Оилавий (маиший) зўравонлик ҳуқуқбузарлиги тўғрисида
Хабарингиз бор, аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайганлиги сабабли, бундай зўравонликларнинг олдини олиш ва камайтириш мақсадида аёлларга ҳимоя тартиби (order) берилиши йўлга қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 59/2-моддасида оилавий (маиший) зўравонлик ҳақида сўз юритилган бўлиб, унга кўра:
Хотинига (ёрига), собиқ хотинига (собиқ ёрига), бир хонадонда яшайдиган шахсга ёки умумий фарзандга эга шахсга нисбатан содир этилган мулкка, таълим олишга, соғлиқни сақлашга ва/ёки меҳнатга оид ҳуқуқларни амалга оширишга тўсқинлик қилиш;
Мол-мулк ва шахсий буюмларга қасддан зарар етказиш;
Шунингдек, ушбу шахслар соғлиғи ёмонлашишига олиб келадиган тарзда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш;
бундай ҳолатлар, агар жиноят аломатлари ёки Кодексда кўзда тутилган бошқа ҳуқуқбузарлик белгилари мавжуд бўлмаса, базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баробаридан йигирма баробаригача жарима солишга ёки ўн суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Шунингдек, хотинни (ёрини), собиқ хотинни (собиқ ёрини), бир хонадонда яшайдиган шахсни ёки умумий фарзандга эга шахсни дўппослаш, бу шахсларга соғлиқнинг қисқа муддатга ёмонлашиши ёки меҳнат қобилиятининг узоқ бўлмаган муддатга йўқолишига олиб келмаган қасддан енгил жароҳат етказиш ҳам базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баробаридан йигирма баробаригача жарима ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа сабаб бўлади.
Барчамиз тарғибот ишларини кўпайтирсак, аёлларга ва қизларга нисбатан зўравонликлар албатта камаяди ва оилаларнинг мустаҳкам бўлишига олиб келади.
Жиноят ишлари бўйича
Зарафобод туман суд раиси
Ж. Салоҳиддинов






