ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ СУДЛАРИ ТОМОНИДАН 2025 ЙИЛДА ОДИЛ СУДЛОВНИ АМАЛГА ОШИРИШ БОРАСИДАГИ ФАОЛИЯТИ ТАҲЛИЛИ
Жиноят ишлари бўйича судлар
Жиззах вилояти жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 2025 йил давомида жиноят ишларини кўриб чиқишда ошкоралик, холислик ва шаффофлик тамойилларига қатъий риоя қилинди. Суд фаолиятида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини устувор қўйиш, жазо тайинлаш ҳамда жазодан озод қилиш чораларини адолат мезонлари асосида қўллашга алоҳида эътибор қаратилди.
Жорий йил давомида судлар томонидан 2 410 нафар шахсга нисбатан 1 910 та жиноят иши кўриб чиқилиб, мазкур кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,7 фоизга камайган.
Шу даврда 30 708 нафар шахсга нисбатан 27 935 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўрилиб, ишлар сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 18 фоизга ошган.
Шунингдек, судлар томонидан 4 589 та жиноят иши материаллари ҳамда 19 886 та маъмурий материаллар кўриб чиқилди.
Судланган шахсларнинг 31,0 фоизига ахлоқ тузатиш ишлари, 30,0 фоизига озодликни чеклаш, 25,0 фоизига озодликдан маҳрум қилиш, 13,6 фоизига жарима, 0,10 фоизига муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ва 0,15 фоизига мажбурий жамоат ишлари жазолари тайинланди.
Жорий йилда жами 12 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилиб, ушбу шахслар тўлиқ реабилитация қилинди. Шунингдек, 458 нафар судланувчига нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан қўйилган айрим айбловлар бекор қилинган ёки енгилроқ айбловларга ўзгартирилган.
236 нафар аёлга нисбатан 214 та жиноят иши кўриб чиқилди. Судланган аёлларнинг 24,1 фоизи фирибгарлик, 19,2 фоизи қўшмачилик, 10,5 фоизи мансаб сохтакорлиги, 9,7 фоизи ўзлаштириш, 9,3 фоизи ўғирлик, 27,1 фоизи эса бошқа турдаги жиноятларни содир этган.
65 нафар вояга етмаган шахсга нисбатан 59 та жиноят иши кўриб чиқилиб, уларнинг 56,9 фоизи ўғирлик жиноятини содир этган.
Жиноятчиликнинг олдини олиш ва қонунларнинг тарбиявий таъсирини ошириш мақсадида 280 та жиноят иши (14,6 фоиз) ҳамда 7 197 та маъмурий иш (25,7 фоиз) сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилди.
Кўрилган жиноят ишларининг 1 612 таси (84,2 фоиз) бўйича хусусий ажримлар чиқарилиб, уларнинг 1 332 таси (82 фоиз) жиноят содир этилишига сабаб бўлган шарт-шароитларни бартараф этишга, 220 таси (13,6 фоиз) эса суриштирув ва дастлабки терговда йўл қўйилган хато ва камчиликларни олдини олишга қаратилди. 337 та хусусий ажрим муҳокамасида судьялар бевосита иштирок этди.
Долзарб жиноят ва маъмурий ишлар бўйича 33 марта суд амалиёти умумлаштирилиб, натижалари асосида тегишли идора ва ташкилотларга 25 та тақдимнома киритилди.
2025 йилнинг 11 ойи давомида судлар томонидан оммавий ахборот воситалари орқали 721 марта ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди.
Жиззах вилояти жиноят ишлари бўйича судлари фаолияти фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда одил судловни амалга оширишга қаратилган.
Фуқаролик ишлари бўйича судлар
Жиззах вилояти фуқаролик ишлари бўйича судлари томонидан 2025 йилнинг 12 ойи давомида одил судловни амалга ошириш борасида муайян ишлар амалга оширилди.
Ҳисобот даврида туманлараро (туман) судлар томонидан жами 88 926 та иш кўриб тамомланиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 4 595 тага кўпайган. Шундан 17 044 таси фуқаролик ишлари, 11 таси ҳакамлик суди ҳал қилув қарорларига доир ишлар, 63 349 таси суд буйруғи тартибидаги аризалар ҳамда 8 522 таси материал тартибидаги аризаларни ташкил этган.
Кўрилган ишларнинг 13 017 таси (76,3 фоиз) қаноатлантирилган, 2 267 таси (13,3 фоиз) рад этилган, 1 390 таси (8,2 фоиз) кўрмасдан қолдирилган ва 381 таси (2,2 фоиз) иш юритишдан тугатилган.
Ўтган йилга нисбатан фуқаролик ишлари 10,8 фоизга, суд буйруғи тартибидаги аризалар эса 9,8 фоизга кўпайган.
Бу даврда ҳар бир судьянинг ўртача ойлик иш ҳажми 110,7 тани, суд буйруқлари бўйича 411,4 тани, жами ўртача ойлик иш ҳажми эса 577,5 тани ташкил этган.
Олди-сотди, қарз ундириш, ер муносабатлари, оилавий ва меҳнат низолари тоифасидаги ишлар сони ошган.
2025 йил давомида давлат божи сифатида 4 690 242 545 сўм ихтиёрий тўланган, суд қарорларига асосан 55 338 415 628 сўм давлат божи ундириш белгиланган.
2 283 та иш (13,4 фоиз) сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.
Никоҳдан ажратиш билан боғлиқ 2 607 та иш кўриб чиқилиб, 123 та иш бўйича оилалар яраштирилган. Оилаларни сақлаб қолиш мақсадида тегишли идоралар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Юқори инстанцияларда шикоят қилиш кўрсаткичи 1,4 фоизни ташкил этган.
2025 йилда 39 та умумлаштириш ўтказилиб, 57 та тақдимнома киритилган, 488 марта ОАВда чиқишлар амалга оширилган.
Иқтисодий ишлар бўйича судлар
Жиззах вилояти иқтисодий ишлар бўйича судлари томонидан 2025 йил мобайнида 41 616 та ариза ва даъво аризалари қабул қилиниб, уларнинг 39 409 таси (94,6 фоиз) кўриб чиқилган. Кўрилган ишлар сони ўтган йилга нисбатан 5 545 тага кўпайган.
Асосий ишлар банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиш, коммунал хизматлар, кредит, олди-сотди, маҳсулот етказиб бериш ҳамда тўловга қобилиятсизликка доир низолардан иборат бўлган.
Кўрилган ишларнинг 20 017 таси (50,7 фоиз) сайёр суд мажлисларида ҳал этилган. Даъвогарлар фойдасига 804 млрд 871 млн сўмдан ортиқ маблағ ундириш тўғрисида суд ҳужжатлари қабул қилинган.
Бир судьянинг ўртача ойлик иш ҳажми 447,2 тани ташкил этган.
Юқори инстанцияларда ишларнинг 99,71 фоизи бўйича қабул қилинган суд қарорларининг барқарорлиги таъминланган.
Судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, аҳоли ўртасида қонунчиликни тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилган.
Жиззах вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бўйича бош консультанти М.Нурматов






