СУДЬЯЛАР МУСТАҚИЛЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШ ДАВР ТАЛАБИ

Судьялар мустақиллиги, дахлсизлиги, улар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслигининг давлат томонидан кафолатланиши, моддий ва ижтимоий таъминот даражаларининг юқори эканлиги одил судловга эришиш қонуний, асосланган ва адолатли суд қарорлар чиқарилишининг омилидир.

Зеро, судьянинг мустақиллиги таъминланмаган бир шароитда одил судловни амалга оширишга, қолаверса, адолатлилик, холислик, ҳалоллик ва поклик каби эзгу фазилатларни рўёбга чиқаришга мунтазам тўсиқлар вужудга келаверади.

Маълумки, судьялар ҳуқуқий мақомини белгиланишида судлар мустақиллиги тамойили муҳим аҳамият касб этиб, бу деярли барча хорижий давлатлар миллий қонунчилигида ўз аксини топган.

Одил судлов адолатли ва мустақил судьялар корпусисиз мавжуд бўлиши мумкин эмас. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 106-моддасида Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши, 112-моддасида эса, судьяларнинг мустақиллиги фақат қонунга бўйсуниши, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши қатъий белгиланган.

Президент Ш.Мирзиёев 2020 йил 30 июнь куни одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш борасидаги вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишда ҳам судлар фаолиятига алоҳида тўхталиб “Суд биносига келган ҳар бир инсон Ўзбекистонда адолат борлигига ишониб чиқиб кетиши керак”, дея таъкидлаган эдилар.

Шуни алохида таъкидлаш жоизки, 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида ҳам еттита устувор йўналишлардан бирида айнан судларни мустақиллигини таъминлашга қаратилган алоҳида мақсад белгилаб олинди.

Унга кўра, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлашда судьялар ҳамжамияти органларининг ролини янада ошириш, судьяларнинг ўзини ўзи бошқариш тамойилини кенг жорий этиш ҳамда судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишнинг олдини олиш бўйича таъсирчан механизмларини жорий этиш лозим бўлади.

Таъкидлаш жоизки, судьяларнинг мустақил ва фақат қонунга бўйсунган ҳолда иш юритишларининг конституция даражасида кафолатланишини асосий сабабларидан бири – суд ҳокимиятига бошқа ҳеч қайси орган ваколатига тааллуқли бўлмаган ҳуқуқ — одил судловни амалга ошириш ҳуқуқи берилганлиги билан изоҳланади. Зеро, мамлакатимиз ҳаётида, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлиқ таъминланишига эришишда одил судловнинг аҳамияти беқиёсдир.

Шу боис, судьяларнинг мустақиллигини амалда таъминлаш ва улар фаолиятига ҳар қандай бевосита ёки билвосита ташқи таъсирлар, босим ёки аралашишларнинг олдини олиш ва судларни ижро ва қонун чиқарувчи ҳокимият органларидан мустақил ҳолда фаолият олиб бориш имкониятини тўлиқ яратиш лозимлигини замоннинг ўзи тақозо этмоқда.

Бугунги кунда юртимизда суд ҳокимияти ва судьяларнинг мустақиллиги давлат томонидан кафолатланган бўлиб, ушбу кафолатлар юқорида таъкидланганидек, мамлакатимиз Конституцияси, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги ва “Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги қонунлари билан тўғридан тўғри тартибга солинган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 9-бобида судьялар мустақиллигининг амалга ошириш кафолатлари кўрсатилган бўлиб, унга кўра судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш, судьянинг дахлсизлиги, судьяга ҳурматсизлик қилганлик учун жавобгарлик, судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Шунингдек, мазкур қонунга мувофиқ, судьяларни қонунда белгиланган тартибда лавозимига сайлаш, тайинлаш, судьялик ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш аосий тамойилларда бири ҳисобланади.

