Коррупцияга қарши кураш
Жорий йилнинг 5 март куни Президентимиз раислигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди. Унда соҳада амалга оширилган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликлар ва келгусидаги устувор вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилишда кейинги йилларда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш, қонун устуворлигини таъминлаш ва ижтимоий адолатни қарор топтириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири экани таъкидланди. Шу билан бирга, айрим идоралар фаолиятида профилактик чора-тадбирларга етарли эътибор қаратилмаётгани танқид қилинди.
Коррупция ислоҳотлар йўлидаги жиддий тўсиқ бўлиб, фуқароларнинг давлат ва қонунларга бўлган ишончига салбий таъсир кўрсатиши, барқарор ривожланиш ва хавфсизликка таҳдид солиши қайд этилди. Унга қарши самарали курашиш фақат давлат органлари эмас, балки бутун жамиятнинг ҳамкорлигини талаб этади.
Йиғилишда суд тизимида коррупциявий хавф-хатарларни бартараф этиш, судьялар мустақиллигини таъминлаш ва одил судлов сифати ҳамда самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Суд фаолиятига ҳар қандай аралашиш қонунга зид экани ва бундай ҳолатлар учун жавобгарлик белгилангани таъкидланди.
Судьяларнинг фақат Конституция ва қонунга бўйсуниши, ташқи таъсирлардан холи ҳолда қонуний ва адолатли қарор қабул қилиши фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини мустаҳкамлайди. Бу эса судьялардан юксак касбий билим, ҳалоллик ва коррупцияга нисбатан муросасизликни талаб этади.
Фуқаролик ишлари бўйича Пахтакор туман суди раиси Т. Хакимов






