УЙ-ЖОЙ ҲАМДА ЙЎЛ МОЖАРОСИГА БАРҲАМ БЕРИЛДИ

Халқимиз азал-азалдан қариндошлар ўртасидаги меҳр-оқибат, aҳил-иноқлик ва тинчлик-тотувлик каби олийжаноб фазилатларни улуғлаб келган. Бундай юксак инсоний туйғулар қон-қариндошлик ришталарини янада мустаҳкамлаб, жамиятда мўътадил муҳитни яратади.

Бироқ, ҳаётда мулк, уй-жой талашиб, етти ёт бегонага айланаётган оға-инилар, опа-сингиллар, қўни-қўшнилар ҳам учраб турадики, бу ҳолатлар ҳар бир кишини беихтиёр ўйлантириб қўяди.

Фарғона тумани, “Тўқай” МФЙ, Б.Марғилоний кўчаси 99А-уй ҳамда 99Г-уй ўртасидаги энига 3.61 метр бўлган йўлакдан пиёда ва транспортда кириб-чиқиши учун йўлак мавжуд бўлган.

Мазкур йўлакга М.Мамажанов (исм шарифлар ўзгартирилган) ҳоким қарори ва тегишли ташкилотларнинг рухсати билан икки қаватли иморат қурган. Бу эса ўз навбатида, йўлакдан фойдаланиб келган  қўшниси ҳисобланган 99-А уйнинг эгаси бўлган Ш.Рахматов (исм шарифлар ўзгартирилган) ва унинг оила аъзоларига уйларига кириб-чиқишлари тўсиқ бўлган ва икки ўртада низо келиб чиққан.

Мазкур низо икки тараф ҳам тадбиркор бўлган фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятларига ўз таъсирини кўрсатмасдан қолмаган.

Қўшнилар мазкур низони ўзаро тинч йўл билан ҳал этолмаганлиги сабабли фуқаро Ш.Рахматов ва унинг оила аъзолари қурилган иморатларни буздириш ва йўлакдан фойдаланиш тартибини белгилаш ҳақидаги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Фарғона туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво аризаси қисман қаноатлантирилиб, даъвогар Ш.Рахматовнинг Фарғона тумани, “Тўқай” МФЙ, Б.Марғилоний кўчаси 99А-уй ҳамда 99Г-уй ўртасидаги энига 3.61 метр бўлган йўлакдан пиёда ва транспортда кириб-чиқиши учун сервитут ҳуқуқи белгиланган.

Аммо, тарафлар ўртасида мазкур низога суднинг ҳал қилув қарори барҳам бера олмади.

Иш бўйича жавобгар суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция тартибида шикоят келтириб, суднинг ҳал қилув қароридан норози эканлиги ва низога барҳам берилмаганлигини кўрсатган.

Мазкур апелляция шикоят Фарғона вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция инстанциясида кўриш давомида тарафлар ўртасида давом этиб келаётган низога барҳам берилди.

Апелляция инстанцияси томонидан тарафларни яраштириш бўйича олиб борган тушунтиришлари натижасида, қўшнилар ўзаро келиштирилди, улар тақдим этган келишув битими суд томонидан тасдиқланиб, фуқаролик иши иш юритишдан тугатилди.

Судларда ишларни кўришда асосий эътибор низоларни тарафлар ўртасида яраштириш, келиштиришга аҳамият қаратиб келингани натижасида судларда узоқ йиллардан буён ўз етичини топмаётган, турли инстанцияларда кўрилиб охирига етмаётган низолар хусусан юқоридаги сингари ўз ечимини топмоқда.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳар қандай оқил киши инсонийлик бурчини биринчи галдаги вазифа деб билади, аҳиллик ва муроса интилади, зеро, ахиллик ва муроса бор жойда ҳеч қандай низога ўрин қолмайди.

Тарафлар ўртасидаги низоларни келиштириш орқали ҳал қилиш, айниқса қўни-қўшни ўртасида вужудга келган низоларни кўрилиши жамиятимизда эскитдан мавжуд бўлган ва ота-боболаримиздан мерос бўлиб ўтиб келаётган қўни-қўшничилик ришталарини сақланиб қолишга, икки тарафнинг ҳам манфаатли натижага эришишига хизмат қилади.

Фозилжон Хатамқулов,
Фарғона вилоят суди судьяси