Суд тизимида янги босқич

“Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” деган ғоя асосида халқимизга хос бўлган “Инсон қадри баланд давлатда ислоҳотларни тўхтатиб бўлмайди” шиори остида Янги Ўзбекистон ўз ислоҳотларини амалга оширмоқда.

2025 йил 21 август куни Ўзбекистон Республикаси Президенти
томонидан “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техника таъминотини яхшилашга доир қўшимча
чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-140-сонли Фармон имзоланди.

Мазкур ҳужжат суд тизимини такомиллаштириш, суд жараёнларини шаффоф ва самарали ташкил этиш ҳамда фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Фармоннинг бош мақсади – суд тизими фаолиятига сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш орқали суд қарорларининг сифатини ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, судларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашдан иборатдир.

Фармонда қуйидаги устувор йўналишлар белгиланган:

  • судларда сунъий интеллект технологияларини татбиқ этиш;
  • судларнинг моддий-техника таъминотини яхшилаш;
  • суд қарорлари ижросида шаффофлик ва очиқликни таъминлаш;
  • судялар ва ходимларнинг малакасини ошириш.

Келгусида мазкур Фармоннинг ижроси натижасида судлар фаолияти самарадорлиги сезиларли даражада ошади, фуқароларнинг одил судловга ишончи мустаҳкамланади, замонавий технологиялар асосида тезкор ва сифатли қарорлар қабул қилиниши таъминланади.

Фармоннинг энг катта аҳамияти шундаки, у нафақат суд тизимини замонавийлаштиради, балки адолатга интилиш борасида янги имкониятлар эшигини очади. Бугунги рақамли даврда сунъий интеллектдан фойдаланиш – суд тизимини инсон омилига боғлиқ хатолардан асрайди, суд қарорларининг тезкор ва асосли бўлишига хизмат қилади. Бу ислоҳотлар натижасида фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончи сезиларли даражада ошади ва жамиятда адолат тамойили янада мустаҳкамланади.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техника таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон Ўзбекистон суд тизимининг келажакдаги тараққиёти учун муҳим ҳужжат бўлиб, одил судлов тамойилларини мустаҳкамлашда янги босқични бошлаб берди. Ушбу ҳужжат асосида судларда сунъий интеллект технологияларининг жорий этилиши суд ишларининг тезкорлиги, шаффофлиги ва адолатлилигини таъминлайди. Шу билан бирга, судларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланиб, замонавий инфратузилма яратилади, судялар ва ходимларнинг малакаси ошади. Натижада, фуқароларнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончи янада ортиб, жамиятда адолат ва қонун устуворлиги янада мустаҳкамланади.

 

С.Набиев

 Жиззах вилоят суди судьяси