Мақсад соғлом оила барпо этишдир

Президентимизнинг 2023 йил 21 декабрдаги “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпуси шакллантирилмоқда. 2024 йилнинг 1 февралидан эса тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг 2 нафардан судьяси оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда ушбу судларда “Оила судьялари” ташкил этилади.

“Оила судьялари”нинг  ижобий томони шундаки, айнан оилавий низоларни кўради, бунга қатъий ихтисослашиб, бошқа ишларни кўришга чалғимайди, шу борадаги қонун ҳужжатлари, ҳаётий тажрибадан келиб чиқиб, бу тоифадаги ишларни муҳокама қилади, оилавий низоларнинг келиб чиқиш сабабларини таҳлил қилади, бунга имкон яратган шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриб боради.  

Шунингдек, давлатимизда оила институтини мустаҳкамлаш, унинг нуфузини ошириш, ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, эрта никоҳнинг олдини олиш ва соғлом фарзандларни дунёга келтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.  

Ҳақиқатан ҳам, оила келажак авлодга кучли таъсир этувчи чинакам тарбия масканидир. Шу боис ёшларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, айниқса, уларнинг оила қуришларига жиддий эътибор қаратиш барчадан катта масъулият талаб этади. Айтиш жоизки, бугунги кунда ҳам қариндошлар ўртасида никоҳ, шунингдек, қизларни эрта узатиш ҳолатлари кузатилаётганлиги ва бу салбий оқибатларга олиб келаётгани ушбу масалага янада теранроқ назар ташлаш, янада масъулият билан ёндашиш лозимлигини кўрсатади.

Мамлакатимизда бундай ҳолатларнинг олдини олиш борасида қатор ишлар амалга оширилганлигини айтиб ўтиш ўринли. Эрта оила қурган шахслар, шунингдек, бунга йўл қўйган ота-оналар, таълим ва диний муассаса ходимлари жавобгарликка тортилмоқда. Оила кодекси, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ва Жиноят кодексларига никоҳ ёши тўғрисидаги қонун талабларини бузганлик, яъни никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга, эрга бериш ёки уйлантириш, шунингдек, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш учун жавобгарликни белгиловчи нормалар киритилди.  

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунининг 3-моддасида таълимнинг узлуксизлиги ва изчиллиги, шунингдек, умумий ўрта ва ўрта махсус таълимнинг мажбурийлиги, маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддасида эса ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан вояга етмаган болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларини бажармаслик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.  

Никоҳга қадам ташлаётган ҳар бир қиз ва йигит биринчи навбатда оилага ҳар томонлама, яъни жисмоний ва руҳий жиҳатдан соғломлиги,  келажакда ота-она бўлишга, фарзанд тарбияси билан шуғулланишга тайёрлигини обдон ўйлаши зарур.  

Бугунда ёшларимизнинг айримлари оила қуришга тайёр бўлмасдан эрта турмуш қуриши оқибатида, шунингдек, қариндошлар ўртасидаги никоҳлар ажрашишларга сабаб бўлмоқда. Эрта никоҳнинг олдини олиш учун ёшларга биринчи навбатда соғлом бўлиши зарурлиги, касб-ҳунарли бўлишини, етук мутахассис бўлиб, ота-онаси, Ватанига хизмат қилишини ўргатишимиз лозим.  

Барчамизга маълумки, судлар томонидан никоҳдан ажратиш билан боғлиқ ишлар кўрилганда, муддат бермасдан ажратиш ҳолатлари деярли учрамайди. Бунинг ҳам кўпгина салбий томонлари мавжуд. Хусусан, эр хотинни мунтазам уриб, оғир тан-жароҳати етказиб, жиноятда жабрланувчи бўлса ҳам уларга муддат берилар ёки даъвоси рад этилар эди. Оқибатда жиноятдан жабр кўрган аёл яна тазйиқ ва зўравонлик остида яшашга мажбур бўлар эди.  

Эндиликда бундай ҳолатда маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг асослантирилган хулосаси билан суд ишни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиб, жабрланувчининг талаби билан муддат бермасдан ажратишга йўл қўйилади. Бу ҳам зўравонликка учраган хотин-қизларнинг ҳуқуқларини давлат ва суд томонидан самарали ҳимоя қилишнинг муҳим воситасидир.

Суд амалиётида никоҳдан ажралган аёл кўпгина ҳолларда уй-жойга киритиб қўйиш ҳақида судга даъво аризаси билан мурожаат қилади. Эр бошқа оила қурган, у ва собиқ турмуш ўртоғи ўртасида баҳсли ҳолатлар мавжуд, шунга қарамасдан собиқ хотин уй-жойга киритиб қўйилади.  

Қонун асосида уй эгаси яшаш учун шароитларга эга бошқа яшаш жойи ёки ижара ҳақини тўлаб бориш билан бошқа уй-жойга таклиф этганда, суд тарафларнинг фикрини инобатга олиб, иш ҳолатидан келиб чиқиб, шу турар жойга ёки ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини юклаш орқали узоқ муддатли низога барҳам берилади.  

Юртимизда никоҳ муносабатларини мустаҳкамлаш, оилавий ҳаётда рўй берадиган салбий ҳодисаларнинг олдини олиш, оилада соғлом муҳитни шакллантириш, баркамол авлодни тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлардан кўзланган мақсад  соғлом ҳамда мустаҳкам оила барпо этишдир. Чунки Ватан  оиладан бошланади.  

Нодиржон Расулов,  

Жиззах вилояти суди раисининг  

ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси