Жиззах вилояти Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармасида коррупцияга қарши курашиш юзасидан амалий семинар ташкил этилди
Мазкур тадбирда вилоят суди, прокуратураси, адлия бошқармаси вакиллари ҳамда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ходимлари иштирок этишди.
Семинарнинг асосий мақсади – давлат органларида, жумладан, ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасида шаффофликни таъминлаш, коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш, ходимларнинг ҳуқуқий билими ва масъулиятини ошириш, шунингдек, коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришдан иборатдир.

Семинар давомида сўзга чиққан маърузачилар томонидан коррупция тушунчаси, жиноий ва маъмурий жавобгарлик чоралари, бундай ҳолатларнинг жамият ва давлатга етказадиган салбий оқибатлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Шунингдек, улар ходимларнинг хизмат фаолиятида юзага келиши мумкин бўлган коррупциявий ҳолатлар ва уларни аниқлаш, олдини олиш усуллари ҳақида амалий тавсиялар тақдим этдилар.
Шунингдек, тадбирда иштирокчиларга қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришлар, манфаатлар тўқнашувини ҳал этиш тартиблари ҳақида аниқ ва тушунарли маълумотлар етказилди.
Тадбирда таъкидланганидек, коррупцияга қарши кураш – фақат бир ташкилот ёки идоранинг эмас, балки бутун жамиятнинг вазифаси саналади. Бу борадаги асосий вазифа — ҳар бир ходимда масъулият, ҳалоллик ва фидойилик туйғусини шакллантириш, жамоада соғлом муҳитни таъминлаш ва фуқаролар ишончини оширишдир.
Семинар очиқ мулоқот руҳида ўтди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олишди.
Таъкидлаш жоизки, бундай маърифий тадбирлар ходимларнинг ҳуқуқий онгини ошириш, иш фаолиятида ҳалоллик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.