ЯНГИОБОДДА САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗИЛДИ

Сайёр ва оммавий қабуллар орқали барча турдаги раҳбарлар халқ билан янада яқинлашиб, мавжуд муаммоларнинг аниқ таҳлили вужудга келди. Буни Жиззах вилоятида судҳуқуқ масалалари ва туманларда  «Аёллар дафтари«га киритилган, тазйиқ ва зўравонликка учраган хотинқизларга самарали ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилишини таъминлаш мақсадида ўтказилган оммавий сайёр қабул мисолида кўриш мумкин.

 

 

Янгиобод тумани 19-сонли мусиқа ва санъат мактаби биносида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жиззах вилоят Халқ қабулхонаси, Жиззах вилоят судлари раислари, Оила ва хотин-қизлар туман бўлими, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими, прокуратура, ички ишлар, адлия ва бошқа ташкилотларнинг масъул ходимлари ҳамкорликдаги тузилган ишчи гуруҳ томонидан оммавий сайёр қабул ўтказилди. Бу ҳақда Жиззах вилоят судининг матбуот хизмати хабар берди.

Ўтказилган оммавий сайёр қабулда жами 72 та фуқаролар қабул қилинди. Қабул қилинган фуқароларнинг 4 таси жиноят ишлари бўйича (шундан барчаси маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан), 9 таси фуқаролик ишлар бўйича, 11 таси маъмурий судларга, 48 таси эса туман ҳокимлигига оид мурожаатларни ташкил этади. Шундан 62 та фуқаронинг оғзаки мурожаати, 10 та фуқаронинг ёзма мурожаатлари қабул қилинди. Ёзма мурожаатлардан 5 та мурожаат фуқаролик ишлари бўйича, 4 таси жиноят ишлари бўйича, 1 таси Жиззах вилоят маъмурий судларга тегишли.

Жами мурожаатлардан 62 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 10 та мурожаат жойида ижобий ҳал этилиб, мурожаатлар қаноатлантирилди. Муддат талаб этадиган мурожаатларни ҳал этиш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилиб, ижроси қатъий назоратга олинди.

Мен, 1995 йили Жиззах вилояти, Янгиобод тумани, Пучуғой қишлоғига қўшни давлатдан келин бўлиб тушганман. Шу вақтгача Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш имкони бўлмаган. Бошқа ташкилотларга кўп маротаба мурожаат қилган эдим, аммо ижобий натижаси бўлмаган. Бугунги судлар томонидан ташкил этилган сайёр қабулда яшаганлик фактини белгилаш масаласида иштирок этдим.  Масалам ижобий ҳал этиладиган бўлди. Бунинг учун ушбу тадбирни ташкил этган мутасадди ташкилотларга ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан! – дейди мурожаатчи Нарзуллаева Юлдуз Раҳмоновна.

10 та мурожаат қуйидагича ижобий ҳал қилинди:

– 4 нафар фуқаронинг кадастр агентлиги томонидан тайинланган жаримани бекор қилиш юзасидан берган илтимосномаси қаноатлантирилди;

– 4 нафар фуқаронинг яшаганлик фактини белгилаш юзасидан берган аризаси қаноатлантирилди;

– 1 нафар фуқаронинг невараси билан учрашиш тўғрисидаги аризаси қаноатлантирилди;

– 1 нафар фуқаронинг даволаниш учун йўлланма олиш масаласидан ёрдам сўраб ёзган аризаси қаноатлантирилди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ташкил этилган мазкур идоранинг амалий кўмаги билан кўплаб ҳамюртларимиз ўзларини қийнаб келаётган турли муаммоларга ечим топмоқда. Энг муҳими, мурожаатлар тегишли ташкилотлар томонидан ўз вақтида қонуний ва адолатли ҳал этилаётгани фуқароларимизнинг ҳаётдан рози бўлиб, эртанги кунга ишонч ҳисси билан яшашларида муҳим омил бўлмоқда.

Сайёр қабул давомида, Жиззах маъмурий суди раиси А.Мамарахимов, вилоят суди раиси ўринбосари А.Шукуров, Р.Орзиқулов ҳамда Ж.Қаххаровлар томонидан сайёр қабулга келган фуқароларга “Одам савдоси ва мажбурий меҳнат қурбони бўлиб қолманг”, “Чақалоқ ва болалар савдосидан огоҳ бўлинг” мавзуларида учрашув ўтказилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги  қонунларнинг мазмун-моҳияти ҳақида ҳам тушунтириш ишлари олиб борилди.

Мухтасар айтганда, сайёр қабуллар аҳоли муаммоларини жойида, тез ва самарали ҳал этиш имконини бераётгани, ҳудудларда йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларни аниқлаш ва бартараф этилишида давлат органлари ва ташкилотлари олдига вазифалар қўяётгани ва ушбу вазифаларни тўлақонли бажаришга ундаётгани билан муҳим аҳамият касб этмоқда.