Коррупция жамият кушандаси
Халқ тилида соддагина қилиб-порахўрлик, кенг маънода “коррупция” деб аталувчи ҳодиса жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалга оширилишига тўсқинлик қилади.
“Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир”. Атама, энг аввало, сиёсий амалдорларга нисбатан фойдаланиши одатий тусга кирган.
Ҳалқаро истисодчиларнинг фикрига кўра, иқтисодий ривожланиш кўрсаткичига энг катта салбий таъсир қилувчи омил айнан коррупция ҳисобланади. Унинг кўринишлари турлича бўлиши мумкин: порахўрлик, пора бериш, товламачилик, фирибгарлик ва ҳ.к.
Коррупциянинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, унга қарши курашнинг самарали йўлларини топиш бўйича мутахассислар, турли халқаро ташкилотлар томонидан кўплаб тадқиқотлар ўтказилган. Бироқ ҳанузгача, барча миллатлар учун қўл келадиган қарши курашда асқотадиган ягона ечим йўқ.
Президентимиз Ш.Мирзиёев давлат бошқарувига келгач
2017 йилда қабул қилинган илк норматив ҳужжатлардан бири “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун бўлди, шундан бошлаб мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, давлат органлари ва ташкилотларининг фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шароитлар яратилди.
Илк бор коррупциявий хавфларни аниқлаш ва тизимли таҳлил қилиш, уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф қилиш учун масъул бўлган алоҳида орган — Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Давлат ҳокимияти органлари ва йирик хўжалик юритувчи субъектларда коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Коррупцияга қарши курашиш йўлидаги навбатдаги чора тадбирлар Президентимизнинг 2021 йил 6 июлда қабул қилган “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6257-сонли Фармони бўлди.
Мазкур ҳужжатга кўра Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан “Коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларнинг очиқ электрон реестри”ни юритиш белгиланди.
Реестрга киритилган шахслар давлат хизматига кириш ва давлат мукофотлари билан тақдирланиши, сайланадиган ва алоҳида тартибда тайинланадиган лавозимларга номзодларининг кўрсатилиши, давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари ҳамда идоралараро коллегиал органларнинг аъзоси бўлиш, улар томонидан таъсис этилган ва (ёки) улар иштирокчиси ҳисобланган тадбиркорлик субъектлари давлат харидларида ва давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда иштирокчи (ижрочи) сифатида қатнашиш, шунингдек, давлат активларини хусусийлаштириш билан боғлиқ тендер ва танлов савдоларида иштирок этиш, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар ҳамда давлат таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиш тақиқланди.
2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши белгиланди.
2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчиларига республика ҳудудидан ташқарида ҳисобрақамлар очиш ва эгалик қилиш, нақд пул маблағларини сақлаш, кўчмас ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади.
Агентликка манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатлар аниқланганда, шартнома, буйруқ ва бошқа ҳужжатнинг амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисида тақдимнома ёки уни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича судга даъво киритиш ваколати берилди.
Жиноят кодексида коррупцияга оид жиноятлар тоифасига кирувчи моддаларнинг аниқ рўйхатини белгилаш, коррупцияга оид жиноятлар учун белгиланган жазо чораларини узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазо чорасигача кескин кучайтириш, даромадлар ва мол-мулкни декларациялаш жараёнида аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жавобгарлик ўрнатиш, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан жиноий жазони ўташда енгиллаштирувчи нормалар қўлланилишига чекловлар белгилаш назарда тутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексига кўра порахўрлик – бошқарув органлари фаолияти тартибига қарши қаратилган уч мустақил мансаб жиноятлари – пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилишни ўз ичига оладиган атама ҳисобланади. Санаб ўтилган ҳар бир тажовуз ЖК 210-212-моддаларида назарда тутилган жиноятлар билан боғлиқ бўлмаган ҳолда содир этилиши мумкин эмас. Улар бир-бири билан шу даражада боғлиқ бўладики, пора олиш фактининг мавжуд эмаслиги пора бериш фактини ҳам истисно этади.
Мазкур жиноятнинг ижтимоий хавфлилиги шу билан изоҳланадики, пора олиш мансабдор шахслар томонидан ўзларининг мансаб ваколатларини ижро этишнинг ўрнатилган тартибини кескин ўзгартириб юбориб, бу билан давлат хизмати манфаатларини қўпол равишда бузишга олиб келади. Пора коррупция – ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг аҳоли олдидаги обрўсига путур етказадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қилаётган хавфли жиноий ҳодисанинг нисбатан кўп тарқалган ва ўзига хос ҳодисаси ҳисобланади. Хулоса шундаки, коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар ана шу ҳодиса яшаб турган жамият яратган тизимнинг носоғлом яшашида намоён бўлади. Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, пора бериш ҳам, пора олиш ҳам жиноят эканлиги, бу ҳаракатлар учун жазо муқаррарлигини чуқур англаган ҳолда иш тутиш ҳар бир шахснинг онги шуъурида ҳукм суриши даркордир.
Эгамберди Олмосов,
Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди раиси
Эргаш Қаршиев,
Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди судьяси
Элдор Абдуллаев,
Жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди судьяси