиги ҳамда қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ва эркинликларига тажовуз қиладиган зўравонлик шакли;
зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан жисмоний, руҳий, жинсий ёки иқтисодий таъсир ўтказиш ёки бундай таъсир ўтказиш чораларини қўллаш билан таҳдид қилиш орқали уларнинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, шаъни, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган бошқа ҳуқуқлари ҳамда эркинликларига тажовуз қиладиган ғайриҳуқуқий ҳаракат (ҳаракатсизлик);
иқтисодий зўравонлик – хотин-қизларга нисбатан турмушда, иш жойларида ва бошқа жойларда амалга оширилган зўравонлик шакли, хотин-қизларнинг нормал яшаш ва камол топиш учун озиқ-овқат, уй-жой ҳамда бошқа зарур шарт-шароитлар билан таъминланишга бўлган ҳуқуқини, мулк ҳуқуқини, таълим олиш ҳамда меҳнатга оид ҳуқуқини амалга оширишни чеклашга олиб келадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик);
руҳий зўравонлик – хотин-қизларни ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, таҳдид қилиш, уларнинг шаънини, қадр-қимматини камситиш, шунингдек уларнинг хоҳиш-иродасини чеклашга қаратилган бошқа ҳаракатларда ифодаланадиган зўравонлик шакли, шу жумладан репродуктив соҳада назорат қилиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотир уйғотган, ўзини ҳимоя қила олмасликка олиб келган ёки руҳий соғлиғига зарар етказган ҳаракат (ҳаракатсизлик);
тазйиқ – содир этилганлиги учун маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилмаган, хотин-қизларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган ҳаракат (ҳаракатсизлик), шилқимлик, таъқиб этиш;
таъқиб этиш – жабрланувчининг хоҳиш-иродасига қарши, унинг икки ёки ундан ортиқ марта қаршилик кўрсатганлигига ёхуд огоҳлантирганлигига қарамай содир этиладиган, жабрланувчини қидиришда, у билан оғзаки, телекоммуникация тармоқлари воситасида, шу жумладан Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали ёки бошқа усулларни қўллаш йўли билан мулоқотга киришишда, унинг иш, ўқиш ва (ёки) яшаш жойига боришда ифодаланган ҳамда жабрланувчида ўз хавфсизлиги учун хавотирлик қўзғатадиган ҳаракатлар;
ҳимоя ордери – тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат.
2023 йил 11 апрель кунги “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-829-сон Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига 592-модда киритилиб, “Оилавий (маиший) зўравонлик” деб номланди, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига 1261-модда киритилиб “Оилавий (маиший) зўравонлик” деб номланди.
Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида республикамизда ҳам гендер тенглиги принципига амал қилиш, шунингдек аёллар зўравонлигига қарши кураш ишлари кескин ривожланмоқда.
Айниқса, давлат органлари, ташкилот ва идораларга ҳам бу борада тегишли вазифа ва функциялар юкланмоқда.
Мисол учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 октябрдаги 678-сон қарори билан тасдиқланган “2020-2021 йилларда жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича чора-тадбирлар дастури”нинг                                16-бандида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан 2021 йил август ойида жамиятда аёллар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш, аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида “Гендер-мадад” электрон ҳуқуқий маслаҳатчи лойиҳасини (сайт, мобиль илова тарзида) ишга тушириш назарда тутилган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 15 апрелдаги 228-сон қарори билан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига гендер тенглигини таъминлаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ишлаб чиқилишида иштирок этиш вазифаси юкланган.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 3 августдаги ПҚ-4796-сон қарори билан тасдиқланган “2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси статистикасини ривожлантиришнинг миллий стратегияси”да гендер статистикасини такомиллаштириш ҳам кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 30 мартдаги 192-сон қарорида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш тартиби тўғрисидаги қоидалар тасдиқланиб, алоҳида Низом тасдиқланган.
Юқорида келтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилинишидан мақсад, республикамизда гендер тенглигини таъминлаш ҳисобланади. 
 
Жиноят ишлари бўйича 
Дўстлик туман суди 
тергов судьяси         С.Махмудов