Фуқаролик судлари суд ҳужжатларини Мажбурий ижро бюроси томонидан асоссиз қайтарилиши: муаммо ва ечимлар
Фуқаролик судлари суд ҳужжатларини Мажбурий ижро бюроси томонидан асоссиз қайтарилиши: муаммо ва ечимлар
Фуқаролик судлари томонидан чиқарилган қарорларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижро этилиши адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Бироқ, амалиётда суд ҳужжатларининг, жумладан суд буйруғи, ҳал қилув қарори асосида берилган ижро варақаси ёки бошқа ижро ҳужжатларининг ижро бўлимлари томонидан турли важлар билан асоссиз қайтарилиши кузатилмоқда.
Айниқса, сўнгги пайтларда давлат ижрочилари томонидан «ижро ҳужжатида ижрога топшириш муддати кўрсатилмаган» деган важ билан суд ҳужжатлари қабул қилинмаслиги ҳолатлари учрамоқда. Ваҳоланки, Фуқаролик процессуал кодексининг (ФПК) 178-моддасида бундай талаб мавжуд эмас.
Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек: «Суд қарорларининг адолатли ва ўз вақтида ижро этилиши – халқ ишончини мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартидир.»
Демак, суд ҳужжатларининг ўз вақтида ижро этилмаслиги нафақат фуқароларнинг ҳуқуқларини чеклайди, балки суд ҳокимиятининг нуфузига ҳам путур етказади.
Ижро ҳужжатларининг асоссиз қайтарилишининг айрим сабабларини келтириб ўтсак, жумладан:
1. Ижро органлари томонидан қонунчиликнинг нотўғри талқин қилиниши.
Айрим мажбурий ижро бюроси давлат ижрочилари «ижрога топшириш муддати кўрсатилмаган» деган баҳона билан суд ҳужжатларини қабул қилишдан бош тортмоқда. Аслида эса, ФПКнинг 170-моддаси ижро муддати кўрсатилмаган ҳужжатлар бажарилмаслиги керак деган талабни ўз ичига олмайди.
2. Давлат ижрочисининг тажрибасизлиги ёки эҳтиётсизлиги.
Айрим давлат ижрочилари қонунчиликни чуқур билмаслиги ёки нотўғри талқин қилиши натижасида фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний талабларини бажармаяпти.
3. Бюрократик тўсиқлар ва ортиқча расмиятчилик.
Суд қарорларини ижро этиш жараёнида ортиқча ҳужжатлар талаб қилиниши ёки ижро ҳужжатлари ҳар хил сабаблар билан асоссиз қайтарилиши қонуний манфаатларга путур етказмоқда.
4. Ижро тизимида назоратнинг етарли эмаслиги.
Ижро органларининг фаолияти устидан етарли назорат бўлмагани сабабли, айрим ходимлар қонунни нотўғри қўллаш ҳолатларига йўл қўймоқда.
Мисол: Фуқаро Р. қарздор “Б” номли МЧЖдан 10 миллион сўм миқдоридаги ҳисобланган, лекин ходимга тўланмаган иш ҳақини ундириш бўйича суд буйруғини беришни сўраб судга мурожаат қилди. Суд Р. фойдасига суд буйруғи берди ва “Адолат” ахборот тизимлар комплекси орқали ижрога юборди. Бироқ, Мажбурий ижро бюроси (МИБ) давлат ижрочиси суд буйруғида «ижрога топшириш муддати кўрсатилмаган» деган асос билан
(ФПК 178-моддаси талабига кўра суд буйруғида ижрога топшириш муддати кўрсатилиши назарда тутилмаган) ҳужжатни қабул қилмасдан Ўзбекистон Республикаси «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонунининг 8-моддаси 1-қисми 7-банди талабларига мувофиқ бўлмаганлиги сабабли судга қайтарди (ушбу ҳолат бир неча маротаба такрорланди). Шундан сўнг, Р. бу масала бўйича тегишли судга ва тегишли МИБ идораси раҳбарининг қабулига ташриф буюради ва натижада суд ҳужжати ижро учун қабул қилиниб, унинг ижроси таъминланди.
Муаммонинг ҳуқуқий ечимлари:
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида белгиланган суд ҳужжати ижросига оид нормаларни «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуни талабларига мувофиқлаштириш;
Ижро органлари томонидан қонунчиликнинг нотўғри талқин қилинишининг олдини олиш;
Давлат ижрочиларининг ҳуқуқий билимларини ошириш бўйича махсус семинарлар ташкил қилиш;
Тизимдаги ортиқча бюрократияни камайтириш;
МИБ бўлимлари суд ҳужжатларини қабул қилишда ортиқча талабларни қўймаслиги учун махсус назорат механизмлари (ҳеч бўлмаганда бўлим бошлиғи розилиги асосида) ишлаб чиқиш;
Давлат ижрочиларининг жавобгарлигини ошириш (агар ижрочи қонунчиликни нотўғри талқин қилиб, суд ҳужжатини қабул қилишдан асоссиз бош тортса, у интизомий жавобгарликка тортилиши керак);
Суд ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш (фуқароларнинг суд қарорларини тўлиқ ижро этилишига бўлган ишончини ошириш учун ижро тизимини шаффоф ва самарали қилиш зарур).
Хулоса қиладиган бўлсак, суд қарорларининг ижро этилиши фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоясини таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади. Лекин суд ижро ҳужжатларининг Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочилари томонидан асоссиз қайтарилиши фуқароларнинг қонуний манфаатларига путур етказади. Юқоридаги мисолда кўриб ўтганимиздек, айрим давлат ижрочилари ўз вазифасини тўлиқ бажармаяпти. Шундай экан қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт. Шундагина, фуқаролар суд орқали ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятига эга бўладилар ва адолат устувор бўлади.
Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, – «Қонун устуворлиги ва адолатни таъминламасдан, жамиятда ислоҳотларнинг натижасини кутиш қийин.»
Фуқаролик ишлари бўйича Дўстлик туманлараро
судининг судьяси Замонали Зафарович Мажидов