Зўравонликнинг олдини олиш – давлат ва жамиятнинг устувор вазифаси
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, унинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларида белгиланган устувор вазифалардан биридир. Зўравонликнинг ҳар қандай кўриниши жамият барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади ва қонун билан тақиқланади.
Зўравонлик – бу шахсга нисбатан жисмоний куч ишлатиш, руҳий ёки психологик босим ўтказиш, таҳдид қилиш, ҳақоратлаш, мажбурлаш ёки иқтисодий жиҳатдан чеклаш орқали зарар етказишдир. У жисмоний, руҳий, психологик, иқтисодий ҳамда маънавий шаклларда намоён бўлиши мумкин.
Айниқса, оилавий-маиший муносабатлар доирасида содир этиладиган зўравонлик ҳолатлари жамиятнинг ижтимоий барқарорлигига салбий таъсир кўрсатади.
Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигида зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган. Жумладан:
Маъмурий жавобгарлик: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 592-моддасига асосан, хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан ҳуқуқбузарлик содир этилганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 20 бараваригача жарима солиш ёки 10 суткагача маъмурий қамоққа олиш мумкин.
Жиноий жавобгарлик: Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1261-моддасига мувофиқ, оилавий (маиший) зўравонлик учун жиноий жазо белгиланган. Бундай ҳаракатлар такроран содир этилганда ёки оғир оқибатларга олиб келганда айбдор шахсга нисбатан қонуний жазо чоралари қўлланади.
Мазкур нормалар зўравонликнинг олдини олиш, жабрланувчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган.
Зўравонликнинг олдини олишда давлат органлари, маҳаллий ҳокимият, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш ҳам муҳим вазифалардан биридир.
Фуқаролар зўравонлик ҳолатларига бефарқ бўлмаслиги, бундай ҳолатларга гувоҳ бўлганда ваколатли органларга мурожаат қилиши қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.
Хулоса қилиб айтганда, зўравонлик жамият тараққиётига жиддий таҳдид солувчи иллат бўлиб, унга қарши кураш фақат давлат органларининг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий вазифасидир. Қонунчиликни такомиллаштириш, ҳуқуқий онгни ошириш ва фуқароларнинг бефарқ бўлмаслиги орқали зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш мумкин. Ҳар бир инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида ҳимоя қилиниши шарт.
Замонали Мажидов,
Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро судининг судьяси