Ушбу қонун талабларидан келиб чиқиб, Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодексига ушбу қоиданинг дастлабки принцип сифатида киритилиши ҳам бежизга эмас, албатта. Зеро, судьянинг мустақиллиги таъминланмаган бир шароитда одил судловни амалга оширишга, қолаверса, адолатлилик, холислик, ҳалоллик ва поклик каби эзгу фазилатларни рўёбга чиқаришга мунтазам тўсиқлар вужудга келаверади.

Бинобарин, Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодексининг 5-моддасига кўра, судьянинг мустақиллиги давлат томонидан унинг фақат қонунга бўйсуниши, лавозимга тайинланиш (сайланиш) тартиби, унинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашув учун жавобгарликка тортиш орқали кафолатланади.

Судья ўз касбий фаолиятини амалга оширишида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва бошқа қонунларга сўзсиз риоя этиши, ҳар қандай ташқи таъсирларнинг олдини олиши, таҳдидлар, босим ва ғайриқонуний таъсир ўтказишга, суд жараёнига бевосита ёки билвосита аралашишга қаршилик кўрсатиши, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ва мулкий манфаатлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаши шарт.

Судья одил судловни амалга ошираётганда суд процесси барча иштирокчиларининг процессуал ҳуқуқларини ҳурмат қилган ҳолда, ҳар қандай бевосита ёки билвосита ташқи таъсирлар, ниятлар, босим ёки аралашишлардан қатъи назар мустақил ҳаракат қилиши, фақат фактларни баҳолашдан келиб чиқиши ва ички ишончига асосланиб, қонунга ва ҳуқуқий онгига амал қилиши шарт.

Судья фаолиятининг оммавий муҳокама қилиниши, унинг номига билдирилаётган танқидий фикрлар у чиқарадиган қарорнинг қонунийлиги ва асослилигига таъсир этмаслиги керак.

Дарҳақиқат, суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилган экан бу борада судьялар зиммасига юкланган ўта муҳим вазифа — одил судловни оғишмай амалга ошириш муҳим аҳамият касб этади. Чунончи, суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва судьянинг мустақиллиги одил судловни амалга оширишнинг муҳим шартларидан биридир.

Шу ўринда “суднинг мустақиллиги” ҳамда “судьянинг мустақиллиги” каби тушунчаларни бир-биридан фарқлашимиз лозим. Биз биламизки, суднинг мустақиллиги деганда, Ўзбекистонда одил судловнинг фақат суд органлари томонидан, бошқа ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан ва жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда амалга оширилиши тушунилади. Судьянинг мустақиллиги деганда эса, унинг фақат қонунга бўйсунган ҳолда, хеч қандай аралашув ва тазйиқларсиз, кимларнингдир талаблари ёки фикрларидан мустақил ҳолда судлов фаолиятини амалга ошириши тушунилади.

Ушбу фарқлардан келиб чиқиб, “мустақиллик” тушунчаси суд тизимида икки хил мазмун касб этади:

– институционал мустақиллик;

– индивидуал мустақиллик.

Уларнинг ҳар иккиси шуни тақозо этадики, суд ҳокимияти, судьялар, уларнинг таркибий қисмлари бошқа бирор оммавий ҳокимиятга бўйсунмаслиги керак.

Институционал мустақиллик шуни англатадики, судьялар суд ҳокимиятнинг ҳар қандай бошқа тармоғидан мустақил, яъни улар ҳеч қандай бошқа давлат органларига, жумладан, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятга бўйсунмайди ва улар олдида жавоб бермайди. Барча бошқа давлат муассасалари суд ҳокимияти қарорларини ҳурмат қилиши ва уларга риоя қилиши керак.

Суд ҳокимиятининг индивидуал мустақиллиги судьяларнинг бошқа давлат ва нодавлат тузилмалар ҳамда уларнинг мансабдор шахсларидан, оддий фуқаролар ва ҳаттоки, бир суд доирасидаги судьялар ёки юқори инстанция судьяларидан мустақиллигини англатади.

