Эр-хотиннинг алимент мажбуриятлари ва оилавий низоларни олдини олиш масалалари
Оила–жамиятнинг муқаддас маскани, миллатнинг маънавий пойдеворидир. Ҳар бир оиланинг мустаҳкамлиги, аввало, эр-хотиннинг ўзаро масъулияти ва фарзандлар олдидаги бурчини тўлақонли бажаришига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан, алимент мажбуриятлари ва оилавий тотувликни сақлаш масаласи қонунчиликда ҳам, ижтимоий ҳаётда ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистон Республикасининг “Оила кодекси”нинг 117-моддасига мувофиқ, эр-хотин бир-бирига моддий ёрдам бериши шарт. Бундай ёрдам беришдан бош тортилган тақдирда, ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр ёки хотин, шунингдек хотин ҳомиладорлик даврида ва ўртада бола туғилган кундан эътиборан уч йил давомида, ўртадаги ногиронлиги бўлган болани у ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар парваришлашни ёки болаликдан I гуруҳ ногиронлиги бўлган ўртадаги болани парваришлашни амалга оширган, ёрдамга муҳтож бўлган эр (хотин) ёрдам беришга қодир бўлган хотиндан (эрдан) суд тартибида таъминот (алимент) олиш ҳуқуқига эга.
Фарзандларнинг таъминоти ҳам ота-онанинг энг асосий бурчларидан биридир. Болалар вояга етгунига қадар уларнинг таълим-тарбияси, саломатлиги, кийим-кечаги ва бошқа эҳтиёжларини қондириш ота-онанинг зиммасига юклатилган. Шу билан бирга, алимент фақат пул кўринишида эмас, балки моддий ёрдам, таълим ва тарбия жараёнида иштирок этиш орқали ҳам амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддаси 1-қисмига кўра, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.
Суд амалиёти шуни кўрсатмоқдаки, оилавий низоларнинг аксарияти
эр-хотиннинг ўзаро келишмовчилиги, оиладаги моддий масалалардан, ўзаро ҳурматнинг етишмаслигидан келиб чиқади. Шундай вазиятларда низоларни кескинлашиб кетишига йўл қўймаслик, уларни тинч йўл билан ҳал қилиш оила мустаҳкамлиги учун муҳим аҳамиятга эга.
Шу борада Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қуйидаги фикрлари долзарб аҳамиятга эга:
“Оила – халқимизнинг энг азиз қадрияти, миллий тарбия мактабидир. Оилада тинчлик, тотувлик ва меҳр-оқибат ҳукм сурса, фарзандларимиз ҳам баркамол бўлиб улғаяди.”
Оилавий тотувликни сақлашда энг аввало эр-хотиннинг бир-бирига бўлган ҳурмати, меҳр-муҳаббати ва масъулият ҳисси ҳал қилувчи ўрин тутади. Фарзандлар манфаатини биринчи ўринга қўйиш, уларнинг бахтли ва соғлом улғайиши учун ҳамкорликда ҳаракат қилиш оиланинг барқарорлигига хизмат қилади. Шунингдек, маҳалла ва жамоатчилик институтлари ҳам оилаларда юзага келадиган муаммоларни ҳал этишда муҳим кўмакчи бўлиб хизмат қилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки эр-хотиннинг алимент мажбуриятлари – бу нафақат қонуний, балки инсоний бурчдир. Фарзанд тарбияси ва оиланинг барқарорлигини таъминлашда ота-онанинг масъулияти беқиёсдир. Оилавий низоларни олдини олиш эса, ўзаро ҳурмат, сабр-тоқат ва меҳр-муҳаббатга таянади. Зеро, мустаҳкам оила — барқарор жамиятнинг кафолатидир.
Замонали Зафарович Мажидов,
фуқаролик ишлари бўйича
Дўстлик туманлараро судининг судьяси.