Коррупция жинояти ва жазо чоралари: квалификация қилишнинг ўзига хос хусусиятлари
Юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги ва демократик тамойилларга таянган барқарор фуқаролик жамиятини барпо этишга қаратилган. Давлатимиз томонидан қабул қилинган ҳуқуқий-ташкилий чора-тадбирлар, сиёсий ислоҳотлар ва иқтисодий модернизация жараёнлари фуқаролар фаровонлигига хизмат қилиши лозим.
Шу билан бирга, айрим виждонсиз шахслар томонидан шахсий манфаатни умумий манфаатдан устун қўйиш, давлат ва жамият манфаатларини поймол этиш ҳолатлари – яъни коррупциявий ҳаракатлар кузатилмоқда. Бу эса инсон ҳуқуқларининг бузилишига, қонун устуворлигига путур етказилишига, иқтисодий барқарорликнинг издан чиқишига ва жиноятчиликнинг ўсишига замин яратмоқда.
Коррупцияга қарши самарали курашиш — унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, ушбу иллатга йўл очадиган шарт-шароит ва омилларни бартараф этиш орқали амалга оширилиши зарур. Бугунги кунда коррупцияга сабаб бўлаётган асосий омиллар қаторига:
- давлат бошқаруви тизимининг ортиқча бюрократик тартиб-таомилларга бойлиги;
- рухсат бериш механизмларининг мураккаблиги;
- мансабдор шахслар манфаатларининг етарлича ҳимоя қилинмагани;
- давлат хизматидаги иш ҳақининг рақобатбардош эмаслиги каби муаммолар киради.
Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида мустаҳкам ҳуқуқий база шакллантирилган. Хусусан, 2017 йил 3 январь куни “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Ушбу қонунга кўра, коррупцияга қарши кураш давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган ҳамда жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш устувор вазифалардан бири сифатида қайд этилган.
Ўзбекистон халқаро майдонда ҳам мазкур соҳадаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Мамлакатимиз 2008 йилда БМТнинг “Коррупцияга қарши конвенция”сига (Нью-Йорк, 2003 йил 31 октябрь), 2010 йилда Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган “Истанбул ҳаракатлар режаси”га қўшилди. Шунингдек, “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ҳам қабул қилинган.
Коррупцияга қарши курашишда мутасадди давлат органлари – Бош прокуратура, Давлат хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти фаолият олиб бормоқда.
Бироқ коррупцияга қарши курашда фақатгина ҳуқуқий чоралар билан чекланиш етарли эмас. Бу йўналишда жамоатчилик назорати, фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштироки ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Давлат органлари фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик томонидан назорат қилишнинг институционал механизмларини жорий этиш коррупциянинг олдини олишда муҳим ўрин тутади.
Шу ўринда, таъкидлаш жоизки, жиноят қонунчилигимизда коррупциявий жиноятлар Жиноят кодексининг бир нечта бобларида тарқоқ ҳолда акс этган. Улар орасида:
- 15-боб (“Бошқарув тартибига қарши жиноятлар”),
- 10-боб (“Ўзгалар мулкини талон-торож қилиш”),
- 17-боб (“Жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар”),
- 24-боб (“Ҳарбий мансабдорлик жиноятлари”) алоҳида аҳамиятга эга.
Коррупциявий жиноятларнинг умумий ижтимоий объекти — давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг самарали фаолияти, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминловчи ижтимоий муносабатлар ҳисобланади. Айниқса, Жиноят кодексининг 205–206, 209–214-моддаларида назарда тутилган жиноятлар тўғридан-тўғри коррупциявий характери билан ажралиб туради.
Мансаб мавқеини суиистеъмол қилган ҳолда мулкни ўзлаштириш ёки талон-торож қилиш каби жиноятлардаги тўғридан-тўғри объект эса — шахсга ишониб топширилган ёки унинг ихтиёрида бўлган мулкни муҳофаза қилиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатлардир.
Шундай экан, коррупцияга қарши курашишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жамоатчилик ва фуқароларнинг ҳамжиҳатлиги, ҳуқуқий маданиятнинг юксаклиги ва қонунга итоаткорлик тамойилига содиқлик асосий омил бўлиб хизмат қилади. Бундан ташқари, ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолиятини жамоатчилик назоратида эканини англаши коррупциянинг илдизига зарба беришда муҳим аҳамият касб этади.
Жиноят ишлари бўйича
Жиззах шаҳар суди тергов судьяси
Акмал Уринов