ОИЛА — МУҚАДДАС ДАРГОҲ

Оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб, унинг фаровонлиги, тинч – тотувлиги юрт равнақини таъминлайди.
Давлатимиз томонидан кўп йилларни номланишида ҳам бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтириш учун замин ҳозирлади.
Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг туб илдизи оилалар фаровонлигини таъминлашга қаратилган.
Оила — муқаддас даргоҳ. Биргина шу муқаддас сўзининг оилага нисбатан ишлатилишида чуқур маъно ва моҳият мужассам. Зотан, миллатнинг эртанги кунига дастлаб оилада пойдевор қўйилади, унда ҳаётнинг давомийлигини таъминловчи соғлом авлод шаклланади, миллий маданият, урф-одатлар, ахлоқий-маънавий қадриятлар асраб-авайланади, жамият тараққиётининг иқтисодий фаровонлик ва маданий юксалишларига асос солинади, мустаҳкамланади. Инсонга хос бўлган чинакам ҳаётни, фаровон ва бахтли турмуш шароитини мана шу амалларсиз тасаввур этиб бўлмайди, албатта. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида инсон ва унинг манфаатлари устувор экан, биз кўзлаган мақсадларга эришишда ҳаётимизнинг таянчи ва суянчига айланган оиланинг ўрни бениҳоя каттадир.
Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ, мамлакатимизда оила манфаатларини ҳимоялашнинг ҳуқуқий, маънавий-ахлоқий асосларини умуминсоний ва миллий қадриятлар муштараклигида янада бойитиш, чуқур билимли, касб малакаси шаклланган маънавий ва жисмоний соғлом авлодни вояга етказиш борасида кенг қамровли ишлар бошлаб юборилди. Хусусан, Конституциямизда алоҳида бобда оиланинг ижтимоий мақоми аниқ белгиланди. Оила, Фуқаролик, Уй-жой кодекслари, бошқа қонун ҳужжатларида оилавий муносабатларнинг азалий қадриятлари ўз ифодасини топди.
Жамиятнинг муҳим бўғини бўлган оилани мустаҳкамлаш, юртимиздаги маънавий ўзгаришлар асосида ривожлантириш, нуфузини оширишга доир режалаштирилган дастурларни бажаришда жамиятнинг барча соҳалари, айниқса, суд ва судьялар ҳам фаол иштирок этмоқда. Жумладан судьялар томонидан маҳалла ва турли ташкилотларда семинар машғулотлар ўтказилиб оиланинг қанчалик муқаддаслиги давлатимиз томонидан оиланинг ҳуқуқларини ҳимояси юқорилиги, унинг мустақиллиги учун яратилган имкониятлар тушунтирилиб ажрашиши ёқасига келиб қолганларини яраштириш чоралари кўриб келинмоқда.
Бугун мустаҳкам оилани шакллантиришда маҳалла қошида фаолият юритаётган яраштириш комиссияси аъзолари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси мутасаддилари, Ёшлар иттифоқи вакиллар зиммасида масъулият катта. Улар фаолиятларида асосий эътиборни аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида маънавий-ахлоқий тарбия ишларини олиб бориш, оилаларнинг ижтимоий-маънавий аҳволини ўрганиш, нотинч оилаларни ўз вақтида аниқлаб, улар билан якка тартибда ишлаш, хотин-қизларни фойдали меҳнатга жалб этиш, миллий қадриятларимизни тарғиб этадиган тадбирлар уюштиришдек масъулиятли вазифаларни изчил амалга оширишга қаратиб келаётир.
Шубҳасиз, оила мустаҳкамлигининг асосий омилларидан бири унинг қонуний ва меҳр-муҳаббат асосида қурилганидир. Шу боис, оилалар билан якка тартибда суҳбат олиб бориш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда маҳалла раисининг ўринбосарлари ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилаётган тадбирлар яхши самара бермоқда. Хусусан, судлар, прокуратура, хотин-қизлар қўмитаси, ФҲДЁ бўлимлари ва оилавий поликлиникалар ҳамкорлигида аҳоли ўртасида оила ва никоҳ муносабатларининг қонунийлигини таъминлаш, ёшларни турмушга тайёрлаш, никоҳдан аввал тиббий кўрикдан ўтказишга бағишланган турли маънавий-маърифий тадбирлар уюштирилаётир. Бундай тадбир ва тарғиботлар ёшларнинг мустаҳкам оила қуришларига, келажакда соғлом авлодни дунёга келишига замин яратади.
Оила мустақил ижтимоий институт сифатида шаклланганидан бошлаб, то истиқлол давримизгача кўп қиррали ва мураккаб йўлни босиб ўтди. Ҳар бир тарихий даврда оила аъзоларининг ўзаро муносабатлари хилма-хил мазмун билан бойиб борди ҳамда оила тарихнинг чигалли синовларидан омон ўтиб, жамиятнинг негизи сифатидаги хусусиятини сақлаб қолди.
Дарҳақиқат, ҳеч бир давлатда оилага эътибор давлат даражасида бизнинг давлатимиздек нуфузга эга эмас. Шунинг учун буни қадрига етмоқлик, ана шу эътиборни ўз нуқтаи назаридан келиб чиқиб ҳаётга тадбиқ этмоқлик зарур. Бунинг учун барчамиз бу эзгу ишларга масъулиятимизни унутмаслигимиз керак.

Жиззах вилоят судининг Ахборот хизмати