Колонияда жазо ўтаётганига қарамай автомашина олиб қочган маҳкумга нисбатан суд ҳукми ўқилди

Б.Куллиев (исми шарифи ўзгартирилган) жиноят ишлари бўйича Зомин туман судининг ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, уч йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, ҳозирда 3-минтақавий ҳудуд 30-сон манзил-колониясида жазони ўтаётган бўлишига қарамасдан Жиззах шаҳрида жойлашган МЧЖга шартнома асосида ишга жалб этилган вақтида, 2022 йил 4 август куни соат 03:30 ларда Пахтакор тумани “Тошкент” МФЙ Ш.Рашидов шоҳ кўчасидан ўтган Жиззах-Гагарин 4Р-32 йўлнинг Жиззах йўналишидаги йўлнинг ўнг томонида жойлашган савдо мажмуаси олд томонидаги автотураргоҳда эшиклари қулфланмаган ҳолда қолдирилган С.Саидовга тегишли “Ласетти” русумли давлат рақами 30 G 550 HA бўлган автомашинани атрофда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланиб, автомашинани бир ўзи Жиззах йўналиши бўйлаб бошқариб олиб қочган.

 

Апелляция инстанциясида сўралган Б.Куллиев, айбига қисман иқрорлик билдириб кўрсатув берган бўлсада, унинг айби жабрланувчи, гувоҳларнинг дастлабки тергов ва суддаги кўрсатувлари, ишдаги тушунтириш хатлари, ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириш, сўроқ, кўрсатувларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, юзлаштириш баённомалари ҳамда иш бўйича тўпланган бошқа далиллар билан исботланди.

 

Суд якуни бўйича Б.Куллиевга Ўзбекистон Республикаси ЖК 267-моддасининг 1-қисми билан ЖКнинг 60-моддаси тартибида 5 йил 3 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Низомиддин Эрназаров,
Жиззах вилоят судининг судьяси