Конституцияга киритилган ўзгартириш суд тизимини янги босқичга олиб чиқди

Сўнгги тўрт йилда суд-ҳуқуқ соҳасини тубдан ислоҳ этишга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий-ташкилий чора-тадбирлар амалга оширилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, вилоят судларининг бўлинган тузилмаси амалиётда айрим муаммоларни келтириб чиқарган. Судларнинг тарқоқ эканлиги сабабли фуқаролар ва тадбиркорлар сарсон бўлган. Ўрта бўғин умумий юрисдикция судларининг алоҳида фаолият юритиши илғор хорижий амалиётга жавоб бермай қолди.

Масалан, Франция, Италия, Канада, Жанубий Корея, Қозоғистон, Белорус ва бошқа мамлакатларда ўрта бўғин умум юрисдикция судлари фуқаролик, жиноий ва иқтисодий ишлар бўйича ягона суд сифатида фаолият юритади.

Суд-ҳуқуқ соҳасида йиллар давомида ечим топмаган муаммоли масалаларни ҳал қилиш борасида Президентнинг ўндан ортиқ фармон ва қарорлари ҳамда парламент томонидан одил судлов сифати ва самарадорлигини оширишга қаратилган учта кодекс янгидан қабул қилиниб, қатор қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг янги босқичини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосини яратди.

Эътибор қилинг: 2019 йилда 58 мингдан ортиқ фуқаро ва тадбиркорлар судлардаги сарсонгарчиликларга нисбатан ўз эътирозини билдирган. Шунинг ўзиёқ соҳада туб ўзгаришлар амалга оширишни тақозо этган.

Ўрта бўғин судларининг бирлаштирилиши эса ишларни бир суддан бошқасига ўтказилишининг олдини олади ва фуқароларнинг ҳуқуқлари ўша ҳудуднинг ўзида ечимини топишга олиб келиши белгиланди.

Мазкур Фармоннинг ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Қонунни ишлаб чиқилиб, мазкур Қонунга асосан суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш тартибини илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, фуқаролар учун одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб:

вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;

маъмурий тартиб таомиллар ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиш белгиланди.

Олий мажлис Сенати томонидан маъқулланган,  Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланган мазкур қонуннинг
3-моддасида қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгиланди ва ўз навбатида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш киритилди.

Киритилган ўзгартиришга кўра, Ўзбекистон Республикасида суд тизими Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман, шаҳар судлари, жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судлари, туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари ва туманлараро маъмурий судлардан иборатлиги белгиланди.

Мазкур Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши суд тизимини бошқариш масалаларини такомиллаштирилиши, вилоят ва унга тенглаштирилган судларни ташкилий, молиявий ва моддий-техник жиҳатдан таъминлашга эришиш билан бир қаторда, энг аввало, фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлиб юришига барҳам бериб, уларнинг муаммосининг бир жойда ҳал қилиниши имконини берди.

Собир Набиев,
Жиззах вилоят суди судьяси