Шу куни вилоят ИИБ биносида ИИБ профилактика инспекторлари, ЙҲХБ ва Ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси инспекторлари ҳамда вилоят судлари судьялари иштирокида судларга юборилаётган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни расмийлаштиришда йўл қўйилаётган тизимли камчиликлар бўйича семинар машғулоти ўтказилди.
Семинарда, маърузачи судья томонидан мамлакатимизда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлашда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларини муҳофаза қилишда судлар ҳамда ички ишлар органларининг ҳамкорликдаги фаолияти муҳим аҳамият касб этиши, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни ва ҳукм, ажрим, қарорларнинг ижро этиш билан боғлиқ материалларни тайёрлашда тегишли равишда қонун талабларига риоя қилинмаганлиги келгусида шу ишлар бўйича қонуний, асосли ва адолатли қарорлар қабул қилинишига ўзининг салбий таъсирини кўрсатиши билан бирга фуқароларнинг сарсонгарчилигига ҳам сабаб бўлиши ҳамда йўл қўйилаётган тизимли камчиликлар ҳақида айтиб ўтилди.
Шунингдек, Жиззах вилоят ИИБ профилактика инспекторлари, ЙҲХБ ва Ички ишлар органларининг жазоларни ижро этиш инспекцияси инспекторларини амалиётда қийнаётган муаммо ва таклифлар эшитилиб, уларни келгусида ҳал этиш чоралари белгилаб олиниб, семинар иштирокчиларига таъкидланган камчиликларнинг келгусида такрорланмаслиги, мамлакатимизда қонун устуворлиги ва ижтимоий адолатни таъминлашда, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларини муҳофаза қилишда судлар ва ички ишлар органларининг ўрнини янада мустаҳкалашга олиб келиши уқтирилди.