Судга тааллуқлилик ва судловга тегишлилик нима?
Ҳар куни турли низолар ва келишмовчиликлар юз беради — қўшни билан ер учун ёки ишда маош учун, ёки кимнингдир мулки ёки мулкий ҳуқуқлари бузилгани учун. Бундай ҳолларда одамлар “бу ишни суд ҳал қилиб беради” дейишади. Аммо ҳар бир ишни ҳар қандай суд кўра олмайди. Шунинг учун “судга тааллуқлилик” ва “судловга тегишлилик” деган тушунчалар жуда муҳим ҳисобланади.
Судга тааллуқлилик — иш судда кўриладими, йўқми?
Содда қилиб айтганда, судга тааллуқлилик — бу иш умуман суд орқали кўрилиши мумкинлигини билдиради.
Айтайлик, фуқаро ўз қўшниси билан ер масаласида тортишаётган бўлса ёки кимдир қарзини қайтармаётган бўлса, бу низолар фуқаролик ишлари бўйича судларга тааллуқли ҳисобланади.
Даставвал Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодексининг 5-бобида дастлаб тааллуқлилик масаласига аниқлик киритади. Бу ҳолат низони қайси суд томонидан кўриб чиқиш ваколатини белгилайди. Тааллуқлилик масаласи ҳал қилинганидан сўнг судловга тегишлиликка доир нормалар белгиланади. Шу боисдан тааллуқлилик масаласи ҳал бўлгандан сўнг фуқаролик ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган деб ҳисобланган холларда қайси судга мурожаат қилиш масаласи ҳал қилиниши зарурати вужудга келади. Бу ҳолатда судга тегишлилик масаласини ҳам тўғри ҳал қилиниши керак.
Иш судга тааллуқли эканлиги аниқ бўлгач, энди навбатдаги савол — “ишни қайси суд кўради?”
Бу ерда судловга тегишлилик деган тушунча ишга киришади. У суднинг қайси турига ва қайси ҳудуддаги судга иш тегишлилигини белгилайди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Процессуал кодексининг 33-моддаси “Судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари” деб номланади. Ушбу моддада, аризалар жавобгар доимий яшаб турган ёки доимий машғул бўлган жойдаги судга берилади. Ташкилотларга нисбатан аризалар улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга берилади.
Одатда, иш жавобгар яшайдиган жойдаги судда кўрилади. Масалан, жавобгар Самарқандда бўлса, иш ҳам ўша ерда кўрилади.
Баъзи ҳолларда даъвогар танлов ҳуқуқига эга бўлади. Масалан, зарар етказилган жойда ёки ўз яшаш жойида ишни кўришни сўраши мумкин. Ушбу масалага оид қоидалар Фуқаролик Процессуал кодексининг 34-моддаси билан тартибга солинади.
Судловга тегишлилик нима учун бу муҳим?
Агар иш нотўғри судга берилса, суд аризани қабул қилмайди ёки ариза қабул қилинган бўлса ишни бошқа судга юборишига тўғри келади. Бу эса вақтни йўқотиш, ортиқча сарсонлик ва оворагарчиликларга олиб келади.
Шунинг учун даъво аризасини ёзишдан олдин иш қайси судга тегишли эканини аниқ билиш — жуда муҳим.
Хулоса қилиб айтганда, судга тааллуқлилик — иш суд томонидан кўриладими-йўқми, судловга тегишлилик эса — ишни қайси суд кўриши кераклигини белгилайди. Бу икки қоида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўғри ва тез ҳимоя қилишга хизмат қилади. Агар шуларга эътибор берилса, суд ишлари ҳам осон, ҳам самарали кечади. Шу сабабли, ариза беришдан аввал ишнинг судга тааллуқлилигини аниқлаш, ундан кейин қонунга мувофиқ судловга тегишлилик — яъни қандай турдаги ва қайси ҳудуддаги судда кўриш кераклигини белгилаш — жуда муҳимдир.
Замонали Мажидов,
фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик
туманлараро судининг судьяси






