Кредит қарзини ундириш билан боғлиқ низоларни

судларда кўрилиш тартиби ва суд амалиётидаги айрим муаммолар

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда банк-кредит тизими жадал ривожланиб, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига молиявий хизматлар кўрсатиш кўлами тобора кенгаймоқда. Бу жараён иқтисодий фаолиятни рағбатлантириш, инвестиция муҳитини яхшилаш ва фуқароларнинг молиявий фаоллигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бироқ кредит хизматларидан фойдаланиш кўлами кенгайган сари, мажбуриятларни ўз вақтида бажармаслик ҳолатлари ҳам кўпаймоқда. Фуқаролик ишлари бўйича судларда кредит шартномалари бўйича даъволар фуқаролик ишларининг катта қисмини ташкил этмоқда. Бу эса кредит муносабатларида ҳуқуқий билим ва молиявий маданиятни ошириш заруратини кўрсатади.

Шунинг учун кредит қарзини ундириш билан боғлиқ низоларни судларда кўриш тартибини чуқур ўрганиш, амалдаги ҳуқуқий асосларни таҳлил қилиш ва мавжуд муаммоларга илмий ёндашувни қўллаш бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири бўлмоқда.

Амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексининг
744-моддаси биринчи қисми талабига кўра, кредит шартномаси бўйича бир тараф — банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кредитор) иккинчи тарафга (қарз олувчига) шартномада назарда тутилган миқдорда ва шартлар асосида пул маблағлари (кредит) бериш, қарз олувчи эса олинган пул суммасини қайтариш ва унинг учун фоизлар тўлаш мажбуриятини олади.

Қарздор ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаслиги оқибатида кредитор судга даъво ариза билан мурожаат қилади. Даъво аризасида қарз суммаси, фоизлар, пеня ва бошқа талаблар кўрсатилади. Даъво аризага кредит шартномаси, ҳисоб-китоблар ва тўлов ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар илова қилинади.

Суд муҳокамаси давомида шартнома шартлари таҳлил қилинади, далиллар ўрганилади. Агар қарздорнинг мажбуриятни бажармаганлиги аниқланса, суд кредит шартномаси, ишга алоқадор ҳужжатлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, бошқа қонунлар асосида қарзни ундириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилади.

Шунингдек, тарафлар ўзаро келишув битими ёки медиатив келишувни тузиб, низони ўзаро талабларнинг тўлиқ ҳажмида ёки қисман ҳал этиши мумкин. Келишув битими фуқаролик суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида ва суд ҳужжатини ижро этиш жараёнида, медиатив келишув эса биринчи инстанция судида суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) суд ҳужжатини қабул қилиш учун чиққунига қадар тарафлар томонидан тузилиши мумкин.

Кредит шартномаси билан боғлиқ низоларни судда кўришда қатор амалий муаммолар кузатилмоқда. Булар, қарздорларнинг яшаш манзилини аниқлашдаги қийинчиликлар (қарздорнинг манзили ўзгариши оқибатида суд чақирув хатларининг етказиб борилмаслиги), бунинг оқибатида суд ишларининг кўрилишининг чўзилиши ҳамда ижро жараёнида
ҳал қилув қарорининг ижросини ўз вақтида таъминланмаслиги, суд қарорларининг ижроси устидан самарали назоратнинг етарли эмаслиги каби муаммолар шулар жумласидандир.

Бу каби муаммоларни ҳал этиш учун суд ишларини рақамлаштириш, алоқа тармоқларининг иш фаолиятини янада кучайтириш, электрон мурожаат тизимини такомиллаштириш, кредит шартномалари бўйича ягона ахборот базасини яратиш ва мажбурий ижро органларининг фаолияти устидан назоратни кучайтириш зарур.

Хулоса қилиб айтганда, кредит қарзини ундириш билан боғлиқ низоларни судларда кўриш нафақат ҳуқуқий, балки ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга ҳам эга. Чунки бу жараён орқали иқтисодий муносабатлардаги адолат тикланади, молиявий интизом мустаҳкамланади ва банк тизимига ишонч орттирилади.

Кредит низоларининг кўпайиши фуқароларнинг молиявий саводхонлигини ошириш заруратини кўрсатмоқда. Агар аҳоли кредит шартномаси шартларини бажармасликнинг ҳуқуқий оқибатларини яхши билса, кўплаб низоларнинг олдини олиш мумкин бўлади. Кредит муносабатларида қонун талабларига амал қилиш, суд қарорларининг тўлиқ ва ўз вақтида ижросини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш — мамлакатда молиявий барқарорлик ва ҳуқуқ устуворлигининг муҳим кафолатларидан биридир.

 

З.Мажидов,

 

Фуқаролик ишлари бўйича

Дўстлик туманлараро судининг судьяси