ИЛЛАТГА ҚАРШИ КУРАШИШ БАРЧАНИНГ БУРЧИ

Коррупция давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир, десак, янгилишмаган бўламиз. Агар коррупция ҳақида соддароқ айтадиган бўлсак, у давлат идораларида ишловчи шахсларнинг ўз амалидан фойдаланиб, шахсий манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйишлари, пора эвазига сотилишлари ёки сотиб олинишлари, ноқонуний моддий ёки номоддий бойлик орттиришлари демакдир.

 

Сўнгги беш йилда мамлакатимизда аввалги йилларга қараганда коррупцияга қарши кураш доирасида кенг қамровли ишлар амалга оширилиб келинмоқда. Жумладан, 2017 йил 4 январдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг янги босқичини бошлаб берди.

Хусусан, мазкур қонуннинг қабул қилиниши, шунингдек, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ташкил этилиши ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурининг тасдиқланиши юртимизда коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирларни самарали амалга оширилишини таъминлади.

Мисол учун, қисқа вақт ичида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга оид бешта норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, «Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида»ги, «Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги, «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонунлар қабул қилинди. Бундан ташқари, Президентимизнинг 2019 йил 27 майда имзолаган «Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-5729 – сонли Фармони ҳам коррупцияга қарши курашиш борасидаги изчил саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад юртимизда суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш, коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахс ларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилишдир.

Шунингдек, ушбу фармонга кўра, бундан кейин идоравий коррупцияга қарши курашишнинг самарали дастурларини амалга ошириш, уларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш орқали тегишли соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни тагтомири билан йўқотиш давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг биринчи даражадаги муҳим вазифаси ҳисобланадиган бўлди.

Ҳа, мақсадимиз иқтисодиётимизни янада жадал юксалтириш, халқимиз фаровонлигини ошириш экан, коррупцияга қарши кураш йўлида барчамиз бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳат бўлишимиз керак. Шу билан бирга суд-прокуратура идоралари вакиллари томонидан коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар тўғрисида ва ушбу жиноятга қўл урган шахсларнинг суд ҳукмига асосан қай тартибда жазоланганлиги тўғрисида оммавий ахборот воситаларида мунтазам равишда ёритишга эътибор қаратишлари керак.

 

 

Жиззах вилоят судининг судьяси                                      Ш. Муллажанов