Судлов органлари мустақиллигининг асосий принципларида, давлат органлари, бошқа институтулар ва хусусий шахслар судьяларни мажбурлаш ёки уларни мауйян қарорлар чиқаришига оғдириш йўлида босим кўрсатишдан тийилишлари шартлиги кўрсатилган.

Мазкур қоидадан келиб чиқиб, суд ҳокимиятининг индивидуал мустақиллиги судьяларнинг бошқа республика ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мансабдор шахсларидан мустақиллиги, судьяларнинг суд раисларидан мустақиллиги, судьяларнинг юқори турувчи суд судьяларидан мустақиллиги, суд ҳайъатларида судьянинг бошқа судьялардан мустақиллиги, судьяларнинг бошқа ҳар қандай фуқаролардан мустақиллиги каби белгилар билан тавсифланади.

Юридик адабиётларда ҳам судьяларнинг мустақиллиги тўғрисида турли фикр ва мулоҳазалар мавжуд. Хусусан, олим ва ҳуқуқшунос Н.Г.Юркаевичнинг фикрича, судьяларнинг мустақиллиги ва фақат қонунга буйсуниши демократик ҳуқуқий давлат қуришда муҳим аҳамиятга эга, қаерда судья бўйсунувчан бўлса, у ерда суд ҳокимияти мавжуд бўлмайди.

Йон Ньюманнинг таъкидлашича эса, мустақил судга хизмат қилувчи шахс ўзига мустақил шахс сифатида қараши керак. Судья ўзи тўғрисида “мустақил” шахс ҳақида гапиргандай гапириши ҳамда давлат ҳокимияти вакилларининг хатти-ҳаракати ва суд тизимининг мустақиллигига хавф солувчи хатти-ҳаракатларни диққат билан кузатиб бориши лозим.

Фикримизча, олимлар томонидан билдирилган ушбу фикрлар юқорида айтиб ўтганимиздек, судьянинг ҳар қандай ташқи таъсирлардан ҳоли фаолият юритиши, бунинг учун қонунда белгиланган барча имкониятлардан кенг фойдаланиши лозимлигини ва пировард натижа – мамлакатимизда одил судлов тўлиқ рўёбга чиқарилишини англатади.

Шу билан бирга, судьянинг мустақиллиги тушунчасининг ҳуқуқий асоси миллий қонунчилигимизга кириб келишига, қолаверса, Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодексига алоҳида принцип сифатида киритилишга халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари асос бўлиб хизмат қилганлигини эътибордан четда қолдирмаслигимиз зарур.

Хусусан, Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 1985 йил 29 ноябрдаги ва 1985 йил 13 декабрдаги резолюциялари билан тасдиқланган “Суд органлари мустақиллигининг асосий принциплари”да ҳам мустақиллик алоҳида тамойил сифатида ўз аксини топган бўлиб, ушбу ҳужжатга кўра, суд органларининг мустақиллиги давлат томонидан кафолатланиши ва бу мамлакат конституцияси ва қонунларида мустаҳкамлаб қўйилиши, барча давлат органлари уларнинг мустақиллигини ҳурмат қилишлари ва фаолиятига ғайриқонуний тарзда таъсир кўрсатмасликлари лозимлиги қатъий белгилаб берилган.

Ўзбекистон томонидан мазкур халқаро ҳужжатга 1997 йил 30 августда маъқулланган бўлиб, ундаги суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва холислигини таъминлашга қаратилган асосий нормалар Конституция ва “Судлар тўғрисида”ги Қонунда, шунингдек Судьлар одоб-ахлоқ кодексида  ўз ифодасини топган.

Одил судловга оид ҳалқаро стандартларда ҳам судьяларнинг мутақилигини таъминлашга оид асосий мезон ва қоидалар белганган.

Буларнинг энг асосийси 2002 йил 26 ноябрда Гаага шаҳрида қабул қилинган “Судьяларнинг одоб ахлоқига оид Бангалор принциплари” ҳисобланади.

