БАЙРАМ ШУКУҲИ

Бугун Жиззах вилоят суди томонидан мамлакатимиз Мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Вилоят суди раиси Ў.Джумаев, раис ўринбосарлари А.Шукуров, Р.Орзиқулов ва Ж.Қаҳҳоровлар судья, суд аппарати ходимлари ҳамда суд фахрийларини самимий қутлар экан, бу йилги мустақиллик тантаналари “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” бош ғоя асосида ташкил этилаётганини алоҳида таъкидладилар.

Бу ғоя суд фаолиятида ҳам ўзининг теран ифодасини топиши учун ҳар бир судья ва суд ходими ўз фаолиятини ушбу мезон асосида ташкил этиши лозимлиги қайд этилди. Уни чуқур англаш учун эса аввало чуқур билим ва тажбибага эга фахрийларимиздан ўрганадиган жиҳатларимиз жуда кўп.

Тадбирда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ўзгариш ва янгиланиш жараёни, кўламли ислоҳотлар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Қайд этилганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қиладиган мустақил суд ҳокимиятини шакллантириш йўлида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Судьялар мустақиллигини таъминлаш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш йўлида ҳам муҳим ишлар олиб борилмоқда. Буни ҳар бир судья ва суд ходими ўз фаолиятида аниқ ҳис этиб турибди.

Таъкидланганидек, суд фахрийларининг юксак билим ва ҳаётий тажрибалари, судья ва суд ходимларининг масъулиятли фаолияти давлатимиз томонидан доимо юксак қадрланиб келмоқда.

Ўтказилган тадбирда вилоят судининг икки нафар ходими О.Эгамбердиев ва Т.Эшонқуловларга Жиззах вилояти ҳокимининг Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллик байрами муносабати билан Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва халқимиз фаровонлигини таъминлаш йўлидаги фидокорона хизматлари учун Фахрий ёрлиқ билан тақдирландилар.

Меҳнатдан толиқмай, ўзининг севган ишига меҳрини бериб ишлаган, бир эмас бир неча шогирдларни ўстирган, суд фахрийларининг суҳбатини олиш, уларнинг ҳолидан хабар олиш – одамийликнинг энг олий мезони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.

Тадбирнинг сўнги қисмида суд фахрийлари билан самимий суҳбатлари олинди. Шундан сўнг уларга эсдалик совғалар топширилди.

Бундан суд тизими фахрийлари уларга қаратилган эътибордан беҳад хурсанд бўлишди, илиқ тилаклар билдириб дуолар қилишди.