Жиззах вилоят судлари томонидан вилоят маъмурий суди биносида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар учун матбуот анжумани ҳамда “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди

Тадбирда дастлаб Жиззах вилоят суди раиси Акрам Шукуров томонидан суд тизимидаги ислоҳотлар ҳамда вилоят суди ва вилоят маъмурий судининг тузилиши ва фаолияти ҳақида йиғилганларга тушунтирилди.

Шундан сўнг, Жиззах вилоят маъмурий суди раиси вазифасини вақтинча бажарувчи Аъзам Сайфитдинов 2024 йил 1-чорагида маъмурий судлар томонидан кўрилган ишларнинг 79 тасини ер билан боғлиқ ишлар ташкил қилиб, ушбу ишларнинг 45 таси қаноатлантирилган, 28 таси рад этилган, 1 таси иш юритишдан тугатилиб, 5 таси кўрмасдан қолдирилган ҳамда ушбу ишлар бўйича йўл қўйилган хато ва камчиликлар юзасидан вилоят, туман (шаҳар) ҳокимликларига нисбатан 43 та хусусий ажримлар чиқарилиб, муҳокама қилиш ва тегишли чоралар белгилаш учун юборилганлиги таъкидланди. Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Рахматилла Орзиқулов томонидан жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судлари томонидан 2024 йил 1-чорагида 653 нафар шахсга нисбатан 502 та жиноят иши, 6280 нафар шахсга нисбатан 5798 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар кўриб тамомланганлиги, 4 шахсга нисбатан оқлов ҳукмлари чиқарилганлиги баён қилинди. Жиззах вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Жамол Қаххоров томонидан 2024 йил 1-чорагида суд мажлисларининг тарбиявий ва профилактик аҳамиятини ошириш, томонларга суд процессида қатнашиб, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишлари учун қулайлик яратиш мақсадида кўрилган ишларнинг 641 таси сайёр суд мажлисларида ҳал этилганлиги, ҳал этилган ишлар бўйича даъвогарлар фойдасига 178 млрд. сўмдан ортиқ пул маблағлари ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинганлиги айтиб ўтилди. Жиззах вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Нодиржон Расулов томонидан 2024 йил 1 чорагида судлар томонидан кўрилган ишлар ҳамда суд буйруқларининг 9.753 таси мурожаат этувчиларнинг электрон аризалари асосида кўрилганлиги таъкидланди.

Шунингдек, Жиззах вилоят маъмурий судининг бош консультанти Зуфар Умурзақов томонидан фуқаролар учун қулайлик яратиш мақсадида жорий этилган ўндан зиёд суд интерактив хизматлари, улардан фойдаланиш тартиби ва суд мажлисларида масофадан туриб қатнашиш имкониятлари, «Адолат» ахборот тизими ҳақида журналист ва блогерларга тўлиқ тушунтириш берилди.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларига атрофлича жавоб олишди.

Шундан сўнг, медиа вакиллари вилоят маъмурий судининг девонхона ва статистика фаолияти, фуқароларни қабул қилиш жараёни билан танишди.