Йиғилишда фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши раҳбарлари, уларнинг юристлари ҳамда судьялар иштирок этди.
Судларга даъво аризалари киритиш жараёнида йўл қўйилаётган қонун бузилиши ҳолатлари ва уларни бартараф этиш масаласи муҳокама марказида бўлди.
Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексига мувофиқ, айрим ҳолларда давлат органлари ва бошқа ваколатли тузилмалар юридик шахслар ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонун билан муҳофаза қилинадиган манфаатларини суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга. Бунда улар даъвогарнинг барча ҳуқуқлари ва мажбуриятларини тўлиқ ўз зиммасига олиши шарт.
Амалиётда эса фермер хўжаликлари манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида иқтисодий судларга кенгашлар томонидан кўплаб даъво аризалари киритилмоқда. Бу — ижобий ҳол. Бироқ, афсуски, ҳуқуқий ва процессуал хатоликларга йўл қўйилаётган ҳолатлар ҳам кузатилмоқда.
Жумладан, 2024-йил давомида Кенгаш томонидан тақдим этилган 12 та даъво аризасидан 5 таси — ариза шакли ва мазмуни қонун талабларига жавоб бермагани боис, суд томонидан рад этилган.
Мазкур йиғилишда айнан шундай хато ва камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича аниқ чоралар белгиланди. Шу жумладан, даъво аризаларини расмийлаштиришда қонунчиликка қатъий риоя қилиш бўйича келишувларга эришилди.