Коррупцияга қарши курашиш ҳар бир фуқаронинг бурчи бўлиши лозим

Ҳозирги глобаллашув, минтақа ва давлатлараро интеграция жараёнлари жадаллашиб бораётган мураккаб бир шароитда коррупция чегара билмас муаммога айланди.

 Айтиш лозимки, коррупция келтириб чиқараётган оқибатлар жамиятларни
ич-ичидан емириб, демократик ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишига олиб келади, иқтисодий ривожланишни издан чиқаради, жамият ва давлат учун ўта хавфли бўлган уюшган жиноятчилик ва терроризмнинг кенг ёйилишига шароит яратиб беради.

Бугун катта-ю кичик, бой ва камбағал, қудратли ва кучсиз биронта давлатни коррупциядан ҳоли ҳудуд, деб айтолмаймиз. БМТ ва Халқаро валюта жамғармасининг маълумотларига кўра, жаҳон иқтисодиёти бу офат туфайли  йилига 1.5-2.6 трлн. долларгача зарар кўрмоқда.

Хўш коррупция нима ўзи, нега бутун дунё шу иллатга қарши курашмоқда?

 Коррупция мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ижтимоий ҳуқуқий ҳодисадир. Маълумки, бу иллат ҳар қандай жамиятнинг сиёсий ва иқтисодий ривожланишига зарар етказади. Жамиятнинг маънавий ахлоқини емиради, қонун устуворлигини кучсизлантиради, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларининг жиддий тарзда бузилишига олиб келади. Шу билан бирга, уюшган жиноятчилик, терроризм ва инсоният хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа таҳдидларнинг ўсишига ёрдам беради. Унинг домига илинган амалдор шахсий манфаатини давлат манфаатидан устун қўйиши натижасида, мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий йўлига ҳамда аҳолининг аксарият қисмига тузатиб бўлмайдиган зарар етказади, чет эллик шерикларда ҳам ишончсизлик уйғотади ва уларни ҳамкорликдан қайтаради.

Жамиятни ҳар томонлама ривожлантириш ҳар бир мамлакат олдида турган асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Шундай давлатлар борки, уларнинг ҳар бирида коррупцияга қарши кураш бўйича тегишли чора-тадбирлар ва унга қарши курашиш тўғрисида норматив ҳужжатлар қабул қилинган. Ҳақиқатан, коррупция муаммоси бугунги кунда дунё миқёсида ўз ечимини талаб этаётган биринчи масалалардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам, жаҳон ҳамжамияти бу иллатга қарши кескин курашмоқда. Бу йўналишда бир қатор халқаро ҳужжатлар ҳам қабул қилинган бўлиб, БМТ ҳомийлигида қабул қилинган коррупцияга қарши курашиш резолюцияси (1995 й.), Давлат мансабдор шахсларининг халқаро ахлоқ кодекси (1996 й.), Халқаро тижорат ташкилотларида коррупция ва порахўрликка қарши курашиш декларацияси (1997 й.), Миллатлараро уюшган жиноятчиликка қарши конвенцияси (2000 й.), Коррупцияга қарши конвенция (2003 й.) ва бошқалар шулар жумласидандир.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш ҳамда ушбу турдаги жиноятларни содир этилишини олдини олишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилмоқда. давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупция омилларини келтириб чиқараётган тизимли муаммоларни бартараф этишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, амалий ҳаётга татбиқ этилмоқда. Бу борада сўз юритар эканмиз аввало, мамлакатимиз 2008 йилда Коррупцияга қарши конвенцияга, 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган Коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига қўшилганлигини, Олий Мажлис томонидан 2011 йилда Жиноий даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича Евроосиё гуруҳи тўғрисидаги битимни ратификация қилинганлигини кўрсатиб ўтиш лозим. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш  тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш бўйича  Республика идоралараро комиссиясининг ташкил этилиши ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурлари нинг қабул қилинганлиги юртимизда коррупция билан боғлиқ хуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга хизмат қилиб келмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги
ПФ-6013-сонли “Ўзбекистон Республикасида Коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги Фармони қабул қилиниб, мазкур Фармон асосида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларнинг тизимли сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш чораларининг самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва бошқа дастурларни шакллантириш ва амалга ошириш мақсадида Коррупцияга қарши кураш Агентлиги ташкил этилди.

Шунингдек коррупцион ҳаракатлар учун жазо чоралари белгиланган бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг
211-моддасига кўра, пора бериш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш ҳисобланиб, мазкур жиноят содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши,  такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 210 ёки 212-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан, кўп миқдорда содир этилган бўлса беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланиб қўйилган.

Мазкур кодекснинг 212-моддасида пора олиш-беришда воситачилик қилиш хам, яъни пора олиш ёки бериш хусусидаги келишувга эришишга қаратилган фаолият, шунингдек манфаатдор шахсларнинг топшириғи билан порани бевосита бериш базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш самарали ҳисобланмайди, коррупцияга қарши курашиш давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслиги талаб этилади. Зеро, бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар фуқаролар томонидан ҳам фаоллик кўрсатилсагина, кўзланган натижани бериши мумкин. Демак, биз коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз, барчамиз бирга ҳаракат қилмоғимиз зарур. Бунда коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг мақсади ва объекти сифатида алоҳида олинган коррупционер эмас, балки ушбу хатти-ҳаракатларни амалга оширишга шароит яратиб берувчи ҳолатларини бартараф қилиш ва профилактик олдини олиш чораларида намоён бўлишини англаган ҳолда ҳаракат қилмоғимиз лозим бўлади.


Азиз Кудратов,
Жиззах туманлараро иқтисодий суди раиси

Нуриддин Джураев,
Жиззах туманлараро иқтисодийсуди судьяси