Жиззахда вилоят суди ҳамда Марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси томонидан кредит низолари бўйича семинар ташкил этилди

Видеоконференция шаклида ўтказилган тадбирда вилоят суди судьялари,туманлараро ва туман судлари раислари, судьялари ҳамда вилоят ҳудудида фаолият юритувчи банкларнинг масъул вакиллари офлайн ва онлайн тарзда иштирок этди.

Тадбир давомида бугунги кунда судларда кредит низолари билан боғлиқ муаммоли ишлар борган сари кўпайиб бораётганлиги, шу тоифадаги ишларни кўришда юзага келаётган муаммо ва камчиликларга ечим топиш ва уларни бартараф этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. 
Жиззах вилоят суди ҳамда марказий банкнинг вилоят бош бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда вилоятда фаолият юритувчи банк бошқарувчилари ва юристларига атрофлича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунчалар берилди. 

Семинар давомида банклар томонидан судга бериладиган кредит билан боғлиқ даъво аризалар сифатли бўлиши, унга илова қилинадиган ҳужжатлар, далиллар, гаров мулклари ҳақида маълумотлар, кредит қарздорлиги ва тўловлар кечиктирилганлиги ҳақида асослантирилган ҳужжатлар тақдим этилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Бироқ банклар томонидан кредит қарздорликларини ундириш ҳақидаги даъво аризалари ваколатсиз шахслар томонидан берилганда қайтарилганлиги, шу сабабли мазкур тоифадаги аризалар тақдим этилганда процессуал қонун талабларига риоя этиш кераклиги алоҳида қайд этиб ўтилди.

Семинар якунида иштирокчилар берган саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар берилди ва кредит қарздорликлари борасида дуч келинаётган тизимли муаммолар ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан аниқ таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.