ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИ СУДИДА УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ ҲАМДА МАЪНАВИЯТ ВА МАДАНИЯТ ТАДБИРЛАРИ ЎТКАЗИЛДИ

Китоб, театр – инсон маънавияти ва дунёқарашини юксалтиришда муҳим ўрин тутади. Юксак маънавиятли инсонгина жамиятдагиларга фойдаси тегади.

Шу маънода Жиззах вилояти суди ташаббуси билан судья ва суд аппарати ходимларининг билим ва маънавиятини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш мақсадида мунтазам маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиб келинмоқда.

Жиззах вилоят суди раисининг ўринбосари Р.Орзиқулов раислигида видеоконфренцалоқа режимида ўтказилган тадбирда вилоят суди судьялари, туманлараро, туман, шаҳар судлари раислари, судьялари, суд аппарати ходимлари иштирок этишди.

Мазкур тадбирга Жиззах вилоят Туризм бошқармаси бўлим бошлиғи Ф.Қўшоқов ҳамда суд фахрийлари таклиф этилди.

Дастлаб Жиззах вилоят Туризм бошқармаси бўлим бошлиғи Ф.Қўшоқов сўзга чиқиб, слайдлар орқали Жиззах вилоятидаги туристик объектлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Судья ҳамда суд аппарати ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассисдан атрофлича жавоблар олишди.

Шундан сўнг, Жиззах вилоят судининг судья катта ёрдамчиси Саитхонов Аваз томонидан Саид Аҳмаднинг “Жимжитлик” романининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.

Шунингдек, Жиззах вилоят судининг судья катта ёрдамчиси Холматова Ирода атоқли шоир ва саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва адабий фаолиятига тўхталиб, унинг ғазалларидан ўқиб берди.

Театр бу – ҳаёт кўзгуси, ибрат маскани ҳисобланади. Шу куни Жиззах вилояти судларининг фахрийлари, судья ва суд аппарати ходимлари оила-аъзолари билан Юнус Ражабий номидаги Жиззах вилоят мусиқали драма театрида бўлиб, «Ҳайрат ул-аброр» спектаклини томоша қилдилар. Ғазал мулкининг султони Мир Алишер Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» асари — Ҳазрат Навоийнинг замондошлари ва авлодларга қолдирган буюк адабий меросидир. Спектаклда акс этган имон, саҳоват, қаноат, вафо, тўғрилик каби эзгу фазилатлар суд фахрийлари, судья ва суд аппарати ходимларига ўзгача маънавий завқ бағишлади.

Вилоят суди томонидан ташкил этилган маданият ва маърифат тадбирлари судья ва суд аппарати ходимларининг маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобга, театрга бўлган иштиёқини оширишда муҳим аҳамият касб этди.