КОРРУПЦИЯ ЖИНОЯТИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Сўнгги йилларда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар миллий давлатчилик ва суверенитетни мустаҳкамлаш, жамиятда қонун устуворлигини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш учун муҳим пойдевор бўлди, халқимизнинг муносиб ҳаёт кечириши, фуқароларимизнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш учун зарур шарт-шароитлар яратди. Мамлакатимизда коррупция каби иллатга барҳам берилмоқда.

Демократик қадриятлар қарор топиб бораётган бугунги шароитда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосий ташаббускори ҳамда уларнинг ҳаётга кенг жорий этилишида энг катта масъулиятни зиммасига олган шахслар, яъни мансабдор шахслар ҳамда бошқа давлат хизматчилари томонидан жиноят содир этилиши давлат ва жамият манфаатларига путур етказади, ўз навбатида, уларнинг жамиятдаги мақоми ва мавқеидан келиб чиққан ҳолда жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини янада оширади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасига биноан “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, деб белгиланган. Асосий Қонуннинг бу талаблари давлат ҳокимияти, давлат хизмати ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолият механизмларида ёки уларнинг соҳаларида мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширади, давлат аппаратининг фуқаролар олдидаги мажбуриятларини белгилаб беради.

Ҳақиқатдан ҳам, коррупция жамият ривожига сезиларли даражада тўсиқ бўладиган иллатлардан бири ҳисобланади.

Шу боисдан бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифалардан бирига айланмоқда.

Жиззах вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати, жиноят ишлари бўйича туман шаҳар судлари томонидан 2021 йил давомида коррупция билан боғлиқ кўрилган (Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167, 168,1929-19211, 205-206, 209-214, 243) жиноят ишлари бўйича суд амалиёти умумлаштирилди.

2021 йил давомида коррупция билан боғлиқ 171 нафар шахсга нисбатан 108 та жиноят ишлари мазмунан кўрилган аниқланди.

Шундан: Прокуратура тизимида 3 шахсни, ИИВ тизимида 4 шахсни, Адлия идораларида 2 шахсни, шу жумладан адвокатлар 2 шахсни, таълим муассасаларида 36 нафарни, шундан 3 нафари Олий таълим, 31 нафарини ҳалқ таълими, 2 нафарини мактабгача таълим, тиббий муассасаларда 16 шахсни, қурилиш соҳасида 16 шахсни, банк тизимида 4 шахсни, коммунал хизматда 7 шахсни, ўзини-ўзи бошқариш соҳасида 6 шахсни, бошқа соҳаларда 56 шахсни ва ишсизлар 14 шахсни ташкил этади.

Судлар томонидан 2021 йилда коррупция билан боғлиқ кўриб тамомланган жиноят ишлари бўйича судланган шахслар тоифаси, жинси, оилавий ахволи, муқаддам судланганлиги, соҳасини таҳлил қиладиган бўлсак;

  • Ёши бўйича: 30 ёшгача бўлган шахслар сони 15 нафарни,
    31-60 ёшгача бўлган шахслар сони 134 нафарни, 60 ёш ва ундан юқори ёшдагилар 5 нафарни ташкил этади;
  • Жинси бўйича: эркаклар 134 нафарни, аёллар 20 нафарни ташкил этади;
  • Оилавий ахволи бўйича: 145 нафари оилали, 9 нафари оиласиз;

Судланганлиги бўйича 16 нафари муқаддам судланган, шу жумладагн 10 нафари ушбу тоифадаги жиноятларни содир этганликлари учун судланган.

Жиноят содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар таҳлил қилинганда, 1 та ҳолатда Давлат харидлари билан боғлиқ қонун талабларига риоя қилинмаганлиги, 23 та ҳолатда айбланувчининг ижтимоий таъминланмаганлиги, 47 та ҳолатда ишга қабул қилишда мансабдорнинг (ходимнинг) шахси лозим даражада ўрганилмаганлиги, айбланувчининг малака даражаси етишмаслиги, 10 та ҳолатда давлат органларининг ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўйганлиги, 2 та ҳолатда давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибининг мавжуд эмаслиги, 76 ҳолатда тизимда иш фаолияти тўғри йўлга қўйилмаганлиги, соҳада бюрократик тўсиқларнинг мавжудлиги, 1 та ҳолатда иш ҳажмининг тўғри тақсимланмаганлиги, малакали хизмат кўрсатилмаслиги ва
11 та ҳолатда бошқа омиллар сабаб бўлганлиги аниқлади.

Бошқа омиллар таҳлил қилинганда, 1 та ҳолатда жавобгарликдан қутилиш мақсадида пора берилганлиги, 10 та ҳолатда қўшимча даромад олиш, моддий бойлик орттириш, моддий манфаатдорлик мақсадида содир этилганлиги аниқланди.

Қайд этилган жиноятларнинг келиб чиқишига асосий сабаблардан бири деб, Жиззах вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарияти томонидан соғлиқни сақлаш соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Президент фармонлари, Соғлиқни сақлаш вазирининг буйруқлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари талабларига риоя этилмаганлиги, жойлардаги соғлиқни сақлаш соҳаси вакилларини юриш-туришлари устидан идоравий назорат қониқарсиз даражада амалга оширилганлиги ва ўз ҳолига қўйиб юборилганлиги, ўз фаолиятида назоратсизлик ва қонунга итоаткорлик туйғусини унутган жойлардаги соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари эса ўз мансаб ваколатларидан қасддан фойдаланишганлиги, натижада Жиззах вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг жойлардаги тегишли мансабдор шахслари томонидан оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этилишига олиб келган кўринади.

Шу боис мазкур тақдимномада кўрсатилган қонунбузулишларни, хато ва камчиликларни зудлик билан бартараф этилиши, келгусида Жиззах вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг жойлардаги ходимлари томонидан қонунлар ва қонун ости ҳужжатларига қатъий амал қилишларини таъминлаш ва бошқарув фаолияти ва соғлиқни сақлаш соҳасида фуқароларга хизмат кўрсатишни ва ўз хизмат вазифасини виждонан бажаришига, ўз қасамиётларига содиқ қолишларига эришиш учун ушбу тақдимнома Жиззах вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва барча соғлиқни сақлаш соҳасининг раҳбар ҳамда ходимлари иштирокида муҳокама қилинди.

Очиқ мулоқот сўнгида коррупцияга қарши курашиш ҳозирги даврнинг энг долзарб вазифаларидан бири эканлиги таъкидланди. Шунингдек, коррупция тузоғига тушиб қолмаслик, унинг ҳар қандай кўринишларига қарши кескин курашиш, давлат хизматчиси деган номга доғ туширмаслик, хизмат вазифаларини ҳалоллик ва масъулият билан бажариш лозимлиги айтиб ўтилди.

Бу каби иллатга қарши курашишнинг бирдан бир йўли бу очиқлик ва шаффофлик, шунингдек, таҳлиллар ва жойлардаги суҳбатлардир.  Зеро, коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиздир.