Ўзбекистон Республикаси Олий судида Бош қомусимиз қабул қилинганлигининг 32 йиллигига бағишланган байрам тадбири ўтказилди

“Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!” шиори остида ташкил этилган тадбирда видеоконференцалоқа режимида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар, туманлараро, туман (шаҳар) судлари судьялари ҳамда ходимлари иштирок этишди.

 

Олий суд раиси Бахтиёр Исломов тадбирни кириш сўзи билан очиб, янги таҳрирдаги Конституция мамлакатимиз тараққиёти, жамиятнинг ривожи ҳамда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонунийлик ва суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

 

Шунингдек, тантанали тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди тарихига бағишланган янги чоп этилган “Ўзбекистон Олий суди” тарихий китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрами муносабати билан кўп йиллик самарали меҳнати, фидойилиги ҳамда алоҳида хизматлари билан жамоада обрў-эътибор қозонган Ўзбекистон Республикаси Олий суди тизимида фаолият юритувчи судя ва суд аппарати ходимларининг бир гуруҳи рағбатлантирилди. Хусусан, Жиззах вилоят суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Жамол Қаххоров эсдалик қўл соати билан тақдирланди. Мукофотни Жиззах вилояти судининг раиси Акрам Шукуров топширди.

Тақдирлаш маросими Жиззах вилояти суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан ташкил этилган тадбирга уланиб кетди. Вилоят суди раиси Акрам Шукуров Ўзбекистон Республикаси Конституцияси Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатларининг мустаҳкам кафолати эканлигини айтиб, барчани Бош қомусимиз қабул қилинган кун билан табриклади.

 

Шундан сўнг, вилоят суди раиси Акрам Шукуров Жиззах вилояти судлари тарихига бағишлаб ёзилган “Жиззах вилоят судлари: тарих, тараққиёт, бугун” номли китобининг яратилиш тарихи ҳамда унинг мазмун-моҳияти ҳақида тўхталиб ўтди.

Тадбирда вилоят суди раисининг фамойишига асосан вилояти судлари тизимида фаолият юритиб келаётган, 2024 йил давомида энг юқори сифат ва рейтинг кўрсаткичларига эга судялар, соҳалар бўйича энг намунали суд ходимлари, шунингдек узоқ йиллардан буён суд соҳасида самарали меҳнат қилиб келаётган ходимлар ҳамда уларнинг ота-оналари вилоят суди ҳамда вилоят суди касаба уюшмаси қўмитаси томонидан ташаккурнома, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 32 йиллиги байрами муносабати билан “Менинг Конституциям ва давлат тилим” мавзусида ўтказилган диктант ёзиш танлови бўйича мусобақа ғолибларига вилоят суди раисининг диплом ва эсдалик совғалари топширилди.