ТАДБИРКОРЛАР ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА
Жиззах “Махсус иқтисодий зонаси”да вилоят иқтисодий ва маъмурий суди судьялари томонидан тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ташкиллаштирилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг 2022 йил 21 январдаги “Республика судларининг 2021 йилда одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолияти якунлари ва келгусидаги вазифалари ҳамда 2021 йилда суд ҳокимияти органларини молиявий, моддий-техник таъминлаш борасида амалга оширган ишлари тўғрисида”ги РС-01-22-сонли қарорининг 20-бандига асосан ҳафтанинг ҳар жума куни “Тадбиркорлар куни” деб белгиланган.
Тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларга ҳуқуқий масалаларда ёрдам кўрсатиш мақсадида Жиззах вилоят судлари томонидан тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий масалаларда амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Хусусан, Амалий ёрдамлар етакчи тадбиркорлик субъектлари иштирокида учрашувлар, семинарлар, давра суҳбатлари, сайёр қабуллар ўтказиш орқали кўрсатилмоқда.
Ушбу тадбир ҳам очиқ мулоқот орқали вилоятимизда, қолаверса, мамлакатимизда фаолият юритиб келаётган тадбиркорларимизнинг мавжуд муаммоларини тинглаш ва уларга ҳуқуқий ёрдам беришга бағишланган.
Вилоят судининг маъмурий ва иқтисодий судлов ҳайъати раислари, судьялари ҳамда Жиззах “Махсус иқтисодий зонаси” директори З.Сайидов билан ҳамкорликда ўтказилган “Тадбиркорлар куни”даги учрашувда ҳам тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий масалаларда амалий ёрдамлар кўрсатилди ҳамда тадбиркорлик субъектларининг саволларига жавоблар берилди, шунингдек тадбиркорларнинг шахсий қабули ўтказилди, уларнинг таклифлари тингланди ва ҳар бирига индивидуал тарзда ёндашилди.
Мен, мавжуд ҳуқуқий низо юзасидан иқтисодий судга даъво аризаси билан мурожаат қилган эдим. Бугунги очиқ мулоқотга таклиф қилинганимда судларга ушбу масала билан мурожаат қилдим, келганим яхши бўлган экан, судьянинг тушунтиришича мен иқтисодий судга эмас, балки низо юзасидан маъмурий судга мурожаат ҳуқуқим мавжуд эканлиги тушунтирилди. Ҳатто, даъво аризам тегишлилигига кўра тўғридан тўғри маъмурий суднинг ўзига мазмунан кўриш учун ўтказилиб берилди. Вақтида билганим жуда яхши бўлди, чунки катта вақтим тежалди, биласиз, тадбиркорлар учун вақт бу пул. – дейди чет эллик тадбиркор Ли Ян.
Шунингдек, тадбир давомида, тадбиркорлик субъектларига тадбиркорлик фаолиятига оид қонунчилик ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида ҳам тушунтиришлар берилиб, фаолиятга виждонан ёндашиш, коррупцион ҳолатларнинг олидини масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Хусусан, хусусий мулк даҳлсизлиги институти, Ўзбекистон Республикасининг “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Тадбиркорлар билан учрашув баҳс-мунозараларга ва қизғин савол-жавобларга бой тарзда ўтди. Тадбир сўнггида ҳудудда фаолият олиб бораётган иқтисодий косплекслар билан таништирилди.