МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ ТУШУНЧАСИ
Меҳнат шартномаси — ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир (ЎзР МК 72-модда). Шунингдек, меҳнат шартномаси фуқароларни ишга қабул қилиш, бошқа ишга ўтказиш ва ишдан бўшатишни тартибга солувчи меҳнат ҳуқуқининг институти сифатида ҳам намоён бўлади. Булардан ташқари меҳнат шартномаси фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқларини амалга ошириш шакли, меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларни келтириб чиқарувчи ва муайян вақт давомида амал қилишини таъминловчи асос ҳамдир.
Меҳнат шартномаси:
1) ходим ҳамда иш берувчининг эрки ва мақсадини ифода этувчи келишувдир;
2) эришилган келишувга мувофиқ ходим муайян бир ишни бир марта бажариш мажбуриятини эмас, балки аниқ мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни шартномада кўрсатилган вақт мобайнида бажариш мажбуриятини олади;
3) келишувга мувофиқ ходим маълум меҳнат вазифасини муайян бир корхона, ташкилот, муассасада бажариш мажбуриятини олади;
4) ходимни меҳнат жамоасига, корхонанинг шахсий таркибига киритади ва ички меҳнат тартиби қоидаларига бўйсунишни билдиради.
Меҳнат шартномаси – тарафлари бўлиб ходим 16 ёшга тўлган фуқаролар, истисно тариқасида ота-онасидан бирининг ёзма розилиги билан 14 ва 15 ёшга тўлган фуқаролар) ва иш берувчи (корхоналар, уларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари ўз раҳбарлари тимсолида, мулкдорнинг ўзи айни бир вақтда раҳбар бўлган хусусий корхоналар, ўн саккиз ёшга тўлган шахслар) ҳисобланади.
Меҳнат шартномаси – мазмунини тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ташкил қилади. Меҳнат шартномасининг мазмуни тарафлар келишуви бўйича, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланади. Меҳнат шартномаси мазмуни асосий ва қўшимча шартлардан ташкил топади. Меҳнат шартномасининг асосий шартлари деганда, мазкур шартларнинг меҳнат шартномасида ўз аксини топмаганлиги уни тузилганлигини ҳақиқий эмас деб топишга олиб келади. Меҳнат шартномасининг асосий шартларига иш жойи, меҳнат функцияси, ишнинг бошланиш куни, иш ҳақи ва муддат билан боғлиқ шартлар киради. Меҳнат шартномаси қўшимча шартлари – бу шартлар ҳақида тарафлар келишишга мажбур эмаслар. Қўшимча шартларга ходимга меҳнат шароитлари белгиланган ҳолда қонун ости ҳужжатларида назарда тутилган қўшимча меҳнат мажбуриятларини юклаш, бир неча касбда ишлаш тартиби ва шартлари кўрсатилган ҳолда бир неча касбда ишлаш, синов муддати, иш вақти режими, тижорат сирларини ошкор қилмаслик, ижтимоий-маиший тусдаги бошқа шартлар киради.
Меҳнат шартномаси – ёзма шаклда тузилади. Меҳнат шартномасининг шакли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли “Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорига 1-илова шаклида тасдиқланган “Ёзма ҳолдаги меҳнат шартномаси(контракт) тузиш юзасидан ТАВСИЯЛАР”ни ҳисобга олган ишлаб чиқилади. Меҳнат шартномаси бир хил кучга эга бўлган камида икки нусхада тузилади ва ҳар бир тарафга сақлаш учун топширилади.
Меҳнат шартномаси – номуайян муддатга, беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга, муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин. Агар меҳнат шартномасида унинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган бўлса, меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган ҳисобланади. Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини ходимнинг розилигисиз муайян муддатга, шунингдек муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб қайта тузилиши мумкин эмас.
Собир Кулиев,
Жиззах вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси