Жиззах вилояти судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ташаббуси билан Жиззах вилоят ихтисослаштирилган болалар стоматология поликлиникаси мажлислар залида суд томонидан чиқарилган хусусий ажримларни муҳокама қилишга бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилиш давомида вилоят суди судьялари томонидан мазкур тиббиёт муассасасида меҳнат шартномаси бекор қилинган айрим ходимлар билан фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация тўловлари тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмаётганлиги ҳолатларига алоҳида эътибор қаратилди.

 

Шу ўринда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 172-моддасига мувофиқ, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходим томонидан фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътиллар учун компенсация тўловлари тўлиқ ҳисоб-китоб қилиниши шарт.

 

Бироқ амалда меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимлар билан иш ҳақи ҳамда фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация тўловлари тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмаётганлиги, бу эса ходимларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилишига сабаб бўлаётганлиги қайд этилди.

 

Йиғилиш якунида келгусида ходимлар билан иш ҳақи ва бошқа тўловлар бўйича ҳисоб-китобларни амалга оширишда меҳнат қонунчилиги талабларига қатъий риоя қилиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди.