Бошқаларга ҳам тавсия қилгудек – Жиззахда яхши тадбир ўтказилди

 Жиззахда яхши тадбир ўтказилди. Тадбирки, бошқа судларга ҳам тавсия қилгудек. Яъниким, вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати мутасаддилари шу ихтисосликда фаолият кўрсатаётган судья ёрдамчилари ва суд аппарати ходимларининг яқинлари (ота-онаси, турмуш ўртоқлари) билан учрашув ташкил этди.

Бундай тадбирнинг аҳамияти катта.

Суд тизими фақат судьялардан иборат эмас. Тизим фаолиятида судья ёрдамчилари, суд аппарати  ходимларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Уларнинг ютуғи – тизимнинг ютуғи, уларнинг – хатоси…

Шундай экан, суд ходимларининг юриш-туриши, ишдан ташқари пайтдаги хатти-ҳаракатларидан воқиф бўлиш  фойдадан холи бўлмайди. Бунинг энг яхши йўли –  ходимларнинг яқинлари билан учрашиб туриш. Бунинг яна бир яхши томоники, суд ходимларига қўйилаётган талаблар, уларнинг зиммасидаги масъулиятдан яқинлари яна-да кенгроқ тасаввур ҳосил қилади. Чунки, бу борда ходимнинг ўзидан кўра, унинг раҳбаридан эшитишининг таъсири катта, самараси  кўпроқ бўлади.

 

Қисқаси, шахснинг камоли-ю заволида оиланинг ўрни беқиёс экани эътиборидан  ишхона ва оила ўртасида  изчил мулоқот ўртаниш муҳим.

Тадбирда таъкид этилдики, бугун суд тизимида ўзгаришлар оз эмас, шундан келиб чиқиб, суд ходимларига қўйилаётган талаблар залвори ортиб бормоқда. Айниқса, тизимда коррупциянинг олдини олишда масаласида тизимда барча бирдек мажбуриятга эга. Буни асло эътибордан соқит қилиб бўлмайди.  Бундан ташқари кийинишидан тортиб, ўзини тутиши, айниқса, кимлар билан  дўст бўлаётганигача диққатдан қочириб бўлмайди.

Унутмаслик керакки, меҳнати ва хулқи билан ишхонасида ҳурмат топган ходим оиласининг фахрига айланади.

Юк кўтарган юзага чиқади, деган ҳикмат бежиз эмас.

Ушбу ҳикмат бўлиб ўтган тадбирда яна бир бор исботини топди. Ҳалол ва намунали меҳнат қилаётган суд ходимларининг ота-оналарига ташаккур билдирилди. Ўз навбатида ота-оналар ҳам сўзга чиқиб, ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Тадбир якунида оилавий ажримларнинг аччиқ оқибатларидан ҳикоя қилувчи “Ота” қисқа метражли фильми намойиш этилди.