Мустақиллик, холислик, ҳалоллик ва поклик, этник нормаларга риоя қилиш, тенглик, компетентлик ва интилувчанлик принциплари бугунги кунда қатор давлатлар каби Ўзбекистон Республикасининг суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилигида ҳам ўз ифодасини топган.

Юқорида келтириб ўтилган қонун ҳужжатлари ҳамда халқаро ҳужжатларни амалиётга изчил тадбиқ этиш, шунингдек, мамлакатимизда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ва суднинг нуфузини ошириш, судлар фаолиятида одил судловни амалга ошириш бўйича қонунийликни рўёбга чиқариш мақсадида бир қатор қонун ости ҳужжатлар ҳам қабул қилинди. Ушбу ҳужжатларнинг амалдаги ижросини таъминлаш орқали жамиятда судьяларнинг хеч бир тўсиқларсиз касбий фаолиятини амалга оширишлари учун кенг имкониятлар яратилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 октябрда қабул қилинган “Суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4850-сонли Фармони билан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди. Унга кўра, давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органларининг муҳим вазифалари сифатида суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормаларга ва одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликнинг муқаррарлиги принципига оғишмай амал қилинишини таъминлаш белгиланди.

Шунингдек, судлар ва судьялар мустақиллигини таъминлаш бўйича қабул қилинган яна бир ҳуқуқий асослардан бири ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4966-сонли Фармонини ҳам алоҳида эътироф этиш мақсадга мувофиқдир.

Мазкур фармонга мувофиқ, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва нуфузини ошириш, судлар тузилмасини ҳамда судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида, Судьялар ҳамжамиятининг органи ҳисобланадиган ва суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашадиган Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.

Судьялар олий кенгашининг асосий вазифаси этиб судьялар дахлсизлиги бузилишининг ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар кўриш, суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини ва ягона суд амалиётини таъминлаш, одил судловга эришиш даражасини ва уни амалга ошириш сифатини яхшилаш белгиланди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил  7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сонли Фармони ҳам юртимизда судьяларнинг мустақиллигини таъминлашда борасидаги самарали ишларнинг изчил давомидир.

Мазкур ҳужжат билан суд тизимини малакали ва ҳалол пок кадрлар билан тўлдириш, суд органларининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада ошириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги ПФ-5729-сон Фармони билан тасдиқланган 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастури ижросини таъминлаш кўзда тутилган бўлиб, судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш белгиланди.

Суд тизимида судьялар ва суд ходимларини сифатини янада яхшилаш мақсадида  судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини жорий этишнинг замонавий тизими жорий этилди.

Ўзбекистонда илк бор судьяларни тайёрлаш ва малкасини оширишнинг янгича ёндошуви натижасида Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширш йўлга қўйилиб, буни натижасида юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш дастури белгиланди.

Дарҳақиқат, жамиятда суд органларининг нуфузини ошириш, судьяларнинг чинакам мустақиллигини ва фақат қонунларга асосланиб иш юритишини таъминлашда мамлакатимиз Конституцияси ва шу асосда қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари муҳим аҳамият касб этади. Зеро, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим шартлардан биридир.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида амалга ошириб келинаётган изчил, тизимли ва кенг кўламдаги ислоҳотлардан пировард мақсад – бу судьянинг мустақиллигини амалда таъминлашдир. Жамиятда судьянинг мустақиллиги амалда таъминланмас экан, адолатли одил судловни амалга оширишда тўсиқлар пайдо бўлади ва бу судьялар томонидан адолатли қарорлар қабул қилинишига салбий таъсирини ўтказади.

Шу боис, судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, мустаҳкам иродали, юксак маънавий ва касбий фазилатларга эга бўлган суд корпусини шакллантириш судьялар ҳамжамиятининг долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолади.